ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Ўтган йилнинг ўзида 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уй барпо этилди. Жон бошига уй-жой ҳажми 19 квадрат метрдан ошди (2020 йилда 16 квадрат метр бўлган). Умуман, 2024 йили юртимизда 21,4 миллион квадрат метр турар жой ва 19,1 миллион квадрат метр нотурар объектлар, жами 40,5 миллион квадрат метр бино-иншоот қурилди. Ўтган йилда қурилган 100 минг хонадон ҳисобига пудратчилар, бошқарув ва сервис, қурилиш материаллари, транспорт каби соҳаларда 350 минг одам ишли бўлди. Мебель, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари соҳаларида қўшимча 11 триллион сўмлик бозор пайдо бўлди. Қурилишни рағбатлантириш учун 2024 йилда 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилди, қурувчи ва девелоперларга айланма учун жами 3 триллион сўм маблағ берилди. Шу боис давлатимиз раҳбари ҳокимлар уй-жой қурилишига фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи деб эмас, балки ҳудудини иқтисодий ривожланишида асосий “драйвер” сифатида қараши зарурлигини таъкидлади. Йиғилишда ҳамма ҳокимлар ҳам қурилишнинг иқтисодиётимиз учун, аҳоли фаровонлиги учун қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўтган йили уй-жой қурилишида Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Самарқандда ишлар яхши ташкил қилингани айтилди. Лекин “Янги Ўзбекистон” массивларидаги ишларнинг бориши қониқарсиз экани қайд этилди. Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда эса инфратузилма ва қурувчилар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоразмда 98 та, Бухорода 65 та, Жиззахда 19 та, Навоийда 12 та аукционда сотиб олинган ерда қурилиш бошланмаган. Баъзи хонадонлар аҳоли ва инфратузилмадан узоқ, талаб бўлмаган жойда қурилгани учун бир йилдан бери сотилмаяпти. “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди. Энди “Янги Ўзбекистон” массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади. Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади. Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади. Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади. Йиғилишда таъкидланганидек, девелоперлар томонидан объектнинг 50 фоизи қурилганда, фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотекаси учун ҳам татбиқ этилади. Қурувчи ташкилотлар қурилишни бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди. “Янги Ўзбекистон” массиви учун берилган ерларнинг 10 фоизи девелоперларга тижорат биноларини қуриши учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади. Бу уйларни пастки қаватида хусусий боғча ташкил қилишга рухсат берилиши, улар мулк солиғидан ҳам озод қилиниши таъкидланди. Ҳокимларга бу массивларга кўчиб келадиган аҳолининг талабини ҳисобга олиб пастки қаватларда боғча ташкил қилишни бошлаш топширилди. Мамлакатимизда 2030 йилгача камида 100 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш режа қилинган. Янги массивлар учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади. Жорий йил “Янги Ўзбекистон” массивлари инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм берилади. Ҳозир “Янги Ўзбекистон” массиви учун масъул ягона ташкилот бўлмагани учун, ер қаердан ажратилади, инфратузилма қандай бўлади, қаерга дарахт экилади, суғориш ва дренаж тизими қанақа ўтказилади, деган саволларга жавоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, бу ишларни ташкиллаштириш учун “Ўз уйим” компанияси ташкил қилинади. Ушбу компания “Янги Ўзбекистон” массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади. Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилиб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди. Ўтказилган мулоқотларда девелоперларнинг кўпчилиги ер олиш, кредит, қурилишга рухсат, инфратузилма, фойдаланишга топшириш, уйларни сотиш билан боғлиқ масалаларни кўтарган. Мисол учун, ўтган йили 5 минг хонадонли 150 та кўп қаватли уй айланма маблағ етмагани учун битмай қолган. Бу борада банкларнинг хориждан жалб қилинган маблағдан 310 миллион долларни қурувчиларга айланма учун бериш таклифи маъқулланди. 18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турибди. Мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ҳар бир ҳолатни ўрганиб, масаланинг ечими бўйича Ҳукуматга таклиф киритиш топширилди. Бу йил 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги қайд этилди. Марказий ва ички кўчаларни ёритишда исрофгарчиликни қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Ҳудудларда лифтларни қабул қилиш 2-3 ойга чўзилаётгани сабабли ҳар бир вилоятда камида 2 тадан бригада ташкил қилиш, 20 нафардан аҳолини лифтларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга ўқитиш вазифаси қўйилди. Мамлакатимизда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам, даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган. Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ”, деган важ билан кредит ва субсидия берилмаяпти. Мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқароларимиз даромадини ҳисобга оладиган тизим яратиш топширилди. Йиғилишда фойдаланишга топширилган уйлар бўйича ҳам эътирозлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Охирги икки йилда уй-жой қурилиши бўйича 5,5 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланган. Хусусан, 88 та ҳолатда пудратчилар лойиҳага зид равишда уйларга ортиқча 1-2 қават қўшиб қурган. Ёки фойдаланишга қабул қилинган 74 та кўп қаватли уйларда қурилиш сифати бўйича жиддий камчиликлар аниқланган. Шу маънода, пудратчиларнинг қурилиш маданиятини тубдан ошириш зарурлиги қайд этилди. Ҳозир пудратчилар қурилишни бошлаш учун ҳужжатларни камида 5 босқичда келишиши керак. Бунга 2 ойгача вақт кетаяпти. Бу жараёнлар соддалаштирилиши эълон қилинди. Қурувчилар “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали тайёр лойиҳани идоралар билан онлайн келишади. Улар камчилик кўрсатса, бартараф қилади. Қурилиш лойиҳага мос бажарилишини Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси текширади ва битганидан кейин хулоса беради. Объектни фойдаланишга топширишда фақат 2 та идора – ҚСНИ ва ёнғин хавфсизлигидан хулоса олинади. Зарур бўлса, бошқа соҳадаги мутахассисларни инспекциянинг ўзи жалб қилади. Охирги уч йилда жисмоний шахслар кўп қаватли уй қуриш учун аукциондан 47 гектар ер сотиб олган, лекин аксариятида қурилиш бошланмаган. Қурилишга салоҳиятли девелоперларни жалб қилиш мақсадида бундан буён кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилиши белгиланди. Ҳозирда 14 минг 775 та кўп қаватли уйларга туташ ер мулкдорга бириктирилмагани учун бошқарув-сервис компанияси хизмат кўрсатиши керак бўлган ҳудудлар чегараси аниқ эмас. Мутасаддиларга бу уйларга туташ ерлар чегарасини белгилаш ва эгасига бириктириш топширилди. Девелоперлар уйни топширишдан олдин сервис компаниялари билан шартнома тузишини, уларни ўқитишни ташкил этишини, қурилиш харажатларининг 2 фоизини уй атрофида яшил ҳудуд яратишга йўналтиришини қонун билан мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Жорий йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисоб-китоб қилинган. Бунга қўшимча 15 минг хонадон Янги Тошкентда барпо қилинади ва бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади. Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт-соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади. Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совутиш марказлашган тригенерация тизими орқали бўлади. Барча бино-иншоотларга юқори энергия самарадорлик талаблари жорий қилинади. Транспорт, ёритиш тизимлари ва зарядлаш станциялари фақат “яшил” талаблар асосида бўлади. Давлатимиз раҳбари умуман барча ҳудудларда янги қурилаётган кўп қаватли уйларни босқичма-босқич “яшил энергия” уйларига айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Буни рағбатлантириш мақсадида қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган девелоперларга бундай уйлар учун фойда солиғи олинмайди, кредит ставкаси 2 фоиз арзон қилиб берилади. Натижада девелопернинг харажати камаяди, ундан уй олган одамларга эса электр арзонроқ бўлади. Бундай “яшил уйлар” қурадиган девелоперларга халқаро линиялардан маблағ жалб қилиш имкониятлари кескин ошади. Уй-жой қуришда асосий эътиборни эскирган уйлар ўрнида реновация асосида замонавий кўп қаватли уйларни кўпайтиришга қаратиш зарурлиги таъкидланди. Реновация ҳисобига ердан фойдаланиш самарадорлиги 4-5 карра ошади, коммуникация харажати 2 карра камаяди. Асосийси, бу орқали шу ҳудуддаги одамларнинг дунёқараши ўзгаради, турмуш тарзи тубдан яхшиланади, савдо-сервис, иш ўрни кўпайиб, иқтисодиёт ривожланади. Бу борада Жиззах, Марғилон, Қўқон, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари, Дўстлик ва пойтахт туманларида ишлар яхши бошлангани қайд этилди. Уларнинг тажрибасини барча ҳудудда оммалаштириш кераклиги, авария ҳолатидаги эскирган уйларда яшаётган одамлар буни кутаётгани кўрсатиб ўтилди. Реновация асосида бу йил 20 минг хонадон қурилишини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди. Жорий йилда уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 триллион сўм ресурс берилмоқда. Банклар бунга қўшимча 10 триллион сўм йўналтиришни мақсад қилган. “Ипотека компанияси” ҳам бу мақсадларга 2,3 триллион сўм ресурс йўналтиради. Мутасаддиларга 2025 йилда камида 70 мингта хонадон учун ипотека кредити тақдим этиш, шундан 30 минги учун кредитни бошланғич бадал учун бюджетдан субсидия тўлаб, даромади юқори бўлмаган оилаларга бериш вазифаси қўйилди. Соҳада яширин иқтисодиётни янада қисқартириш учун янги уй-жой оладиган фуқароларга ўзи тўлаган маблағининг бир қисмини кэшбек қилиб қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Йиғилиш давомида мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди. Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/5300 

23 Январ 2025 йил

93

Ойлик доирасида Мирзо Улуғбек туманида ҳам тарғибот тадбирлари давом этмоқда

“Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлиги доирасида Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг талабалари учун тадбир ташкил этилди. Тадбирда туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Сардор Мирзараимов, унинг ўринбосари Баҳодир Ёрматов, институт ўқитувчи ва талабалари ҳамда бошқа масъул ходимлар иштирок этди. “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” шиори остида бўлиб ўтган учрашувда асосий эътибор бугунги кунда долзарб бўлиб турган гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда кибер жиноятларга қарши кураш мавзуларига қаратилди. Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши - бу жамият учун жиддий хавф туғдирувчи муаммо бўлиб, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, ёш авлодни бундай салбий оқибатлардан ҳимоя қилиш, билиб билмай гиёҳвандлик кўчасига кириб қолишига йўл қўймаслик ҳар бир инсондан огоҳликни талаб этади. Шунинг учун, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Учрашувда шу каби масалалар ҳақида сўз борди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга масъул ходимлар томонидан батафсил жавоб берилди. Худди шундай тарғибот тадбири Янги Ўзбекистон университетида ҳам ташкил этилди. Учрашувда туман ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари Фарҳод Жабборов сўзга чиқиб, гиёҳвандлик иллатининг салбий жиҳатлари, соғлиқ ва руҳиятга зарарлари ҳамда таъсирлари, гиёҳвандлик билан шуғулланишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумотлар тақдим этди. Шунингдек, мазкур ойлик доирасида Врачлар малакасини ошириш институтида Мирзо Улуғбек туман ҳокими Боходир Гаибназаров, туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Сардор Мирзараимов, туман Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, маҳалла раислари, тумандаги барча умумтаълим мактаби директорлари ва маҳалла ёшлар етакчилари иштирокида учрашув ташкил этилди. “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” шиори остида бўлиб ўтган ушбу учрашувда асосий эътибор бугунги кунда долзарб бўлиб турган гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда кибер жиноятларга қарши кураш мавзуларига қаратилди. Бу каби тадбирлар пойтахтнинг барча туманларида ўтказилиб келинмоқда.

23 Январ 2025 йил

79

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-1-сонли Қарори юзасидан Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида шахсий таркиб билан муҳокама ўтказилди. Унда масъуллар томонидан қарорнинг мазмун-моҳияти шахсий таркибга тушунтирилди.

Қизил ҳудуддаги маҳаллаларда қарордан келиб чиққан ҳолда қилиниши керак бўлган амалий ишлар муҳокама қилинди. Қарор ижросини юксак даражада таъминлаш мақсадида, туманда олиб бориладиган ишлар таҳлил қилиниб, режалар тузилди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил бўлган шахслар билан ташкил этиладиган чора-тадбирлар белгиланиб олинди. Қарорда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлашда маҳалла еттилиги билан олиб бориладиган амалий ишлар тушунтирилди.

22 Январ 2025 йил

198

Олий маълумот олиш ёш авлодни гиёҳвандликка тобе бўлмаслигини кафолати бўла оладими?

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди. Уларни олий таълимга қамраб олиш мақсадида Олий таълим муассасаларининг сони 211 тага етказилди. Ҳозирда ушбу ОТМларда 1,5 миллионга яқин ёшлар таҳсил олиб келмоқда. Бу кўрсаткич ўқувчиларни олий таълимдаги қамровини 38 % га етганлигини кўрсатади. Талабаларнинг таълим олишлари учун давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Жумладан, замонавий ўқув мажмуалари, таълим кредитлари ва бошқа кўплаб имкониятлар мавжуд. Шунга қарамасдан ёшларимиз ўртасида турли психологик инқирозлар сабабли психофаол моддаларга ружу қўйиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу билан бирга, наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар сони тобора ортиб, 2019 йилда 5026 та, 2020 йилда 6032 та, 2021 йилда 7142 та, 2022 йилда 8681 та, 2023 йилда 10011 тани ташкил этган. Статистик маълумотларга кўра, психофаол моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар сони 74 фоизга, шу жумладан, талабалар сони 21 фоизга, мактаб ўқувчилари сони 6 баробарга ошган. Жумладан, 2023 йилда наркожиноятлар учун қўлга олинган 30 ёшгача бўлган шахсларнинг 97 нафарини ОТМлар талабалари ташкил қилган. Шу сабабли, олий маълумотга эга бўлиш ёшлар шахсини шакллантириш ва уларда танқидий фикрлашни ривожлантиришда муҳим бўғин бўлиб қолаётганига қарамай, у ҳар қандай гиёҳвандликдан мутлақ ҳимояни кафолатламайди. Бу фактни ўқувчи ва талабаларнинг яқинлари ҳамда ёшлар билан ишлайдиган ташкилот масъуллари ёдда тутишлари керак. Огоҳ бўлинг!

21 Январ 2025 йил

251

Интерактив хизматлар

Text to speech