Учтепа туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида маълумот

Интернет тармоғида “Евгения Селиванова” исмли фойдаланувчи эълон қилган постда Евгения К. исмли фуқаро номаълум шахс томонидан калтаклангани ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмагани ҳақида сўз борган.

Маълум қиламизки, мазкур ҳодиса 11 сентябрь куни тахминан соат 16.00 да Учтепа тумани Г-9 “а” кварталидаги жамоат транспорти бекати яқинида содир бўлган. Номаълум шахс сабабсиз аёлнинг ёнига келиб бир неча бор унинг боши ва юзидан урган. Ҳодиса ҳақида фуқаролар яқин атрофда бўлган профилактика инспектори капитан Равшан Алимов ва патруль-пост хизмати ходимларига хабар беришган. Ходимлар воқеа жойига келиб ҳодиса иштирокчиларини Учтепа тумани ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлимига бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини ҳужжатлаштириш учун олиб келишган. Шунингдек жабрланувчи 32 ёшли Евгения К.дан 102 рақамига қўнғироқлар кели тушган.

ИИО ходимлари аниқлашларича, аёлга ташланган киши маст ҳолатда бўлиб, нима учун бу ишни қилганини тушунтира олмаган. Мазкур шахс спиртли ичимлик таъсири остида маст эканлиги тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланди. Шунингдек суд-тиббий экспертиза ўтказилиб, унинг хулосасига кўра жабрланувчига енгил даражадаги бадан шикастлари етказилгани қайд этилди.

Айни вақтда айбланувчи маъмурий тартибда қўлга олинган.

Мазкур факт асосида Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277 моддаси 1 қисми бўйича (“Безорилик”) жиноий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимига йўналтирилди.