ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Эркаласа ота-онаси, талтаяди боласи

      (Биз халқ мақолини бир оз ўзгартирдик, зотан қуйидаги мақола буни оқлашига шубҳамиз йўқ.)  Ота-она энг яхши нарсаларни фарзандларига раво кўради. Биз қийналдик, фарзандларим қийинчилик кўрмасин, дейди. Аслида бизларни меҳнаткаш, тиришқоқ ва пухталик, исрофгарчиликка берилмаслик, сабр-қаноат, режали иш қилишга ўргатган нарсалар айнан ўша қийинчиликлар эмасми?! Яхши ният билан ўғиллари Шерзодга Lacetti автомашинасини олиб берган ота-она хато қилишганини кеч англашди. Бироқ ғишт қолипдан кўчганди. Шерзод эртадан кечгача автомашинасида ўртоқлари билан шаҳар айланиб, кунларини тараллабедод ўтказишга ўрганди. Уларга ишлаяпман, деб турли баҳоналарни ўйлаб топиб, алдаб юрди. Ота-онаси Яшнобод тумани Ички ишлар органларига чақирилгандагина фарзанди нима ишлар қилиб юрганидан хабар топишди. Аввалига ишонишмади. Лекин далилий ашёларни инкор қилиб бўлмайди. Воқеа тафсилотлари ҳақида Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Сирожиддин Зайниев қуйидагиларни маълум қилди.        –  Шерзод таниши Иброҳим билан жиноий тил бириктириб,  2023 йилнинг 2 январь куни тунги соат 01.30ларда Чилонзор туманида изғиб юришади. Ж.Садиновга тегишли бўлган, қаровсиз қолдирилган Lacetti автомашинасининг 1.984.000 сўмлик иккита ғилдиракларини ўз ускунаси ёрдамида ечиб олишиб, машинасига ортиб жуфтакни ростлашади. 2024 йилнинг 5 январида тунги соат 02ларда  Яшнобод тумани Ховос кўчасида Ш.Боймировга тегишли Cobalt автомашинасининг 7.500.00 сўмлик 4 дона ғилдирагини дисклари билан ўмариб кетишади. Иккиси жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида Д.Убайдовга тегишли бўлган Lacetti автомашинасининг 600 АҚШ долларилик 2 дона ғилдиракларини дисклари билан ўмариб кетишади.           Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди очиқ суд мажлисида 2002 йилда туғилган Шерзод ва Иброҳимларнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топган. Суд уларнинг муқаддам судланмаганлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, ҳар иккисига 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

5 Ноябр 2024 йил

0

Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан Шароф Рашидов хотирасига бағишланган хотира кечаси ўтказилди

Юнусобод тумани ИИО ФМБ ташаббуси билан атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов хотирасига бағишланган хотира кечаси ташкил этилди. “Янгиланаётган Ўзбекистонда, инсон азиз хотира муқаддас” шиори остида ўтказилган кеча Шароф Рашидовнинг “бюсти” ўрнатилган хиёбонда бўлиб ўтди.Тадбирда туман ИИО ФМБ бошлиғи полковник Абдумажид Шермухамедов ва ИИО ходимлари, Ички ишлар вазирлигига қарашли ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчилари, ИИВ Академияси курсантлари, Жамоат хавфсизлиги университети тингловчилари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.Хотира кечасида сўзга чиққанлар Ўзбекистон тарихини миллий руҳ билан яратишда тарихда ёрқин изини қолдирган буюк шахсларнинг ҳаёт фаолиятини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Чунки уларнинг тарихи ёшларимизга ибрат бўлади. Яқин тарихимизда ибрат бўладиган шахслардан бири - қарийб чорак аср давомида Ўзбекистонни бошқарган буюк давлат арбоби ва таниқли ёзувчи Шароф Рашидов ана шундай тарихий шахслардан эканлиги таъкидлаб ўтилди.

5 Ноябр 2024 йил

39

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё

       Шавкат Шоматовлар оиласида тиббиёт соҳасига кўпроқ ёнбосишлик кузатиларди. Дарҳақиқат, одамларнинг дардига малҳам бўлиш, дардини аритиш, соғлиқ улашишдек эзгу ва савобдан катта бахт йўқ. Оила катталари тиббиёт соҳасида  ҳалол меҳнат қилиб, касбидан обрў ва  эътибор топиб келаётгани ҳам бунга мисол эди. Бироқ Азиз Шоматов ўрта мактабни битирибоқ Республика Қуролли кучлар сафида ўз йигитлик бурчини ўташга ошиқди. Ҳолбуки, у мактаб чоғлариданоқ бўлажак касбини танлаб бўлган эди. Ватан тинчлиги-осойишталигини асраш, жиноий иллатларга қарши кураш,  юртдошларини жиноий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳам эл соғлиғини ҳимоя қилишдан фарқланмайдиган касб. Азиз 1996 йили йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Собир Раҳимов тумани ички ишлар  бўлимига (ҳозирги Олмазор тумани) ҳужжатларини топширди. Туман ИИБ навбатчилик қисми навбатчи милиционери лавозимида иш бошлади. Илк устози навбатчи, капитан  Ҳамдам Қаршиевдан соҳанинг ўзига хос жиҳатларини  тиришқоқлик ва қунт билан ўрганди. Бу орада устозининг маслаҳатларига қулоқ тутиб, ҳам тажрибаси, ҳам махсус маълумотини ошириб борди. Кўп йиллар туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори лавозимида ҳам фаолият юритди. Бу хизмат йилларини Азиз ўзгача хотиралар билан эслайди. Жуда кўплаб инсонлар тақдири ва ҳаёти билан танишди, турфа феълли шахсларнинг туриш-турмуши, фикрлаши ва онги бирда уни ҳайратга солган бўлса, бирда чуқур ўйлашга ундади. Кейинчалик бу ўзлаштирган ҳаётий ва  касбий тажрибалари нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг ҳам муаммоларига тўғри ечим топишига, жўяли маслаҳатлар беришига хизмат қилди. Синчковлиги ҳамда зийраклиги туфайли кўплаб жиноятларнинг олдини олиб, ИИББ раҳбариятининг ташаккурномалари ва фахрий ёрлиқларига сазовор бўлди. Ишхонада бўлгани каби, маҳаллада ҳам обрў-эътибор қозонди.        Айни дамда Азиз Шоматов муаззам шаҳримизнинг Олмазор тумани  1-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчи катта инспектори лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда. Бу орада кўплаб шогирдлар етиштирди.  Майор Илҳом Абдураҳмонов, эрта-индин зобитлик унвонини оладиган Жамшид Эргашев ва бошқа кўплаб шогирдлари устози Азиз Шоматовни илиқлик билан тилга  олишади.        – Азиз ака жуда талабчан ва қаттиққўл устоздир. Уларнинг соҳа бўйича тажриба ва малакасидан ташқари  ҳаётий тажрибалари ҳам эътирофга лойиқ, – дейди Жамшид. – Ҳаммамиз инсонмиз. Турмушда нималар бўлмайди, дейсиз. Азиз аканинг ҳар бир вазият ва шароитга теран ва адолатли қараши, тўғри маслаҳатлари бизларга айрим хизмат ва турмуш қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Шу боис нафақага чиқишини ҳам кечиктириш тарафдоримиз.        Азиз ака хизматни сидқидилдан адо этиш билан бирга оила, фарзанд тарбиясини ҳам биргаликда уйғун олиб боришга интилди. Турмуш ўртоғи Нигора опа билан уч фарзандининг эл-юртга нафи тегадиган, баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор беришди. Бугун уч фарзанди ҳам олий ўқув юртлари талабаларидир. Оила маҳаллада ўз ўрни ва салмоғига эга. Азиз ака маҳалла аҳлининг йиғину тадбирларида ҳам бош-қош. Бир сўз билан айтганда ибрат олса арзигулик оила.

4 Ноябр 2024 йил

139

Интерактив хизматлар

Text to speech