ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

“Ёшлар куни” доирасидаги тадбирлар

Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Ёшлар куни” деб белгиланган, вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан ушбу кунда диққат-эътибор ёшлар билан боғлиқ жараёнларни ўрганишга қаратилиши лозимлигига урғу берилганди. Шу муносабат билан пойтахтимизнинг Сергели туман ҳокими Д.Истамов, прокурори Ў.Дауленов, ИИО ФМБ бошлиғи Б.Анваровлар туманда жойлашган хусусий мактаблардан бирига ташриф буюришди. Ташриф давомида мактабнинг замонавий ўқув шароитлари, иқтидорли ўқувчилар томонидан тақдим этилган инновацион стартап лойиҳалари билан танишилди. Ҳоким ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ёшларнинг муаммоларига эътибор қаратилиб, уларнинг таклиф ва ғоялари тингланди. Мулоқот чоғида ёшларнинг дадил ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мутасаддиларнинг асосий вазифалари эканлиги таъкидланиб, энг яхши деб топилган лойиҳа муаллифларига эсдалик совғалари топширилди. Гуруҳ аъзолари тумандаги замонавий таълимнинг энг илғор йўналишлари ўзаро интеграция қилинган 266-сонли мактабда бўлишиб, робототехникадан “STEM” таълимигача бўлган жараёнлар билан танишдилар. Робототехника маркази ўқувчилари меҳмонларга ўз қўллари билан ясаган роботлар ва дастурлаш жараёнларини намойиш этишди. Ўқув хоналарининг жиҳозланиши, фанларнинг замонавий технологиялар ёрдамида  амалиёт билан уйғун ҳолда олиб борилиши бўйича яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Ҳар бир ўқувчи учун тенг имконият  яратиш  мақсадида ташкил этилган махсус инклюзив таълим фаолияти ўрганилди. Меҳмонлар ёш ихтирочиларнинг техник ишланмалари билан танишаркан, уларни юқори баҳолашди. Тошкент Ижтимоий инновация университетига  ташрифи давомида университет ҳудудида банк шаҳобчасининг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур шахобча битирувчи ёшлар учун ўзига хос имкониятлар маркази бўлиб, талабаларнинг бизнес лойиҳалари учун паст фоизли имтиёзли кредитлар ажратиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш тизими йўлга қўйилганлиги билан аҳамиятлидир. Шунингдек, “Келажакка қадам” лойиҳаси доирасида битирувчиларга ўз бизнесларини бошлашда молиявий дастак ва кафолатланган иш ўринлари бўйича аниқ тушунчалар берилди. Яккасарой туманида жойлашган Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари турар жойида гулхан атрофида ташкил этилган “Ёшлар куни” тадбири кўтаринки руҳ, самимий муҳит ва унутилмас лаҳзаларга бой тарзда ўтди. Байрам доирасида турли маданий, ижодий чиқишлар, қизиқарли танлов ва мусобақалар, интерактив ўйинлар  ташкил этилди. Мазкур тадбир ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратишга қаратилди. Ушбу тадбир  нафақат маданий балки талабалар бирлиги, ижодкорлиги ва ташаббускорлигини намоён этган чинакам байрамга айланди. Яккасарой туманидаги пробация ҳисобида турувчи ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида туман раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар уларнинг мурожаатларини тинглади, таклиф ва муаммоларини ўрганди. Бу учрашув “жазо эмас, имконият”, “четлатиш эмас, қўллаб-қувватлаш” тамойили асосида ташкил этилди. Шу куни туманда “Яккасарой ёшлари” волонтёрлар гуруҳининг фаолиятига бағишланган учрашув ҳам бўлиб ўтди. Очиу мулоқот шаклида ўтган учрашувда янги режалар муҳокама қилинди, ушбуволонтёрлик ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар илгари сурилди. “Ёшлар куни” муносабати билан Янгиҳаёт тумани “Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Буюк турон” ҳарбий мактабида ўқувчи ёшлар билан туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, подполковник А.Тургинов, ҲПБ бошлиғи подполковник А.Қодиров томонидан давра суҳбати ўтказилди.  Шундай тадбир туманда жойлашган “Тошкент туризм ва маданий мерос” техникумида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар билан ҳам ўтказилди. Унда ёшларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича дастурлар белгилаб олинди. Мазкур  хайрли тадбирлар ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимларни ҳам четлаб ўтмади. Фикримизнинг далили сифатида Учтепа тумани ИИО ФМБда хизмат қилаётган ёш ходимларнинг  пойтахтимизда жойлашган Адиблар хиёбонига уюштирилган ташрифини мисол келтириш мумкин. Ёш ходимлар ташрифлар чоғида юртимиз тарихига оид ҳамда адабиёт  соҳасида яратилган дурдона асарлар ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишиб, улкан таъсуротларга эга бўлишди. Бектемир тумани “Роҳат” маҳалласида профилактик ҳисобда турувчи ёшлар билан учрашувда пробация назоратида турувчи ёшлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъуллари қатнашди. Учрашувда  масъуллар иштирокида суд муҳокамалари ўтказилиб, ҳалол меҳнатни, тўғри ҳаёт  йўлини танлаган, қилмишидан чин юракдан пушаймон бўлган шахсларга нисбатан тайёрланган тақдимномалар ўрганилиб, суҳбатлар натижасида олти нафар  шахс Республика Жиноят кодексининг 73-моддасига биноан муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод этилди, бир нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати оғирроғига алмаштирилди. Шу куни туманда жойлашган 293-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар билан “Жаҳолатда қарши маърифат” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида мутасадди масъуллар ҳамда юқори синф ўқувчилари қатнашдилар. Шунингдек, туманда жойлашган “PROFI university” олий таълим муассасасида талаба ёшлар билан бўлган учрашувда Президентимизнинг жорий йилнинг 24 февралида ёшлар билан учрашувида кўтарилган масалаларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва жиноят қурбонига айланиб қолмаслик мавзуларида профилактик мазмундаги мулоқот ўтказилди. Ёшлар тарбиясига боғлиқ тадбирлар давом эттирилиб, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник У.Агзамходжаев томонидан    ёшларнинг ҳарбий кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида бир гуруҳ туман ёшлари ҳарбий прокуратура ҳузурида жойлашган электрон ўқ отиш тирига жалб этилди.  Туман “Оила ва хотин-қизлар маскани”да Медиация комиссияси томонидан “Нурли йўл”, “Мажнунтол”, “Х.Байқаро” маҳаллаларида ажрим ёқасига келиб қолган тўрт оиланинг муаммолари ўрганилиб, уларни яраштириш чоралари кўрилди. Суҳбат чоғида оилавий низоларнинг сабаблари, уларни бартараф этиш йўллари, фарзанд тарбияси ва соғлом муҳит яратиш масалалари муҳокама этилди. Ҳар икки томонга оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар тарбияси учун соғлом муҳит яратиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Бу каби эзгулик ва хайрли мақсадлар йўлида амалга оширилаётган ишлар пойтахтимизнинг барча туманларида  олиб борилмоқда.

27 Феврал 2026 йил

202

Ёшларга эътибор – порлоқ келажакка қадам

Давлатимиз раҳбари томонидан келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, иқтидорлари ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 24 февралида Президентимиз томонидан ёшлар билан ишлаш, уларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишлаб ўтказилган мулоқотида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” деб эълон қилинган. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар иибб бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Олмазор тумани ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза  қилувчи органлар масъуллари ҳамкорлигида  туманнинг INNO ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки биносида шаҳар Юнусобод, Шайхонтоҳур туманлари ёшлари, туман профилактика ҳамда пробация ҳисобида турувчи ёшлар билан учрашув ўтказилди.”Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида бўлиб ўтган тадбирда ёшларнинг ўз муаммоларини эркин билдиришлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиш  имконияти яратилди. Тадбирда ёшлар фаол иштирок этиб, ўз муаммоларини тортинмай баён этишди. Бир неча ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларга моддий кўмак ажратиш борасида амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда ҳуқуқий малакали тавсиялар берилди. Йиғилганлар раҳбарларга тўғридан-тўғри мурожаат этиб, ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди. Мазкур тадбир Олмазор туман ҳокимлигида давом эттирилди. Ҳокимликка ташриф буюрган бир гуруҳ ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга ечим топиш чораларига эътибор қаратилди. Шунингдек, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланиб, энг фойдали, илғорларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.

27 Феврал 2026 йил

259

Ички ишлар органларида касбий маданият ва халқчил тизимни шакллантириш — устувор вазифа

Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизмати бўйича бўлинмаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ҳамда унинг туман ИИО ФМБ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати ходимлари иштирокида навбатдаги профилактик тадбир ўтказилди. Мазкур тадбир “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тизимга айлантириш ва тизим нуфузини ошириш ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси бўлиши лозим” мавзусида ташкил этилди. Тадбир давомида ички ишлар органлари фаолиятида касбий маданият, хизмат интизоми ва ходимларнинг масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирда сўзга чиққан масъуллар томонидан “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданияти ва хизмат интизоми кодекси”да белгиланган қоида ва талабларни барча ходимлар чуқур билиши ҳамда уларга қатъий ва сўзсиз амал қилиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир ходимдан юксак касбий маданият, чуқур ҳуқуқий ва маърифий билим, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалалик ва қонунийликка қатъий риоя этиш талаб этилиши алоҳида қайд этилди. Тадбир давомида маънавий-маърифий, тарбиявий ва профилактик йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ички ишлар органлари тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолининг чинакам ҳимоячисига айлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу борада ходимларнинг шахсий масъулияти, хизмат бурчига садоқати ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Якунда бундай профилактик ва тушунтириш тадбирлари ички ишлар органлари ходимларининг хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

27 Феврал 2026 йил

409

Дўстона учрашувнинг душманона якуни

Анчадан буён кўришишмаган танишлар тақдир тақозоси билан учрашиб қолишса, албатта яқин ўртадаги ошхона ёки қаҳвахонада бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтиришга ошиқадилар. 2025 йил январь ойининг илк кунларида Аброр ҳам эски таниши Бахтиёрни учратганидан хурсанд бўлиб, яқин ошхонага таклиф қилди. Очилиб-сочилиб ўтириш учун бир шиша ароққа буюртма беришди. Ичлари қизиган сайин суҳбат ҳам қизигандан қизиди. Ҳарорат ошиб ҳар доимгидек, тиллар чувалашиб, онг хира торта бошлагач, гаплари бир-бирига тўғри келмай қолди. Ўртада гап қочди. Ширин бошланган суҳбат низога айланди. Бахтиёрнинг қайсидир ўйламай – маст одам ўйлаш қобилиятини йўқотиши тайин табиий бир ҳолда Аброр унинг гапларини тажовузкорона қабул қилар, жазаваси қўзирди. Ниҳоят ғазаби устун келиб, у ўзи билан олиб юрган пичоғи билан Бахтиёрнинг чап кўкрак қисмига санчди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказилгани ҳақида хулоса берди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1996 йилда туғилган Х.Аброрнинг жиноий қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилавий аҳволи, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Х.Одиловнинг иш юритувидан олинди.

26 Феврал 2026 йил

751

Интерактив хизматлар

Text to speech