ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

РАСМИЙ АХБОРОТ

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Демократ.уз” интернет нашри раҳбари Меҳмонов Фазлидинхон Асатиллохон ўғли ва блогерлик фаолиятини юритувчи Ғоипназаров Азиз Абдулла ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Маълум бўлишича, 2025 йилнинг 15 декабрь куни Гумонланувчи Ғоипназаров, Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирини фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг «Демократ.уз» интернет нашри раҳбари Меҳмонов, Ғоипназаровлар томонидан тайёрланган видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани ОАВда жойламаслик эвазига, товламачилик йўли билан жабрланувчидан жами 50.000 АҚШ доллари талаб қилган. Меҳмонов жабрланувчидан, жорий йилнинг 29 январь куни 3 минг АҚШ долларини олиб, сўнг, жорий йилнинг 10 февраль куни 17.000 АҚШ долларни олаётган вақтида, жиноят устида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Ҳурматли фуқаролар, агар сиз мазкур шахсларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз, энг яқин Ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

12 Феврал 2026 йил

54

Яккасарой туман ҳокимлигида ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган кибержиноятлар, уларнинг олдини олиш ва профилактика чораларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Яккасарой туман ҳокимининг ўринбосарлари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда туман ҳокимлигининг раҳбар ходимлари иштирок этдилар. Семинар давомида бугунги кунда кенг тарқалаётган кибержиноят турлари, хусусан, интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, банк карталари билан боғлиқ жиноятлар ва ижтимоий тармоқлардаги хавфлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида рақамли маданиятни ошириш, киберхавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва огоҳликни кучайтириш бўйича амалий тавсиялар билдирилди. Таъкидланганидек, кибержиноятларнинг олдини олишда давлат органлари билан бир қаторда ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти ва ҳушёрлиги муҳим аҳамият касб этади. Фақат ҳамкорлик ва тизимли профилактика орқали ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш мумкин. © Яккасарой туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

11 Феврал 2026 йил

138

Тошкент шаҳрида ички ишлар ва прокуратура органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини ўқитиш, билим ва малакасини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари А. Усманов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Р. Ашропов ва Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А. Урманов бошчилигида ўтказилган семинар-машғулотида 2025 йилда судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417 (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) моддалари тартибидаги ажримлар таҳлили муҳокама қилинди. Олий суд судьялари И. Раҳмонқулов ва Э. Турғунбоев томонидан тергов (суриштирув) органлари ходимларининг эътибори ўз фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга қаратилиб, келгусида уларни такрорланишига йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга қаратилган конституциявий нормаларга оғишмай амал қилиш тергов органлари ва судларнинг олдида турган умумий асосий вазифа эканлиги таъкидланди. Мазкур семинарда маърузачилар томонидан берилган маълумотлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди, берилган саволларга атрофлича жавоблар берилиб, тергов сифатини янада яхшилаш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди. Семинар сўнгида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. © Тошкент шаҳар судлари | Расмий канал

11 Феврал 2026 йил

431

Интерактив хизматлар

Text to speech