ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи диққат марказида фуқаролар мурожаатлари

Пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг навбатдаги шахсий қабули Бош бошқарма биносида ўтказилди. Раҳбарнинг қабулига етмишдан ортиқ фуқаролар ташриф буюришди. Фуқароларнинг мурожаатлари ижтимоий, маиший ҳамда моддий масалаларни, яъни бандликни таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, коммунал қарздорликни тўлаш, моддий ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кабиларни қамрагани ҳолда, мурожаатларнинг аксариятини тергов олди ва суриштирув ишлари ташкил қилди. Таъкидлаш жоизки, мурожаатчилардан 29 нафарининг масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар ва тавсиялар берилиб, улар бундан қониқиш ҳосил қилдилар. 25 нафар фуқаронинг мурожаатлари жойида ижобий ҳал этилди. 11 нафар шахснинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш мақсадида алоҳида топшириқлар берилди. Уларнинг бажарилиши Бош бошқарма Мурожаатлар билан ишлаш бўлимидаги “Е-еlektron” тизимига юкланиб, тегишли муддатлар белгиланган ҳолда назоратга олинди. Шунингдек, қўшимча ўрганиш ва текширувлар талаб қилувчи 6 нафар шахснинг мурожаатлари ҳам алоҳида назоратга олинди. Ташриф буюрган фуқаролар уларга ҳар бир масала ҳамда мурожаатлар бўйича қабул жараёнида кўрсатилган хушмуомалалик, эътибор ва яратилган шароитлардан мамнун эканлигини ҳам эътироф этишди.Бу каби қабул ва учрашувлар давом этмоқда.

3 Декабр 2024 йил

79

Зиқналикми ёки тежамкорлик?!

      Шундай одамлар борки, бир сўм сарфласа, кечаси билан уйқуси келмай тўлғаниб чиқади. Қандай қилиб бўлса-да уни икки баравар қилиб қайтариш ҳақида ўйлайди. Исмоил шундайлардан бўлиб чиқди. У бекорчиликдан таниши Кенжабойни шаҳар айланишга чақирди. Кенжабой айлангани пули йўқлигини айтганида, “хавотир олма, менда бор, кейин берарсан”, деди. Сайр чоғида бирга тамадди қилишди, минерал сув олиб берди яна майда-чуйда дегандек. Ҳа айтгандек, такси пулини ҳам тўлади. Кечга яқин хайрлашишди. Исмоил бир кун кутди, икки кун кутди. Кенжабойдан дарак бўлмади. Орадан бир ҳафта ўтиб, яъни 2021 йилнинг 7 январ куни соат 19.00 ларда уни учратиб қолди ва овқатланиш пулини Кенжабойга тўлаттириш ниятида уни қаҳвахонага таклиф қилди. Бироқ у яна ёнида пули йўқлигини айтганида, Исмоилнинг тепа сочи тикка бўлди. Бироқ миясига яшин тезлигида келган фикрдан ўзини босиб, ундан зарур қўнғироқ қилиши кераклигини айтиб, телефонини сўради. Баҳоси 5.500.000 сўмлик “Samsung А 52” русумли телефонни олиб гаплашаётган бўлиб, Кенжабойнинг чалғиганидан фойдаланиб, воқеа жойидан яширинди. Бирон соат ўтмай, уни 1.850.000 сўмга сотиб юборди. 14 январда эса Дўмбиробод кўчасидаги уйлардан бирида ижарада бирга яшовчи Жамолиддиннинг 2.050.000 сўмлик “Redmi Note 8” русумли уяли телефонини қўнғироқ қилиш учун сўраб олиб, қайтариб бермади. Унинг телефонини 700.000 сўмга сотиб юборди. Ҳамхонасининг айби эса пули йўқлиги учун ўтган ой ижара пулини тўлай олмай, Исмоилдан қарз олгани эди.         – Тергов жараёнида Исмоил ўзини айбдор деб билмади. Алдов йўли билан олинган телефонларни уларга сарфлаган пуллари эвазига товон пули деб ҳисоблади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Рустам Жепбиев. – Ҳар бир ҳаракатини пулга чақадиган бу шахсда бировга яхшилик қилиш, ўзаро ёрдам, беминнат, беғараз қўллаб-қувватлаш деган тушунчалар умуман бегона эканлиги кишини ҳайрон қолдиради.         Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Жаҳонгирнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Суд унинг айбига иқрорлиги, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олди. Уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин, деган хулосага келиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

30 Ноябр 2024 йил

173

Аввалида мезбон, кейин зўравон

       Анчадан бери учрашмаган икки дўст учрашиб қолса суҳбат оила, уй-рўзғор, иш, эски таниш-билишлар, яна кўплаб ҳаёт икир-чикирлари ҳақида кетади. Мурод ҳам Зафарни учратганидан хурсанд бўлиб, ҳол-аҳвол сўрашдан бошлади. Қаҳвахонага кириб учрашувни бир шиша ароқ билан “ювишди”. Тиллар ечилиб, суҳбат қизигандан қизиди. Мурод янги уйга кўчганини айтиб, қўярда-қўймай уйига таклиф қилди. Йўл-йўлакай янги хонадонни “ювиш” учун спиртли ичимлик харид қилди. Зафар уйингнинг кўрманасига деб, яна бир шиша ароқ ва егуликлар сотиб олди. Муроднинг уйида гурунг давом этди, Шишалар очилди. Муроднинг турмуш ўртоғи дарров ошга уннади. Шу орада бирга ўтириб қадаҳ ҳам кўтарди. Орадан анча вақт ўтиб Зафар ўзини эркин қўйиб, мастлиги оқибатида уй бекасига гап ота бошлади. Бу Муродга ёқмади. Аммо Зафар жиловни қўлдан бой берганди. Ўртада жанжал чиқди. Кайфи тароқ бўлган Мурод ҳам жаҳл отига миниб, столда турган ошхона пичоғини олиб меҳмоннинг қорнига санчди. Зафарнинг инграганча букчайиб, шариллаб оқаётган қонни қўли билан тўхтатишга уринаётганини кўргандагина ҳушига келди. Аммо кеч бўлганди.        – Ичкилик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант Матчонбой Худайбердиев. – Ҳар иккиси қирқ ёшдан ошган бу танишлар ичиш меъёрларини билмади, меҳмон-мезбон одобига риоя қилмади. Қуюшқондан чиққач, оқибати – бирига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказиш билан, бирига озодликдан маҳрум қилиниш билан тугади. Бундан бу ёғига учрашиш тугул бир-бирини кўришдан хурсанд бўлишмаса керак, ҳойнаҳой.         Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди жорий йилнинг март ойида очиқ суд мажлисида Муроднинг қилмишини қонунан кўриб чиқди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топилди. Муроднинг оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

30 Ноябр 2024 йил

188

Интерактив хизматлар

Text to speech