ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ёлғон важлари фош этилди

“Мен 1961 йилда туғилган Т.Равшанбек 2022 йилнинг 20 февралида танишим П.Бобуржонга ўзим боқиб келган қорамолимни қушхонада сўйдириб, тарозида 550 килограмм чиққан гўштининг ҳар килосини 75.000 сўмдан баҳолаб, жами 41.250.000 сўмни икки ой ичида беришни ваъда қилган П.Бобуржонга сотдим. Бироқ у шу кунгача пулини бермай келмоқда. Пулимни олишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. 2022 йил 11 май. имзо”. Бу Равшанбекнинг Сергели тумани ИИО ФМБга ёзган аризасидан кўчирма. – Қорамол гўштини сотиб икки ой ичида юқорида кўрсатилган пулни беришни ваъда қилган П.Бобуржон муқаддам 2018 йилда фирибгарлик жинояти содир этиб, судланган, – дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант А.Болтаев. – Тергов жараёнида гўштнинг пулини бермоқчи бўлганлигини, аммо дори-дармонга пулларни сарфлаб юборганини айтиб, қилмишини оқлашга уринди. Агар унинг нияти беғараз бўлганида у Равшанбекнинг қўнғироқларидан қочмай, унга вазиятни тушунтириши лозим эди. Бироқ, унинг ёлғонлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган Бобуржоннинг қилмишини кўриб чиқди. Суд жазо турини тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган зарар миқдорининг қопланганлиги, жабрланувчининг судланувчига нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъволари йўқлигини инобатга олди. Буларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Суд Бобуржонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари, яъни 81.000.000 сўм жарима жазосига ҳукм қилди.

21 Декабр 2024 йил

80

“Ёшлар ҳафталиги” кундалиги

Ички ишлар вазирлиги тизимларида давом этаётган “Ёшлар ҳафталиги-2024” доирасида республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган бир гуруҳ ёш ходимлар Тошкент шаҳар ИИББ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Дастлаб улар бошқарманинг Ахборот мультимедия маркази фаолияти, унинг моддий-техник имкониятлари, жиҳозланиши, аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш, пойтахт аҳолисини ички ишлар шахсий таркибининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлари билан танишди. Марказ томонидан фуқароларни огоҳликка чақириш борасидаги ишлар, иш услублари ҳақида маълумотларга эга бўлиш баробарида, ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди. Сўнгра улар Бош бошқарманинг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида бўлиб, у ерда ташкил этилган “Ватанпарварлик бурчаги” ва хизматларга номзодларни қабул қилиш тартиби борасида яратилган электрон дастурнинг ишлаш тизими тафсилотларидан хабардор бўлишди. Шунингдек, Ягона тезкор бошқарув марказига ташрифи чоғида марказнинг жиноятчиликни “иссиқ изидан” фош этиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг амалий имкониятлари, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш услублари, тезкорликни таъминлаш жараёнлари билан танишдилар. Ташриф охирида Бошқарма қошида ташкил этилган “Шон-шараф” музейида бўлишиб, ундаги илк хизматга оид буюмлар, воситалар, таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига тегишли осори-атиқаларни қизиқиб томоша қилишгач, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардона ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган хотира монументи пойига гуллар қўйишиб, ўз ҳурмат ва эҳтиромларини намойиш этдилар. Ёшлар ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

20 Декабр 2024 йил

191

Ёшлар ҳафталиги давом этмоқда

Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши ёшларимизнинг ўз имкониятлари, иқтидорларини рўёбга чиқариш учун кенг йўл очиб берди. Ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ўз илғор ғоялари, фан-техника соҳасидаги ихтиролари, илмий ва ижодий салоҳиятга эга, фаол ёшлар билан давлат бошқарув органлари, жамоат ва илмий ташкилотлар ҳамкорлиги ўрнатилиши натижасида қатор янгиликлар юртимизнинг ижтимоий, маиший ҳаётига кириб келди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёшлар сиёсати борасидаги тегишли топшириқлари ҳамда Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан, 18-25 декабрь кунлари пойтахтимизда “Ёшлар ҳафталиги”нинг ўтказилиши ана шу ишларнинг мантиқий давомидир. Ҳафталик давомида Бош бошқарма ёш ходимлари ўртасида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар ташкиллаштирилди. Унда ИИВнинг 1-сонли академик лицейи ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари ва фахрийлар ҳам иштирок этишди. Стол тенниси мусобақасида аёллар ўртасида: 1-ўрин Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи инспектори Гўзал Ибрагимовага; 2-ўрин Яккасарой тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Мунира Джумабаевага; 3-ўрин Яккасарой тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисми инспектори, сафдор Лобар Раҳмоновага берилди. Эркаклар ўртасида: 1-ўрин Бектемир тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, лейтенант Суҳроб Қаҳҳоровга; 2-ўрин вазирлик ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Абдураззоқ Пардаевга; 3-ўрин Юнусобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, катта лейтенант Азизбек Ҳайитбоевга насиб этди. Шахмат беллашувларида: 1-ўринга вазирлик ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Камрон Ўсаров: 2-ўринга Яккасарой тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисми катта инспектор-навбатчиси, капитан Акромжон Икромов: 3-ўринга Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, лейтенант Жавоҳир Эсонжоновлар муносиб топилди. Шашка доналари сурган истеъфодаги майор Рауф Мўминов биринчи; Учтепа тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Марварид Қаландарова иккинчи; истеъфодаги подполковник Шуҳрат Аҳмедов учинчи ўринларни эгаллашди. Мусобақа ғолибларига Бош бошқарма раҳбариятининг диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

20 Декабр 2024 йил

168

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтди

“Кенг кўламли ислоҳотларимизнинг илк кунларидан бошлаб мен бир фикрни доим таъкидлаб келаман: тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам шу соҳада мужассам. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача – барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт”, - деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида. Айниқса, жойларда ҳокимлар ҳар бир тадбиркор билан кўпроқ мулоқот қилиб, корхоналарга бориб, уларни дарди билан яшаши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари давлат ва тадбиркорлар ўртасида кўприк бўлиб, аниқ таклифларни ўртага қўйиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Натижада жорий йилнинг ўзида тадбиркорлар фаолияти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган 5 та қонун, 101 та фармон ва қарорлар қабул қилинди. Президентимиз кенгаш аъзоларига, улар орқали бутун ишбилармонлар ҳамжамиятига ана шундай фаоллик учун чуқур миннатдорлик изҳор этди. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизда пул кўпайгани, инвестиция лойиҳаларини барқарор молиялаштиришнинг мустаҳкам асоси яратилгани таъкидланди. Жумладан, корхоналарнинг банклардаги маблағлари 20 триллион сўмга ошиб, 107 триллион сўмга етди. Аҳоли омонатлари ҳам 25 триллион сўмга кўпайиб, 105 триллион сўм бўлди. Бу банкларимиз барқарор ривожланаётгани, уларга аҳоли ва тадбиркорларимиз ишончи ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди. Йил якуни билан ажратилган жами кредитлар 275 триллион сўмни ташкил қилади. 2025 йилда бу 300 триллион сўмдан ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Айниқса, кичик бизнесга бериладиган кредитлар улуши ҳозирги 28 фоиздан 40 фоизга оширилиб, 120 триллион сўмга етказилади. Тадбиркорлар эҳтиёжидан келиб чиқиб банкларимиз 2025 йилда четдан давлат кафолатисиз 6 миллиард доллар жалб қилиши режалаштирилган. Факторингга кенг йўл очиб берилгани натижасида шу йилнинг ўзида 100 миллион долларлик бундай хизматлар кўрсатилди. Бизнес учун йўл, сув, электр, газ, темир йўл каби инфратузилма объектларини яхшилашга бу йил 35 триллион сўм йўналтирилди. Келгуси йил яна 43 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Корхоналарни барқарор энергия билан таъминлаш учун электр ишлаб чиқариш 82 миллиард киловатт-соатга етди. Бу йил ишга тушган 6,3 миллиард долларлик 17 та йирик “яшил” ва янги технологияга асосланган энергия қувватлари ҳисобига келгуси йилда қарийб 90 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилади. Бу ишлар давом эттирилиб, 2025 йилда яна 6,4 миллиард долларлик 25 та лойиҳа доирасида 4,8 гигаватт янги қувватлар барпо этилади. Энди энергия соҳасида ҳам рақобатли бозорга ўтиш вақти келгани қайд этилди. Ҳозирги кунда юртимизда мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар сони 24 тага етди. Илк бор 2025 йилда электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Туризм соҳасида ҳам катта ишлар қилинди. Тадбиркорларнинг 6,5 триллион сўм сармояси билан 24 минг ўринли меҳмонхоналар ишга тушди. Келгуси йилда меҳмон ўринлари яна 30 мингга ошади. Тадбиркорлар бунга 10 триллион сўм инвестиция киритишга тайёр. Бу йил ишга тушган 17 та йирик савдо ва туристик масканга қўшимча яна 25 та шундай мажмуа қўшилади. Бўстонлиқда 10 миллиард долларлик “Sea Breeze” номли йирик марказ қурилишини бошлашга келишиб олинди. Шунингдек, мамлакатимизга дунёни нуфузли Swissôtel, Sheraton, Ritz-Carlton, Novotel, Pullman, Marriott, ibis, Mercure каби 23 та меҳмонхона брендлари кириб келаяпти. Савдони ривожлантириш бўйича алоҳида компания очилиб, экспортни молиялаштириш учун 350 миллион доллар ажратилди. Натижада берилган ҳар 1 доллар ҳисобига тадбиркорлар 6 долларлик экспорт қилди. Келгуси йилда бунга яна 300 миллион доллар берилиши белгиланди. Тадбиркорлар бу йилда 11,5 триллион сўмлик 3 мингта давлат мулки ва 4 минг гектар ерни сотиб олиб, бизнесини бошлади. Келаётган йилда яна 4,5 мингта бино ва 6 минг гектар ер тадбиркорларга таклиф қилинади. Узоқ йиллардан бери давлат монополиясида бўлган йўлларни таъмирлаш ва сақлашга хусусий секторни жалб қилиш ишлари кенгайтирилади. Бу йил 260 километр йўлларни сақлаш ишлари тадбиркорларга берилди. Келаси йили бу 3 минг километрга етказилади. “Ташаббусли бюджет” доирасида йўлларни таъмирлаш ишларининг 92 фоизи хусусий пудратчилар томонидан амалга оширилди. Бу 100 фоизга етказилади. Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган 841 километр йўллар тўлиқ маҳаллий пудратчилар томонидан амалга оширилади. Темир йўл соҳасида рақамлаштириш ва операцион самарадорликни ошириш ҳисобига юк ташиш муддатлари 40 фоизга қисқарди. Муҳими, станцияларда юкларни тўловсиз тушириш вақти 2 соатдан 3 кунга узайгани учун тадбиркорлар йилига 57 миллиард сўм тежаяпти. Авиация соҳасида ҳам хусусий секторнинг роли ошиб бормоқда. Бугунги кунда хусусий авиакомпаниялар сони 14 тага етди. Қўшимча 6 та юк ва 16 та йўловчи ҳаво кемаси олиб келинди. Бухоро, Наманган аэропортлари хусусий бошқарувга берилди, Андижон ва Урганч аэропортлари бўйича тендер давом этаяпти. Президентимиз минтақадаги энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди. Шунингдек, 1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинади. Шаҳар чегарасидаги қишлоқ ерларига 2 карра ер солиғини ҳисоблаш тўхтатилади. Нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилади. Бундан ташқари, IT-park резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади. Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қилади. Йиғилишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари якуний босқичга кираётгани айтилди. АҚШ, Хитой каби йирик давлатлар билан келишувларга эришилди. Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаётган бўлса-да, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, адолатли рақобат муҳитида ишлаши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишда давом этиши таъкидланди. Бу йил қўшни мамлакатлар билан чегарадан ўтиш билан боғлиқ бир қатор масалаларга ечим топилди. Хусусан, 13 йил ёпиқ бўлган Андижоннинг “Хонобод”, “Мингтепа” ва “Қорасув” ҳамда 8 йил ишламаган “Учқўрғон” чегара постлари тикланди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар йўли 100 километрга қисқарди. Умуман, ўтган 11 ойда чегара орқали ҳаракатланган транспорт сони 400 мингга ошиб, 3 миллионга етди. Келгуси йилда “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут-ота”, “Шовот” ва “Гулбаҳор” чегара постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказиш қуввати 5 карра оширилади. Умуман, мураккаб геосиёсий шароитга қарамай, иқтисодиётимиз 6,3 фоизга ошиб, 111 миллиард доллардан кўпайгани таъкидланди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига 38 миллиард доллар инвестиция кирди, экспорт 26 миллиард доллардан ошди. Очиқ мулоқотда кўп тадбиркорлар ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд одамларни ишли қилишга тайёр эканлигини билдирган эди. Ўтган қисқа вақт ичида тадбиркорлар 387 минг камбағал оила аъзолари ва 40 минг ногиронлиги бор одамларни даромадли қилди. Мамлакатимизда камбағаллик даражаси йил якуни билан 9 фоиздан пасаяди. “Аминманки, ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлигимизни шу суръатда давом эттирсак, келгуси йилларда бу кўрсаткични бемалол 6 фоизга туширамиз. Шу ўринда, ваъдасини устидан чиқиб, янги қувватлар ҳисобига минглаб иш ўрни яратаётган, замонавий технология олиб кириб, янги ташқи бозорларни забт этаётган, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишига муносиб ҳисса қўшаётган барча тадбиркорларимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман”, - деди Президент. Келгуси йилда маррани катта олиб, ялпи ички маҳсулотни 120 миллиард долларга, экспортни 30 миллиардга етказиш, инвестицияни 42 миллиарддан ошириш, 5 миллион аҳолини банд қилиш, 1,5 миллион одамни камбағалликдан чиқариш режа қилинмоқда. Шу йилнинг ўзида хусусий секторда даромад солиғи тўловчилар сони 365 мингга кўпайди. Кейинги вазифа – уларнинг даромадини кўпайтириб, муносиб ҳаёт кечириши учун етарли шароит яратишдан иборат. Лекин хусусий сектордаги ишчиларнинг 30 фоизида расмий ойлик 1 миллион сўмдан кам қилиб кўрсатилган. Айниқса, Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда бу масала жуда долзарб экани таъкидланди. Бу асосан тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида учраяпти. Бу ҳолатнинг сабаб-омилларини бартараф этиш мақсадида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари ишлаб чиқилди. Масалан, тўқимачилик ва чарм соҳаларида камида 2,5 миллион сўм ойлик тўлайдиган, 15 фоиз ишчиси эҳтиёжманд оиладан бўлган тайёр маҳсулот чиқарувчи тадбиркорларга енгилликлар берилади. Бундай корхоналарнинг фойда солиғи ҳам, ишчисини даромад солиғи ҳам 1 фоиз бўлади. Бу имтиёзга жавобан улар 50 минг эҳтиёжманд одамни ишга олади. Давлат бошқа тармоқлар учун ҳам бу йил тугайдиган имтиёзларни мана шундай ижтимоий мезон билан узайтиришга тайёр. Йирик давлат компаниялари трансформациядан ўтиб, ташқи молия бозорига чиқмоқда. Энди тадбиркорлар ҳам банклар берадиган кредит билан чекланиб қолмасдан, халқаро стандартларга мослашиб, четдан мустақил ресурс жалб қилиш вақти келгани таъкидланди. Энг муҳими, халқаро молия ташкилотлари бу борада яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр турибди. Савдо-саноат палатаси халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиб, тадбиркорларнинг ташқи молия бозорларига чиқишига кўмаклашувчи марказ очиши муҳимлиги қайд этилди. Бу орқали келгуси йилнинг ўзида камида 100 та маҳаллий компания халқаро молия бозорлари билан ишлашга ўргатилади. Мамлакатимизда 5 мингдан зиёд ишчиси бор, йиллик даромади 1 триллион сўмдан ошган, камида 100 миллиард сўм солиқ тўлаётган 142 нафар “чемпион” тадбиркорлар пайдо бўлди. Бу корхоналар энг илғор технологиялар ва янгича бошқарувни жорий этган, ўзлари арзон ресурс олиб келаяпти, кредит ва солиқни ўз вақтида тўлаяпти, муддати ўтган қарзи йўқ. Муҳими, улар ҳар куни янгиликка интилиб, изланишдан тўхтамаяпти. Улар кўп тармоқли корпорацияга айланиб, ёндош соҳалар ривожига ҳам катта ҳисса қўшаяпти. Президент бошқа салоҳиятли тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлаб, “чемпион” тадбиркорларни кўпайтириш кераклигини таъкидлади. Бундай тадбиркорларга ер ва бинони тўғридан-тўғри бериш, давлат корхоналарини ҳам узоқ муддатга бошқарувга топшириш, ҳарбий саноат, дронлар ишлаб чиқариш, IT ва сунъий интеллектни кенг ривожлантиришда улар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди. Дунёдаги 10 та энг бой компаниянинг 7 таси IT ва финтех соҳаларидан чиққан. Аҳолимизнинг 56 фоизи ёшлар. Президент таъкидлаганидек, шу рақамларни ўзи соҳада катта салоҳият, иш ўрни, юқори даромад ётганини кўрсатади. IT, финтех, инновациялар, телекоммуникация каби соҳаларни хусусий корхоналар тез ривожлантириши, яратилган шароит туфайли қиймати 1 миллиард доллардан ошган “TBC Uzbekistan” ва “Uzum” хусусий компаниялари пайдо бўлгани бунга яққол мисол экани таъкидланди. Бундай компаниялар кўпайиши учун янада кенг шароитлар яратилади. Хусусан, уларга ривожланиш ва тадқиқот марказлари (R&D) учун лаборатория жиҳозлари, технологик ускуналарни божсиз олиб келишга рухсат берилади. IT, финтех, тадбиркорликни молиялаштириш, экспорт, туризм, хизматлар, яширин иқтисодиётни қисқартириш каби долзарб масалалар бўйича Жамоатчилик кенгашида экспертлик гуруҳларини ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Охирги 3 йилда Божхона кодексининг 100 дан ортиқ моддасига ўзгартириш киритилди. Лекин унинг қоидалари ҳам Жаҳон савдо ташкилоти, ҳам тадбиркорларнинг талабига мос эмас. Шу муносабат билан ҳар томонлама янгиланган Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Йиғилишда ички бозор билан чекланмасдан, экспортни янада кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди. Салоҳияти юқори бўлган тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат каби соҳаларда имкониятлар тўлиқ ишлатилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ҳозирда ип-калавани қайта ишлаш даражаси 50 фоиз бўлса, хом ипакда – 75 фоиз, мисда – 64 фоиз, мева-сабзавотда эса 16 фоизни ташкил қилмоқда. Мамлакатимиздаги 1 мингга яқин конларда 100 дан ортиқ турдаги минерал хомашё базаси мавжуд. Тасдиқланган захиралар қарийб 1 триллион долларга баҳоланган. Йилдан йилга қазиб олиш кўпаймоқда. Лекин саноатда юқори технологик ишлаб чиқариш улуши 25 фоиз. Шу боис Президентимиз хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қиймат ва экспортни кескин оширишга чақирди. Мутасаддиларга тармоқлар билан биргаликда ҳар бир хомашё кесимида чуқур қайта ишлаш ва юқори технологик ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Тадбиркорлар мева-сабзавотни асосан томорқадан олаётгани учун экспортга бир турдаги маҳсулотни узлуксиз ва сифатли етказиб беришга қийналмоқда. Шунинг ҳисобига экспортдан тушум ҳам паст. Келгуси йилда 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланди. Шу боис, 1 миллион гектар мева-сабзавот ерлари 760 та уруғ берувчи ва 824 та экспортчи корхонага боғланди. Шунингдек, Тошкент вилояти ва Наманганда янги тажриба бошланмоқда. Бунда пахта-ғалладан қисқарадиган ерлар 50 гектаргача йирик лотларда аукционга қўйилиб, саноатлашган плантация қилиш учун профессионал инвесторларга сотилади. Бу ерлардаги 20 сотихгача майдонда “шок” усулида музлаткич, калибровка ва қадоқлаш цехлари қуришга рухсат берилади. Етиштирилган мева-сабзавотни қайта ишлаш учун харид қилинган ускуналарга 1 миллиард сўмгача субсидия ажратилади. Президентимиз сўзининг якунида барча тадбиркорларга мурожаат қилди: “Бир фикрни доимо эсда тутишларингизни истар эдим. Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Биз давлат миқёсида қандай катта мақсад ва вазифаларни ўз олдимизга қўймайлик, уларни амалга оширишда бутун халқимиз билан бирга аввало сизларга таянамиз. Сизларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳал қилувчи куч, деб биламиз. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи”. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг эзгу мақсад билан илгари сурадиган ҳар қандай ғоя ва ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида улар ҳам жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлиб, ислоҳотларимизни янада илгари суришда таянч ва суянч бўлишига ишонч билдирди. Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.

20 Декабр 2024 йил

161

Интерактив хизматлар

Text to speech