Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари!

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг велосипедларда ҳаракатланиш тақиқланмагани тўғрисидаги эрталабги хабари кенг муҳокама қилинмоқда. Интернет тармоғида велосипед сотуви ҳақидаги эълонлар жойланган манбаларга талаб кескин ошди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: гап велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган ёки тақиқланмагани ҳақидами? Масала кўчага чиқиш тавсия қилинмаслигидадир.

Коронавирус инфекцияси тарқалишини бошидан кечираётган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, касалликнинг тарқалишини ушлаб қоладиган ягона чора бу карантин – яъни ижтимоий алоқаларни имкон борича чеклашдир. Бунинг эса уйдан чиқмасдан, ўзни яккалаган тақдирдагина иложи бор.  

Шунинг учун велосипедда ҳаракатланаётганлар ҳам ўзларининг ва яқинларининг хавфсизлиги учун қуйидаги тавсияларга амал қилишлари зарур:

  1. зарурат туғилгандагина велосипедда чиқиш – агар дўкон ва дорихоналар узоқроқда жойлашган бўлсалар;
  2. велосипедда ишга бораётганлар улар ҳам худди автомобилчилар каби йўл ҳаракати иштирокчилари эканликларини ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишлари лозимлигини унутмасликлари зарур;
  3. тиббий ниқобда ва қўлқоп кийган бўлишлари лозим;
  4. агар сизни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тўхтатишса, хотиржамлик билан ҳужжатларингизни тақдим этиб, қаерга ва нима сабабдан йўлланганингизни маълум қилинг.

Ушбу мурожаат ҳуқуқингизни бузмоқда деган фикрдамисиз? Демак сиз ҳолатнинг жиддийлигини тушунмаяпсиз. Маълумотлар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиб чиқишингиз мумкин:

https://www.un.org/ru/coronavirus

https://www.bbc.com/russian/news-52047755

http://www.euro.who.int/ru/about-us/regional-director/news/news/2020/04/whoeurope-calls-for-unity-on-all-fronts-during-briefing-for-ambassadors-as-covid-19-pandemic-accelerates

 https://www.bbc.com/russian/news-51318651

Тошкент шаҳар ИИББ сизни мулоҳазали бўлишга ва ақл билан иш юритишга чақиради. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг – уйда қолинг.