Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари оғир аҳволда қолган аёлга ёрдам кўрсатдилар

28-ноябрь куни интернет тармоғида тарқалган видеода муаллиф Чилонзор туманидаги масжид ёнида тиланчилик қилаётган аёлга ёрдам беришга чақирарди.

Маълум қиламизки, шу куннинг ўзида Чилонзор тумани ИИО ФМБ ходимлари масжид томон йўл олишди. Совуқотиб қолган аёлни энг яқин маҳалла фуқаролар йиғини – «Яккабоғ» маҳалласига келтирдилар ва иссиқ чой бериб, унинг кимлиги, қаердан келганлиги ва қандай ёрдамга муҳтожлиги ҳақида сўрадилар. Аёлнинг гапларига қараганда, унинг исми Парида-опа, ёши 76 да, Жиззах вилоятида туғилган. Унинг уйи ёнғин оқибатида қулаб тушгач, у фарзандлари ва неваралари билан Тошкентга кўчиб келган. Пойтахтда улар ижарадаги хонадонда яшашади, фарзандлари ишсиз, оила оғир молиявий аҳволда қолганлиги сабабли у ҳар куни масжид ёнида тиланчилик қилишга мажбур бўлаяпти.

ИИО ФМБнинг аёллар масалалари бўйича ходималари Парида-опани Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига вақтинчалик жойлаб, жиззахлик ҳамкасблари билан боғланишди. Олиб борилган ишлар давомида маълумотларнинг бир қисми тасдиқланди: Парида К. 1943 йилда Жиззах вилояти Дўстлик туманида туғилган, ҳозирда у ерда қизи М.Ж. истиқомат қилади. 3-декабрь куни фуқарога ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни Жиззах вилояти Дўстлик тумани ИИБ ўз бўйнига олди.  

Парида К.нинг яшаш шароити ўрганилгач, унинг оилавий шароити яхши эмаслиги маълум бўлди: фарзандлари уни парвариш қилмайдилар, баъзи шароитлар сабабли ҳар доим ҳам онасидан хабар олиш имкониятлари йўқ. Уйсиз қолганликлари сабабли оилавий ҳолат янада қийинлашган. Ҳозирги вақтда Парида-опа қизи М.Ж.нинг қаровида. Жиззахлик ҳамкасбларимиз маълум қилишларича, Парида-опага ёрдам кўрсатиш ишларида Дўстлик тумани ҳокими ўринбосари Г. Холмуродов, ушбу туман «Чинобод» МФЙ раиси М. Саидов ва аёллар масалалари бўйича профилактика инспектори лейтенант Н. Расулова иштирок этишмоқда. Парида К.нинг пенсия таъминоти ва стационар даволанишга жойлаш масаласи ҳал қилинмоқда.