Ҳурматли фуқаролар!

Республика Махсус комиссиясининг талабига асосан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида автотранспорт воситаларида ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар Давлат хизматлари Марказлари томонидан берилмоқда. 

Давлат хизматлари Маркази томонидан махсус рухсатномалар бериш юзасидан мурожаатлар ўрганиб чиқилиши натижасида рухсатномани бериш ёки рухсатномани беришни рад этиш тўғрисида қарор қилиниб, бу ҳақида ахборот-коммуникация технологиялари орқали мурожаат этувчига хабар берилмоқда.   

Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари Марказларига 1 апрель ҳолатига жами 41 639 та мурожаат келиб тушган. Шулардан 6 740 тасига махсус рухсатномалар берилган, 15 509 таси рад этилган, 19 461 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида.  

Ҳурматли фуқаролар! Махсус рухсатнома расмий ҳужжат бўлиб, карантин даврида автотранспорт воситаларида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Мазкур рухсатномани олиш учун илова қилинган ҳужжатлар ҳақиқий ва ундаги маълумотлар ҳаққоний бўлиши шарт.

Ҳозирда ички ишлар органлари ва бошқа масъул органлар томонидан махсус рухсатномани олиш учун илова қилинган ҳужжатлар ўрганилиб, уларда соҳта маълумотлар мавжудлиги ва қалбаки ҳужжатлар тақдим этилаётганлиги аниқланмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, карантин даврида автотранспорт воситасида ҳаракатланиш ҳуқуқини берадиган махсус рухсатномани, шунингдек унга илова қилинадиган ҳужжатларни қалбакилаштириш, улардан фойдаланиш ёки сотиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Махсус рухсатномани олиш учун Сиз томонингиздан тақдим этилган ҳужжатлар қалбаки бўлса ёки ундаги маълумотлар ҳаққоний бўлмаса, дарҳол ҳужжатларни ва мурожаатингизни қайтариб олишингиз, шунингдек қалбаки ҳужжатлар ёрдамида махсус рухсатномани олиб фойдаланаётган бўлсангиз, рухсатномларни Давлат хизматлари Марказларига қайтариб беришингиз сўралади.

Бундай ҳолатларда Сиз айбингизни тан олиш бўйича чин кўнгилдан пушаймон бўлганингиз инобатга олиниб, жиноий жавобгарликдан озод этилишингиз мумкин.