21 Декабр 2022 йил 5306

Интернет тармоғида туҳмат қилиш ва ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд

Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасига 1970 йилда туғилган А. Г. ариза билан мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқларда унга туҳмат қилиб, ҳақорат қилган ижтимоий тармоқ фаоли фуқаро 1962 йилда туғилган Ш.С.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Мурожаат асосида ўтказилган текширув жараёнида олинган экспертиза хулосасига кўра, Ш.С. томонидан А.Г.га нисбатан айтилган аудиоёзувларда ҳақоратли сўзлар мавжудлиги аниқланган.

Ш.С.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми («Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш») ва 140-моддаси 2-қисмида ("Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш") назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли гумон қилинувчи сифатида терговга жалб қилинган. Жиноят иши доирасида Ш.С.нинг руҳий ҳолатини текшириш мақсадида унга нисбатан суд-психиатрик экспертиза тайинланган. Суд ажримига асосан гумон қилинувчи Ш.С. тиббий муассасага жойлаштирилган. Тергов жараёнида барча процессуал талабларга тўлиқ риоя этилиб, Ш.С.нинг адвокати тергов жараёнида иштирок этиши учун ҳеч қандай монеликлар йўқлигини маълум қиламиз. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech