Тошкент шаҳар ИИББда коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Хитой полициясининг тажрибаси муҳокама қилинди

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси бошлиғининг Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили жанов Лю Тунпин билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашув давомида ХХР ЖХВ делегацияси вакиллари касалликнинг тарқалишига қарши ташкил этилган тадбирларга жалб қилинган Жамоат хавфсизлиги вазирлиги, идоралар ва жамоат ташкилотларининг ҳаракатлар режасини баён қилиб беришди. Карантин шароитида фуқорларга бўлган талабларга алоҳида урғу берилди. Ўзни яккалаш тартиби жорий қилиниб, Ухан шаҳри аҳолисига ҳар бир хонадондан фақат бир киши уч кунда бир марта кўчага озиқ-овқат ва дорилар учун чиқишига рухсат берилган, бунинг учун махсус йўлланма ҳам жорий қилинган.

Юртимиз ҳукуматининг коронавирус инфекцияси билан касалланган шахслар аниқланишининг илк кунлариданоқ кўрилган чоралари ва сайъ-ҳаракатларига Хитой томон ижобий баҳо берди. Хусусан, жамоат транспорти фаолияти тўхтатилиши, эпидемиология ҳолатига алоқадор одамлар ва автотранспорт ҳаракатини тақиқлаш, шаҳардаги ҳолат, зарарланганлар сони ҳақида аҳолига мунтазам маълумот бериш, шунингдек аҳолининг ижтимоий заиф қатламини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ билан ўзаро алоқа йўлга қўйилиши шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, ХХР делегацияси вакиллари томонидан пандемияга қарши кураш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда чоралар самарасини оширишга ва коронавирус пандемиясини тўхтатишга қаратилган бир қатор тавсиялар берилди. 

Учрашув икки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар вакилларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги руҳида ўтди.