ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Сергели туманида бўлиб ўтди

Пойтахт аҳолиси мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий, шахсий, оилавий турмуш ҳаётларида пайдо бўлган муаммо ва саволларига қонуний жавоб бериш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Сергели туманида жойлашган “PDP University” биносида ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, ИИББ раҳбарияти томонидан туманларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши фуқаролар учун катта қулайликлар яратиш баробарида аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳолбуки, улар орасида ёши улуғлар, бемор ва ёлғизлар ҳам аксариятни ташкил этади. Навбатдаги сайёр қабул Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топишга қаратилди. Қабул давомида ўрганиб чиқилган мурожаатлар ички ишлар органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган мурожаатларни, хусусан: терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, кадрлар масалалари билан боғлиқ, светофор ва йўл белгиларини ўрнатиш кабиларни ташкил этди. Қабулга ташриф буюрган шахслар учун тегишли қулайликлар ва шароитлар яратилгани, ҳар бир мурожаатга эътибор билан ёндашув қабулнинг тартибли ва кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади.

21 Декабр 2025 йил

83

Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати делегацияси Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги Ахборот ва тарғибот департаменти фаолияти билан яқиндан танишди ва тажриба алмашди

Расмий ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Ахборот ва тарғибот департаменти билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ахборот сиёсати ва стратегик коммуникациялар соҳасида профессионал ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда тажриба алмашишга қаратилди. Ташриф давомида делегация ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Медиа-марказига ташриф буюрди. Бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ахборот жиҳатдан таъминлашнинг комплекс тизими тақдим этилди. Иштирокчилар оммавий ахборот воситалари билан ишлашни мувофиқлаштириш механизмлари, жамоатчиликни тезкор хабардор қилиш тамойиллари, шунингдек, идора фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда рақамли технологиялар ҳамда мультимедиа платформаларидан фойдаланиш тажрибаси билан танишдилар. Ишчи йиғилиш давомида дезинформацияга қарши курашиш, инқирозли вазиятларда ягона коммуникация стратегиясини шакллантириш, шунингдек, матбуот хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ахборот фаолиятини замонавий медиа-трендлар ва рақамли муҳит чақириқларига мослаштириш бўйича фикр алмашдилар. Ташриф дастурининг давоми сифатида Нанкин шаҳри Жамоат хавфсизлиги бошқармасининг Ахборот ва тарғибот департаментига ташриф амалга оширилди. Делегацияга аҳоли билан ахборот алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳудудий амалиётлар, маҳаллий ОАВ ва ижтимоий платформалар билан ишлаш моделлари, шунингдек, жамоатчилик билан мулоқот самарадорлигини оширишга қаратилган рақамли хизматларни жорий этиш тажрибаси тақдим этилди. Шунингдек, ташриф иштирокчилари Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдони ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ҳамкорлик платформасига ташриф буюрдилар. Учрашув давомида ҳудудлараро ва идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда ахборот таъминотининг ўрни, шунингдек, қўшма медиапроектлар ва ахборот ташаббусларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўтказилган учрашувлар якунида томонлар ахборот, коммуникация ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида профессионал мулоқотни янада ривожлантириш, тизимли тажриба алмашиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро манфаатдорликларини тасдиқладилар. Замонавий глобал чақириқлар шароитида ахборот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

20 Декабр 2025 йил

66

Сайёр қабул

"Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири муносабати билан Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи полковник М.М.Вафоевнинг навбатдаги Сайёр қабули ўтказилди. Халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, борасида сайёр қабуллар ташкил этиш орқали аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, айниқса, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида бартараф этиш юзасидан амалий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Қабулда Пробация хизмати ҳисобида турган маҳкумларнинг ҳам мурожаатлари эшитилиб, улар томонидан кўтарилган масалалар кўриб чиқилди. Қабул жараёнида турли масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу масалалардан 4 таси жойида ижобий ҳал этилди, 3 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 4 таси бўйича тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга йўналтирилди.

20 Декабр 2025 йил

41

Ватан ҳимоячилари ўртасида қўл жанги чемпионати: куч, маҳорат ва ҳамжиҳатлик синови

“14 январь — Ватан ҳимоячилари куни“ ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган қўл жанги бўйича идоралараро турнир бўлиб ўтди Спорт – ватан ҳимоячисининг чинакам ҳамроҳи, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, тезкорлик ва ҳамжиҳатликни таъминловчи куч. Ҳар йили декабрь ойининг сўнгида Қуроли Кучлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида “Қўл жанги” чемпионати ўтказилиши анъанага айланган. Жорий йилнинг 19 декабрь куни пойтахтимиздаги Юнусобод спорт мажмуасида ташкил этилган навбатдаги мусобақага Ички ишлар вазирлиги мезбонлик қилди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва қаҳрамон ходимлар хотирасига бағишлаб ўтказилган чемпионатни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов очиб берди. Давлатимиз раҳбари томонидан спортга қаратилаётган юксак эътибор, атлетларимизнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган юқори натижалари, аҳолини соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт турларига жалб этиш бўйича эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади. Шунингдек, Қўл жанги федерацияси раиси-Миллий гвардия қўмондони Рустам Джураев навбатдаги мусобақанинг кўтаринки руҳиятда ўтаётгани, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари спортчи ходимларидан иборат жамоаларнинг турнирга муносабати йилдан-йилга юқорилаб, ўзаро қизғин курашларга бой бўлаётганлигини таъкидлаб ўтди. Чиндан ҳам мусобақада иштирок этган ҳар бир спортчи нафақат ўз номи балки хизмат қилаётган тузилмаси шаъни учун ҳам бор маҳоратини намоён этди. Эркаклар ўртасидаги жанглар 8 вазн тоифасида ўтказилди ва унда етти жамоа вакиллари ғолиблик учун кураш олиб боришди. Иштирокчиларининг тезкорлиги, аниқ ҳаракатлари, шиддат ва бардошини синовдан ўтказган саралаш баҳсларидан сўнг, энг кучли ва маҳоратлилар финал босқичида юзма-юз келди. Айрим жангларда тажриба яна ўз сўзини айтган бўлса, айримларида томошабинлар мусобақанинг янги қиёфаларини кашф этишди. Бу йилги мусобақаларда қизлар ўртасидаги жанглар ҳам мухлис ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Олти вазн тоифасида беллашган қизлар қўл жангининг ўзига хос жиҳатларини кўрсатиб беришди. Чемпионатнинг якуний натижаларига кўра, умумий ҳисобда 3-ўринни Мудофаа вазирлиги ва Президент давлат хавфсизлик хизмати жамоалари, 2-ўринни Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси қўлга киритди. Саккиз вазн тоифасида финалга қадар етиб борган ва тўрт вазн тоифасида биринчи ўринга сазовор бўлган Ички ишлар вазирлиги жамоаси эса фахрли биринчи ўринни эгаллаган ҳолда мусобақа ғолиби деб эълон қилинди. Шу тариқа Ички ишлар вазирлиги мусобақа байроғини Давлат Божхона қўмитасига топширди.

20 Декабр 2025 йил

59

Интерактив хизматлар

Text to speech