Махсус товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни тегишли рухсатсиз ўрнатиш қонунан тақиқланади

Пойтахтда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари автомобилчиларда “мигалка” ва “сирена” каби “урфлар” пайдо бўлганини кузатмоқдалар. Фурсатдан фойдаланиб, автомобилчиларга тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш жарималарга сабаб бўлишини эслатиб қўймоқчимиз.

Масалан, жорий йилнинг 10-январь куни соат 12.20 да Минор масжиди ёнида махсус ёритувчи қурилма ўрнатилган “Spark” русумли (давлат рақами 01 Q 119 QA) автомобиль шу ҳудудда хизмат олиб борган ЙҲХБ ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилди. Аниқланишича, автомобилни ишончнома асосида 21 ёшли Фарходжон З. бошқариб юрган ва махсус ёритувчи қурилмалар ўрнатиш учун рухсатга эга бўлмаган. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси бўйича баённома расмийлаштирилди.  

Эслатиб ўтамиз, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, мазкур қоидабузарлик ҳолларида автомобиль жарима майдончасига жойланади.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Рухсатсиз ўрнатилган “мигалкалар” сизларни олифта қилиб қўймайди – балки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан масъулиятсизлигингизни ҳамда автомобиль бошқарувига жиддий қарамаслигингизни билдиради

Маданиятимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш мисолида ўзаро ҳурмат урфини шакллантиришимиз зарур. Ўзингизда ва яқинларингизда ушбу мақсадни рағбатлантиринг.