Олмазор туманида хорижий валютанинг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланганликда гумонланувчи шахслар қўлга олиндилар

2019 йил 5 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга келиб тушган хабарга кўра, ўзини Нуриддин деб таништирган шахс аёл кишига бир АҚШ долларини бозорнинг “қора” курси бўйича 8500 сўмдан алмаштиришни таклиф қилган. 

Тошкент шаҳар ИИББ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимларининг ҳамкорлигида олиб борилган тадбирлар натижасида, хорижий валютанинг ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда гумонланувчи 34 ёшли Аброр О. (илгари ўзини Нуриддин деб таништирган), Рамиз А. ва 27 ёшли Нуриддин С.лар 10 минг АҚШ долларига тенг бўлган қийматдаги пулни (бир доллар эвазига 8500 сўм курси бўйича) алиштириб бериш жараёнида қўлга олиндилар.

Мазкур ҳолат бўйича тўпланган маълумотлар Тошкент шаҳар ИИББ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига йўналтирилди. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177 моддаси 2 қисми (“Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ҳурматли фуқаролар! Огоҳ бўлинг, хорижий валютани ноқонуний йўл билан алиштирманг. Валютани конвертиция қилиш учун банкларнинг расмий офисларига мурожаат қилишингиз мумкин.