ИИББ ходимлари босқинчиликда гумонланувчи шахсларни қўлга олишди

15-сентябрь куни соат 00.30 да Юнусобод туманида уч нафар номаълум шахслар турар-жой биносининг деворидан ошиб ўтиб, ётоқхонадаги стол устидан нархи 1 000 000 сўм бўлган иккита мобиль телефонларни ўғирлашган.

Ўғрилар уйни тарк этмоқчи бўлганларида, уйнинг эгаси 55 ёшли Ҳаким К. уйғониб кетиб, уларни қўлга олишга уринган. Номаълум шахслар унга тан шикастлари етказиб, воқеа жойини тарк этишган.

Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси ("Босқинчилик") бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Кўрилган чоралар жараёнида, ушбу жиноятни содир этганликда гумонланувчи сифатида 30 ёшли Сарвар Б., 34 ёшли Хуршид У. ва 38 ёшли Алижон У.лар қўлга олиндилар.

Ҳамшаҳарларимизга мурожаат қилмоқчимиз. Агар уйингизда номаълум шахслар борлигини пайқаган бўлсангиз, улар билан баҳслашиб ўтирманг. Уларга ўзингизни сездирмасликка ҳаракат қилинг ва дарҳол 102 рақамига турар жойингиз ва муаммоингизни маълум қилинг. Бу каби ҳолларда ички ишлар органлари ходимлари – муаммонинг энг афзал ечимидир.