Учтепа тумани МваФРБ ходимлари ёшлигида кўчада қолган йигитга паспорт олишда ёрдам беришди

Аввалроқ Миллий ахборот агентлиги сайтида уч ёшлигида кўчада қолган Шохруҳ исмли йигит ҳақида мақола эълон қилинди. Йиллар давомида бола ота-онасиз ўсиб, тўғри келган жойда яшаган ва озиқ-овқат эвазига ҳар қандай ишни бажарган. Улғайгач, Шохруҳ ҳужжат олиш учун турли идораларга мурожаат қилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Шохруҳ ИИББ бошлиғининг қабулига кириб ўз муаммосини сўзлаб берди. Суҳбатдан сўнг масъул ходимларга ҳужжат расмийлаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шу тарзда аввал туғилганлик ҳақида гувоҳнома, сўнг биометрик паспортни расмийлаштириш жараёни бошланди. Учтепа тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари ҳужжат расмийлаштиришда ўз ҳиссаларини қўшишди. Улар 25 ёшли Шохруҳ ҳақида барча маълумотларни ўрганиб чиқиб, унинг танишлари билан гаплашиб, у яшаб келаётган жойда бўлишди. Барча зарур ишлар амалга оширилгач, унга паспорт топширилди. Шохруҳ унга ёрдам берган барча ходимларга миннатдорчилик билдирди. Энди йигит ишга жойлашиб, ўз уйига эга бўлиш ниятида.