Жамоат транспорти бекатида нотаниш аёлни урган эркакка нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди

11 сентябрь куни Учтепа туманидаги жамоат транспорти бекатида 32 ёшли Евгения К.га сабабсиз бадан шикастлари етказган Сирдарё вилоятилик, муқаддам судланган 45 ёшли Тохир В.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ишлари якунланди. 

Илгари маълум қилинганидек, мазкур факт бўйича Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 1 қисми (“Безорилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилган эди.

Аммо дастлабки тергов давомида барча тафсилотлар ўрганилиб, жабрланувчи, гувоҳлар ва айбланувчининг кўрсатмалари инобатга олингач, айбланувчининг ҳатти-ҳаракатлари қайта баҳоланди. Натижада Тохир В.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 2 қисми “г” банди (“Безорилик”), ҳамда 112 моддаси 1 қисми (“Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш”) бўйича айблов тақдим этилди.

Дастлабки тергов даврида Тохир В.га нисбатан қамоқа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Ҳозирги вақтда жиноят иши судга оширилган ва айбланувчига нисбатан жазо чораси суд томонидан белгиланади.