ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ойлик кундалиги

Шаҳримизда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлиги давом этмоқда. Пойтахт ИИББ ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан биргаликда амалга ошираётган тезкор тадбирлари давомида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи воситаларни ноқонуний равишда тарқатиш, сақлаш, муомалага киритиш билан боғлиқ жиноий ҳолатлар аниқланмоқда. Бундай моддаларнинг савдоси Интернет тармоқларига кўчиши, эътиқоди суст, маънавияти саёз ёки тезда бойиб кетиш каби ғараз ниятда бўлган шахсларни ўз “тўрига” осон илинтирмоқда. Куни кеча пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1993 йилда туғилган Р.Исмоилнинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Текшириш жараёнида пухталик билан яширилган умумий оғирлиги 132 грамм бўлган 29 702 дона бир марталик истеъмол учун тайёрлаб қўйилган ҳар хил турдаги гиёҳванд ва психотроп моддалари, 3 дона электрон тарози, изолента ва “зип” пакетлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.Шайхонтоҳур туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда 1982 йилда туғилган, муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган Ҳ.Абдуғофур ҳамда 1988 йилда туғилган У.Фарҳодлар кетаётган автомашина тўхтатилиб холислар иштирокида текширилди. Текширув жараёнида автомашина салонида 1028 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди ва ашёвий далиллар тегишли тарзда расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-прим 1-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.Ҳар икки ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

25 Январ 2025 йил

187

Инсоний қадриятларимиз амалда

Хато қилиш инсонга хос, аммо хатосини англамаслик, уни тўғирлашга интилмаслик энг катта хатодир. Билиб-билмай қилган жинояти учун пушаймонлик, тўғри йўлни танлаш ва ўз ҳалол меҳнати билан айбини ювишга ҳаракат албатта, эътиборсиз қолмайди. Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИО ФМБ Мажлислар залида Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг сайёр суди бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида ҳисобда турувчи ана шундай жазо муддатини ўтаб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган етмиш нафарга яқин маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, шартли равишда озод қилиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Ҳар бир маҳкумнинг ахлоқ-одоби, қилмишларига муносабати, жазони ўташ вақтида чиқарган хулосалари билан танишиш жараёнида 13 нафар маҳкум мазкур моддага биноан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Икки нафар жазодан бўйин товлаб, белгиланган қонун талабларига беписандлик қилган маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисми билан жазо турини оғирроқ жазо турига алмаштириш бўйича киритилган тақдимнома қаноатлантирилди. Уларнинг бирига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, иккинчисига озодликни чеклаш жазоси қўлланилди. Тадбир давомида, суд ҳукми ва ажримига асосан туман пробация бўлими ҳисобига янги олинган 15 нафар назорат остидаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни касбга йўналтириш мақсадида, улар туман Аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш бўлимига олиб борилди. Бу ерда бўш иш ўринлари билан таништирилди ва ишлаш хоҳишини билдирган шахсларга йўлланмалар берилди. Шунингдек, маҳкумларнинг туман “Катта Чўпон-ота” маҳалласида жойлашган масъулияти чекланган жамиятга ташрифи уюштирилиб, улар иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Мазкур ишга қизиқиш билдирганлар билан корхонанинг ўзида суҳбатлар уюштирилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни олиб борилди. Бу каби жиноят содир этиб, ўз хатосини англаган, тўғри йўл танлаган шахсларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар миллий қадриятларимизнинг ёрқин намуналаридир. Худди шундай тадбир Яшнобод туманида жойлашган “Ишга марҳамат” мономаркази биносида ҳам бўлиб ўтди. Унда нафақат туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида ҳисобга олинганлар балки, туман маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан юритилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ишсиз, кам таъминланган, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, фойдали машғулотларга жалб этиш мақсадлари кўзда тутилган бўш ўринлар меҳнат ярмаркаси ташкиллаштирилди. Тадбирда махсус дафтарларда рўйхатда турувчи 21 нафар, туман ИИО ФМБ Пробация назоратида жазо ўтаб келаётган 12 нафар шахслар мавжуд бўш иш ўринлари билан яқиндан танишиб, ўзлари танлаган ишларга йўлланмалар олишди. Пробация назоратидаги икки шахсга эса “Ишга марҳамат” мономарказидаги касбга тайёрлаш ўқув курсларига йўлланма берилди. Бундай хайрли ва эзгуликка йўғрилган тадбирларни уюштирган мутасаддилар келгусида аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга эътибор қаратиш баробарида мактаб ва олийгоҳларни битириб, илк бора меҳнат бозорларига қадам қўяётган ёшларни ҳам касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш борасидаги ишларни устувор вазифа сифатида белгилаб олишди.

24 Январ 2025 йил

160

Сергели туманида "Хавфсиз ва соғлом пойтахт" тадбирлари самарали ташкил этилди

Сергели тумани ИИО ФМБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари томонидан Сергели тумани ҳудуди миқёсида "Хавфсиз ва соғлом пойтахт" махсус тезкор-профилактик комплекс тадбирлари юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек, туман кесимида криминалоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятларни аниқлаш, тезкор-профилактик тадбирларни жадаллаштириш, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган "еттилик" ҳамда маҳалла имомларини жалб қилган ҳолда ҳар-бир хонадонни ўрганиш, айниқса якка-ёлғиз яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий жанжалкаш ҳамда низоси мавжуд оилалар билан якка тартибда таъсирчан профилактик тадбирлар ўтказилиб, ички ишлар органлари ҳисобида турган барча тоифадаги шахслар ва жиноят содир этишга мойил бўлганлар ажратиб олинди ва улар билан якка тартибда профилактик ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, Сергели тумани ИИО ФМБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари томонидан Сергели туманида соғлиқни сақлаш бўлимларида рўйхатдаги спиртли ичимликка ва гиёҳвандликка руҳий носоғлом шахслар, ҳудудларда илгари судланганлар, маъмурий назоратда ва пробатсия ҳисобида турганлар, узоқ муддатга бошка давлатларга кетиб қайтиб келган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётган шахслар рўйхатлари шакллантирилиб, улар билан профилактик суҳбатлар олиб борилди. © Сергели туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

24 Январ 2025 йил

153

Шашти ва қадри баланд аёллар баҳсларда

Аёлларимизнинг жамиятимизда тутган ўрни, юртимиз равнақига қўшаётган ҳиссаси беқиёсдир. Қайси жабҳани олиб қараманг, барчасида аёлнинг қўли, меҳнати ва тафаккурининг гувоҳи бўламиз. Ички ишлар органларида ҳам мана шундай ўз касбига фидойи, вазифаларини сидқидилдан бажариб, заминимиз тинчлиги ва барқарорлигига ўз улушларини қўшиб келаётган аёлларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг юртимиз тинчлик-осойишталигини таъминлаш йўлида олиб бораётган хизматлари эътирофга сазовор. Ишониб топширилган вазифалари қаторида оилани ҳам тебратиб, маҳалла кўйда обрў-эътибор қозониш билан бирга ўз дунёқараши, билим ва малакаларини ошириб боришга фурсат топаётгани, боз устига ўз иқтидорлари ва имкониятларини ҳам намойиш этаётгани қувонарли. Юртбошимиз томонидан аёл-қизларимизга кўрсатилаётган эътибор, жамиятда, оилада ўз ўрнини топиши, баркамолликка эришиши борасида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар, яратилаётган шарт-шароитларни-ку сон-саноғи йўқ ҳисоб. Бу борада Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам ходима аёл-қизларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб бориш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат ишчи муҳитини яратиш, ташаббускорлигига кенг йўл очиш, ижодий қизиқишларини рағбатлантириш борасида чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Улардан бири сифатида 2022 йилда “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича қабул қилинган низомни қайд этиш лозим. Зотан, бу низом асосида ҳар йили ушбу тадбир муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Унинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг январь ойида пойтахт ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходималар иштирокида навбатдаги кўрик-танлов ўтказилди. Унда 21 нафар аёл ходималар қатнашди. 4 босқичда ўтказилган баҳс-мунозараларнинг 1-босқичида “Иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги даражасини аниқлаш шартлари: куч ишлатиш комплекс машқларини бажариш ва 1000 метр масофага югуриш”; 2-босқичда “Жанговар тайёргарлик даражасини аниқлаш шартлари: “Макаров” пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш машқларини бажариш ҳамда жанговар “Макаров” пистолетидан амалий ўқ отиш, аниқ нишонга олиш ва ҳаракатланмайдиган нишонга отиш тартиби”; 3-босқичда “Иштирокчиларнинг билим дажарасини аниқлашга қаратилган электрон тест синовлари” ва 4-босқичда “Якуний баҳолаш” кабилар ўрин олди.Кўрик-танловнинг 1-босқичи Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган ИИББ Спорт мажмуасининг спорт зали ва стадионида, 2 ва 3-босқичлар ИИББ ММИваКБТХда ўтказилди. Мусобақа ҳакамлари иштирокчиларнинг белгиланган шартларни бажариш жараёнларини адолатли ва холисона кузатиб ва баҳолаб бориб, унинг якунига кўра фахрли 1-ўринга Якккасарой тумани ИИО ФМБ Ташкилий бўлим Тезкор бошқарув маркази оператори, сафдор Лобар Раҳмоновани лойиқ деб топди. 2-ўринга Учтепа тумани ИИО ФМБ инспектори, катта лейтенант Диёра Урозқулова, 3-ўринга Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор Ҳуснора Қодирова ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинмаси катта суриштирувчиси, катта лейтенант Дилшода Хужанова муносиб деб топилди..Бу каби тадбирларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 23 январида яна бир – ходималарнинг интеллектуал ва касбий билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини, дунёқараши ва салоҳиятини синаш, билимга интилиш ва иштиёқларини рағбатлантириш мақсадида, “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Билимлар баҳсида 15 та билимдон ходималар жамоаси иштирок этди. Қизғин ва жўшқин тарзда ўтган баҳслар ҳакамларда ҳам катта таъсурот қолдирди. Ҳакамлар бир овоздан 1- ўринга Бош бошқарма Тиббиёт бўлими жамоасини, 2-ўринга Чилонзор тумани ИИО ФМБ жамоаси, 3-ўринга Бектемир тумани ИИО ФМБ жамоасини лойиқ деб топилди. Ҳар икки мусобақа ва баҳсларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ходималар ва жамоаларга тегишли диплом ва қимматбаҳо совринлар тантанали равишда топширилди.

24 Январ 2025 йил

178

Интерактив хизматлар

Text to speech