Изоҳсиз ўғирлик
Бозорга борганлар, дўконларга кирганлар у ердаги буюмларни кўрганида ҳаммасидан сотиб олгиси келади. Ҳар куни янгидан янги, бир-биридан афзал ва дилтортар нарсалар одамга «мени ол, мени ол» дея жилва қилади. Эътиқодсиз, иродасиз, ҳавойи, нафсини тия олмайдиган кимсалар бу тузоққа осон тушадилар. Камолиддин 2022 йилнинг 16 ноябрь куни соат 15.00 ларда Чилонзор буюм бозорини айланиб юраркан, уяли телефон аппаратлари сотув дўконига кирди. Сотувчи Н.Наби уни харидор ҳисоблаб, телефонлар ҳақида маълумотлар бера бошлади. Камолиддин унинг гапларини маъқуллаб, ҳозир харид қилмаслигини, шунчаки, нархлар билан танишаётганини айтиб, павильонларга териб қўйилган телефонларни кўздан кечираркан, Наби бошқа харидор билан банд бўлди. Бундан фойдаланган Камолиддин нархи 2.000.000 сўм бўлган «Samsung A 12 S» телефонини чўнтагига солиб дўконни тарк этди. Уни «Ўрикзор» бозорида 500.000 сўмга сотиб юборди. Жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 26 ноябрь куни туманнинг Қатортол кўчасида жойлашган дўконга кирди. Дўкон эгаси З.Ҳусниддиннинг рўпарадаги дорихонага чиқиб кетганлигидан фойдаланиб, нархи 2.000.000 сўмлик «VIVO Y 20» телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади. Телефонни 600.000 сўмга сотиб юборади. – Муқаддам судланмаган Камолиддин тергов жараёнида ўз ҳатти-ҳаракатларини изоҳлаб бера олмади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Оғабек Қиличов. – Ўзига тўқ, яхши оиланинг фарзанди бўлган, қийинчилик, етишмовчилик кўрмай ўсган 25 ёшли бу йигит айбига тўла иқрор бўлиб, жарбдийдалардан кечирим сўради. Улар ҳам ўз ўрнида етказилган зарарнинг қопланганлиги боис айбдорни кечириб, суддан енгилроқ жазо беришларини илтимос қилишди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Камолиддиннинг қилмишини қонуний баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди («Ўғирлик») билан айбли деб топди. Айбланувчининг жабрдийдаларга етказган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ота-онасининг оғир беморлиги ва меҳнатга лаёқатсизлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 1 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Шунингдек, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, яшаш жойини соат 22.00дан соат 06.00гача ташлаб кетмаслик, интернет-клуб, тунги клублар ҳамда бошқа кўнгилочар жойларга бормаслик каби чекловлар ҳам белгиланди.