ЙҲҚни ўрганамиз: йўловчиларнинг мажбуриятлари

"Йўл ҳаракати қоидалари" йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари томонларидан ўрганилиши зарурлигини биласизми? Мисол учун, йўллардаги хавфсизликка транспорт воситаларининг йўловчилари муҳим ҳисса қўшишади.

 Сиз билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2015 йилдаги "Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 370-сон қарори билан ўрнатилган йўловчилар мажбуриятлари бўйича маълумотлар билан ўртоқлашамиз.

Йўловчилар транспорт воситасига фақат у тўла тўхтагандан сўнг тротуар ёки йўл ёқаси томондан чиқишга ва тушишга мажбурдирлар.

Йўловчиларнинг транспорт воситаларидан тротуар ёки йўл ёқаси томондан тушиши ёки уларга чиқишининг иложи бўлмаган ҳолларда, агар бу ҳаракат хавф туғдирмаса ёки бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаса йўлнинг қатнов қисми томонидан амалга оширилиши мумкин.

Йўловчиларга қуйидагилар тақиқланади:

1) транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчини бошқаришдан чалғитиш ва унга халақит бериш;

2) ҳаракатланаётган бортли юк автомобилларида тик туриш, бортларда ёки ундан юқоридаги юк устида ўтириш;

3) транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда унинг эшикларини очиш;

4) транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш.