ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Очиқча товламачилик

2023 йилнинг айни жазирамаси. Шомдан кейин  ҳарорат сал пасаяди. Аксарият одамлар  бу вақтда салқин ҳаводан нафас олгани чиқишади. Мурод эса бошқа ниятда кўчага йўл олди. Чилонзор метро  бекати олдида куймалана-куймалана, дарахтлар соясида  “Redmi Note 10”  уяли телефонида гаплашиб турган Жўрабойнинг олдида ўралаша бошлади. У суҳбатини тугатиши биланоқ очиқдан очиқ  талончилик йўлига ўтиб, қўлидан телефонни тортиб олди. Афанди  боғда ўғирлик қилиб қўлга тушгач, нега ўғирлик қилдинг, деб сўраган боғ эгасига “нега хотинингга кавуш олиб бермадинг”, деганидек, ҳеч нарсадан хабари йўқ одамга “нега менга ҳурматсизлик қилдинг”,  дея  икки-уч марта юзига  шапалоқ тортди. Жабрланувчининг телефонини қайтариш ҳақидаги  сўровларига пул берса, қайтаришини айтди. Жўрабой ёнида пул йўқлигини айтганда, телефон аппаратига ўрнатилган илова орқали  пластик картаси ҳисобида 1 317 000 сўм борлигидан хабар топиб,  пулни ўтказиб бермаса кимларнидир, қаерлардадир кўришини шаъма қилиб қўрқита бошлади. Калтак еб, майиб бўлиб қолишдан қўрққан Жўрабой, дастлаб 550 минг сўм сўнгра унинг тазйиқи остида яна 70 минг сўм пул ўтказишга мажбур бўлди.  Мурод қилган ишидан мамнун ҳолда, телефонни эгасининг  башарасига ирғитганча тун қаърига шўнғиди. Жўрабой фурсатни бой бермай, Чилонзор тумани ички ишлар идораларига мурожаат қилди.– Икки нафар фарзандли, ёши қирқларга яқинлашган Муроднинг тўрт маротаба судланишига қарамай, тегишли хулоса чиқармагани ачинарли ҳолдир, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ  ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. – Фарзандлари, оиласи учун нақадар уятли ҳолат.  Қолаверса, қўни-қўшни, яқинларидан ҳам. Аммо жиноятга мойил, белини букмай пул топишни ният қилган одамдан нимани кутиш мумкин?!Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси билан айбланган Муродга тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Энди у фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш ўрнига, ўзини тарбиялашига тўғри келади.

3 Июл 2024 йил

71

Жиловланмаган нафс

Кишининг табиатида  очкўзлик, нопоклик бўлса, иродаси мустаҳкам бўлмаса, охири нафси ғолиб чиқиб, ўзини кўрсатиши аниқ экан. Омад чопиб  Дониёр  масъулияти чекланган жамиятга урфда бўлган менежер лавозимига қабул қилинди. Мазкур жамият  йигирмадан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида қишлоқ хўжалик техникаларини етказиб бериш борасида фаолият юритишини ҳисобга олсак, унинг имкониятларини, айниқса  молиявий  имкониятларини тасаввур қилиш қийин эмас.  2022 йилнинг октябрь-декабрь ойларида шундай хўжаликлар томонидан  катта миқдордаги 246 829 299 сўм тўловлар тақдим этилади. Бундай катта суммани кўрган Дониёрнинг юрагининг қайсидир четида ғимирлаб қолган  нафси жунбушга келди. Унинг тинчи йўқолди. Қандай қилса, бу пуллар унинг чўнтагига тушаркан-а?! Ўйлай-ўйлай,  чорасини топди. Пулларни корхонанинг ҳисоб рақамига кирим қилмай, ўзининг шахсий пластик картасига  туширишга эришди. Виждони қийналмай, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди. Октябрь ойида бирламчи тўлов сифатида тўланган 12 698 000  сўмни ўзлаштириш мақсадида, компьютер имкониятларидан  фойдаланган ҳолда, “нақд пул кўринишида тўлов” деган ёзувларни киритиб, пул топширган Эгамқулга сохта ҳужжат берди. Иштаҳаси ҳакалак отган Дониёр корхонага тегишли бўлган  пулларни ўзиники деб ҳаёл қилдими ёки жавобгарликни бутунлай унутиб қўйдими, фермер хўжалиги раҳбари Сарварни алдаб,  қарздорлик бартараф этилмаган дея, 9 651 000 сўмини фириб йўли билан ўзлаштириб, буни ҳам  ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди. Бироқ хўжалик раҳбарлари у ўйлаганчалик пулнинг ҳисобини билмайдиган, пул оқиб келадиган ўзан бошида ўтирганлардан эмас эди. Пул топшириб ҳам хўжалик учун ҳаводек зарур техникаларини ололмаган  раҳбарлар ички ишлар органларига мурожаат қилишди.– Олий маълумотли, икки нафар  фарзандли, оқ-қорани таниган ёшда бўлган Дониёрнинг  қилмишини оқлаб бўлмайди, – дейди  Миробод тумани ИИО ФМБ  ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Даврон Маҳкамов. – Мана шу тушган пуллардан жамият ишчиларига маош берилади, шарт-шароитлар яратилади ва корхона фаолиятини юритиш чоралари кўрилади. Бироқ Дониёр фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлади.Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқни лозим топдик. Ҳузур-ҳаловат ўзгалар ҳақига хиёнат, қонунни бузиш, ишхона мулкини  талон-тарож қилиш эвазига бўлмаслиги керак.Терговчи томонидан жиноят иши ҳар томонлама тўлиқ ва холисона олиб борилиб, айбдорнинг ҳаракатлари тўғри  малакаланиб, тегишли маҳкамаларга топширилишига эришилди.Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Ўзбекистон Республикаси  Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбли деб топилган Дониёрга етказилган моддий зарар қопланганлигини инобатга олиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда  икки  йилга  ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

3 Июл 2024 йил

68

Арзоннинг “сеҳри”

Исталган буюмнинг ўз нархидан бир неча маротаба арзон нархини айтсанг, аксарият одамлар дарров харидор бўлишади.  Буюмнинг ўғирланган бўлиши ёки “ҳожатбарор” алдаб, чув туширмоқчи эканлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Аммо “арзон”деган сўзнинг сеҳри бўлакча. Эшитган қулоқнинг ақлу идрокини кишанлаб, карахт қилиб қўяди. Фирибгарларнинг энг синалган усулларидан бири ана шу.Бекзод 2022 йилда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан фирибгарлик жинояти учун 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинганига қарамай, енгил бойлик орттириш мақсадида яна жиноятга қўл урди.Қаҳрамонимиз 2023 йилнинг январида  Феруза исмли аёл билан танишиб, суҳбатлашиб қолди. Аслида мақсади аёлни фириб қармоғига илинтириш бўлган Бекзод ўзини уяли алоқа  компанияларидан бирида ишлашини, истаса “9999” рақамини олиб беришини таклиф қилди. Феруза 300.000 сўмни санаб берди. Бир неча кун ўтиб, Бекзод  аёлга учрашишни таклиф қилди. Юқоридаги рақам сим-картасини олиб келган деган ўйда хурсанд бўлган Феруза  ясан-тусан қилиб чиқди. Бекзод аёлдан мулойимлик билан шахсий турмуши ҳақида сўради. Бекзоднинг ғамхўрлигидан таъсирланган аёл телефон рақамини сўрашни ҳам унутди. Феруза фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялаётгани, тор хонадонда тиқилиб яшаётгани, топган пули ижарага аранг етаётганидан ёзғирди. “Олижаноб фирибгар” унга “самимий” ачиниб, ҳаётда номард эркаклар кўплиги, фарзандларни  тақдирини ўйламай, ўз кайф-сафосини ўйлайдиганлардан нафратланишини, таниш-билишлари орқали Сергели туманидан субсидияга арзон уй олаётганини, истаса унга ҳам олиб бериши мумкинлигини айтиб ўтди. Фарзандлари билан ижарама-ижара яшаб юрган Феруза учун бу кутилмаган “бахт” эди. Бошланғич тўловнинг 1700 АҚШ доллари эканлиги эса икки карра бахт эди. Феруза таниш-билишларидан пул йиғиб ўз хоҳиши билан унинг қўлига тутқазди. Орадан икки ҳафта ўтиб, Бекзод аёлга телефон қилди. Тезда 3.200 АҚШ доллари топмаса пули куйиб кетишини айтди. Аслида уйи куйиб кетаётганини сезмаган  аёл яна таниш-билишларига илтимос билан мурожаат  қилди. Банкдан микроқарз олиб унга 500 АҚШ доллари тутқазди.  Эртаси яна 400  АҚШ доллари берди. Шунда ҳам кўзи очилмаган аёл икки миллион сўмни фирибгарнинг пластик картасига ўтказди. Иштаҳаси очилган “мард” яна 3.200 доллар тўласа, уйнинг калити қўлида эканлигига ишонтирмоқчи бўлди. Аммо аёл орзусига етай-етай деганда, шунча пул еру кўкдан топилмади. Феруза ҳарчанд уринмасин, танишма-таниш, уйма-уй юриб пул қидирмасин пул топа олмади. Берилган муддат тугади. Тушкунликка тушган, бўлажак уйини тушларида кўриб, ширин хаёллар оғушида юрган Ферузанинг умидлари чилпарчин бўлди. Йиғлай-йиғлай, арзон уйдан умидини узиб, “нажот париси” бўлган Бекзоддан илгари берган пулларини қайтаришини сўради. Томоша шундан сўнг бошланди. “Олижаноб”ликдан асари ҳам йўқ  муттаҳам телефонини кўтармай, қочиб юришга ўтди. Аввал қарз сўраб  ковушини йиртган аёл энди фирибгарни излаб, ялангоёқ  қолганини фаҳмлади. Феруза ички ишлар идораларига мурожаат қилди.– Тергов давомида Бекзод юк ташиш билан шуғулланувчи Д.Султонбекни ҳам чув туширгани аниқланди. У ўзини давлат ташкилотида ишлашини айтиб ҳайдовчини ишонтирган. Беминнат “ҳожатбарор”  “Мерседес-Бенс-Атиго” оғир юк автомашинасига  қайта жиҳозлаш сифатида юк ортувчи мослама қўйишда ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 1400 АҚШ доллари олиб қорасини кўрсатмай кетган, –дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси, лейтенант Акбаршоҳ Нормуродов. – Илгари ҳам уч маротаба фирибгарлик жинояти билан судланган, рецидивист деб топилган Бекзод панжара ортида ўтириб ҳам тегишли хулоса  чиқармаган экан.Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан Бекзод Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 28, 211-моддаси айбли деб топилиб, 60-61 моддалари тартибида Бекзодга беш йилу икки ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

3 Июл 2024 йил

67

Раҳбар ва ёшлар учрашиви – очиқлик ва самимийлик

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов пойтахт ИИББ тизимида ишловчи ёш ходимлар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган учрашувда пойтахт ИИББ бошлиғи А.Ташпулатов юртимизда ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бу юртимиз ёшларининг мамлакатимиз равнақи ва юксалиши, фуқароларнинг фаровон турмуш, муносиб ҳаётга эга бўлиши, жаҳондаги илғор жамиятлар сафидан ўрин олиши каби мақсадларни ҳаётга татбиқ этишдаги ўрни ва роли залворли эканлигининг эътирофи бўлди.Ёшларга бўлаётган бу каби эътибор ИИО тизимидаги ёш ходимларни ҳам четлаб ўтмади.  Тошкент шаҳар ИИББ да хизмат олиб бораётган ёшлар орасида 13 нафар Республика чемпионлари, 5 нафар Халқаро турнир ва мусобақалар совриндорлари, 4 нафар Қитъа чемпионлари, 10 нафар Жаҳон чемпионлари ҳисобланган ёш ходимларимиз борлиги, улар мамлакатимиз байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтариб келаётгани фахримиз эканлигини таъкидлаб ўтди А.Ташпулатов.Шу билан бирга тадбирда ёш ходимлар орасида қонунчилик ва хизмат интизомини бузиш ҳолатлари содир этилаётганлиги танқидий руҳда кўриб чиқилди.Шундан сўнг, тизимда ўз меҳнати ва эришган ютуқлари билан барчага ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ёшларга фахрий ёрлиқлар топширилди. Кўп йиллар давомида ИИО тизимида меҳнат қилиб, пенсия ёшига етган ходимлар тантанали равишда нафақага кузатилди.Тадбирнинг кейинги қисмида ёш ходимлар ва ИИББ бошлиғининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда ёшлар ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини, муаммоларини бош бошқарма бошлиғига билдиришди. Ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб ечимини топиш, хизматга оид таклифларини, фикр ва мулоҳазаларини инобатга олиниб келгуси хизмат фаолият учун зарур чора-тадбирларни белгилаб олинди.

2 Июл 2024 йил

232

Интерактив хизматлар

Text to speech