Тошкент шаҳар ИИББга Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги делегацияси ташриф буюрди

Ташриф доирасида Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги делегацияси Халқаро терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Сон Хен Му бошчилигида Тошкент шаҳар ИИББга келишганда, меҳмонларни Бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Турсунов У. қарши олиб, улар билан суҳбат олиб борди.

Томонлар халқаро терроризм ва экстремизм қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари, тажриба ва маълумот алмашиш масалаларини муҳокама қилишди. Бугунги кунда терроризмга қарши кураш ва террористик хавфларни ўз вақтида бартараф қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг кучларини ҳудудий ва халқаро миқёсда бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Меҳмонларга ички ишлар органларидаги ислоҳотлар, Тошкент шаҳар ИИББ фаолиятини такомиллаштириш бўйича чораларни амалга ошириш, “Хавфсиз пойтахт” Концепциясини жорий қилиш, жиноятчиликка қарши кураш натижалари ва ҳуқуқбузарликларни эрта олдини олиш бўйича чоралар ҳақида сўзлаб беришди.

Шу куннинг ўзида Корея Республикаси МПА делегацияси Тошкент шаҳар ИИББ бўлинмаларида ҳам бўлишди. Меҳмонлар пойтахтдаги туман ички ишлар бўлимларидан бирида бўлиб, у ерда ходимлар ва мурожаатчи фуқаролар учун яратилган шароитлар, бўлимнинг техник жиҳозлари, шу ўринда ахборот-коммуникацион технологиялар билан танишиб чиқишди. Корея Республикаси Миллий полиция агентлиги вакиллари туман ҳудудига хизмат олиб борадиган шошилинч хизматлар автомототехникаларини ҳам кўздан кечириб чиқишди. Сўнг меҳмонларга Тошкент шаҳар ИИББ тезкор махсус отрядлари жангчиларининг намунали чиқишлари намойиш этилди.