Учтепа туманида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майлор Азиз Ташпулатов билан бўлиб ўтган учрашувда туман ҳокими Фарход Абдуллаев ва ИИО ФМБ бошлиғи полковник Сайфулло Аҳмедов иштирок этдилар. Учрашувга ёш йигит ва қизлар, ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари келишди. Тадбирда ички ишлар органлари ҳисобида турувчи ёшлар, ишга жойлашишга муҳтожлар, тадбиркорлик билан шуғулланишни орзу қилувчи ёшлар ва бошқа пойтахт ИИББ бошлиғига савол билан мурожаат қилмоқчи бўлганлар қатнашишди.

Генерал-майор А. Ташпулатов Учтепа тумани Маданият саройида тўпланганлар қаршисида сўзга чиқиб, ёшларни таълимга, янги билим ўзлаштиришга ва спортга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Давлат раҳбарияти ўсиб келаётган авлодга катта эътибор қаратаётгани, вояга етмаганлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича барча чора кўраётгани қайд этилди. Президент томонидан жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши ёшларга бўлган эътибор ошаётганидан далолатдир. Йигит ва қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ўсиб келаётган авлод орасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилишда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари фаол иштирок этишмоқда.

Пойтахт ИИББ бошлиғи билан бўлиб ўтган учрашув очиқ суҳбат тарзида ўтиб, Бош бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиб томонидан нафақат ўсмир ва ёшлар орасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўйича, балки ёшлар тарбияси, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётганини кўрсатди.

Учрашув иштирокчилари томонидан мурожаатлар ва саволлар берилди, таклифлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назоратига олинди. Масъул шахсларга масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. Тадбирда турли хил хизмат вакиллари иштирок этгани сабабли кўплаб муаммолар жойда ҳал этилди.

Тадбир давомида уйда ишлашни орзу қилган икки фарзанд онаси Малика Абдуллаевага тикув машинаси топширилди.

Шунингдек Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинишини 26 ёил кутган Шоира Нурматовага ва 16 ёшга тўлган тўрт нафар йигит ва битта қизга тантанали равишда ID-карталар топширилди.

Ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси ўз навбатида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига ўз ижоди маҳсулини ҳадя қилди.