Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси

Ушбу бошқармага Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Сайфулов Рустам Амирович бошчилик қилади. 

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6-мартдаги “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4229-сонли Қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • туристларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек улар Ўзбекистон пойтахтида бўлган давр мобайнида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
  • туристларга нисбатан ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг профилактикаси, шунингдек туристлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш;
  • ноқонуний тарзда экскурсоводлик (гид) қилувчи, шунингдек туристларни ноқонуний тарзда (лицензиясиз) ташувчи (аэропорт, вокзал, меҳмонхоналарга туташ ҳудудларда) шахсларни аниқлаш;
  • туристлар билан боғлиқ бўлган жиноятларни фош этиш ва жиноий ишларни тергов қилиш;
  • туристларга юридик ёрдам кўрсатиш;
  • туристлар мулкларини яхлитлигини таъминлаш, уларнинг йўқолган буюмларини қидириш;
  • ноқонуний даромад кўриш ниятида туризм соҳасидан жиноий мақсадларда фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахсларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш;

Қўйилган вазифаларни самарали ҳал этиш учун бошқарманинг қуйидаги тузилмаси белгиланди: жиноят қидирув бўлинмаси; ахборот-таҳлилий бўлинма; тергов гуруҳи; жамоат тартибини сақлаш гуруҳи; ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкиллаштириш гуруҳи; йўл ҳаракатини таъминлаш гуруҳи; канцелярия.

Бошқарма қаршисида турувчи вазифаларнинг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда, ходимларга юқори талаблар қўйилади. Номзодлар синчиклаб сараланади. Фақатгина офицерлар таркибидан ташкил топган номзодларга қўйиладиган талаблар орасида асосийлари: яхши жисмоний ҳолат, камида учта тилда эркин сўзлаша олиш ва буни тасдиқловчи тегишли сертификатга эга бўлиш.      

Бошқарма ходимлари туристлар энг кўп бўладиган ҳудудларда, яъни аэропортлар, вокзаллар, маданий мерос объектлари, меҳмонхоналар, музейлар, театрлар ва бошқа жамоат жойларига туташ ҳудудларда хизмат олиб боришади.

Туристлар бошқарма ходимларини дарҳол танишлари учун, ходимларнинг хизмат кийимлари бошқа хизмат вакилларининг хизмат кийимларидан ажралиб турувчи белгилар билан тайёрланган. 

Булар:

  • тепа қаторда “MINISTRY OF INTERNAL AFFAIRS OF THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN” номли ҳамда пастки қаторда “DEPARTAMENT OF TOURISM SAFETY COORDINATION” номли эмблема;
  • Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси патруль-пост хизмати ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимларининг хизмат кийимларининг орқа томонида “TOURIST POLICE” ёзуви бор;
  • ички ишлар органларининг бошқа хизматларидан фарқ қилувчи “TOURIST POLICE” ёзувли уқалар.

“Туристик полиция” учун мўлжалланган патруль автомобиллари, автобус, скутер ва мотоцикллар Тошкент шаҳар ИИББнинг бошқа хизматларидан фарқ қилувчи белгига эга.

Ўзбекистон Республикаси пойтахтига ташриф буюрувчи туристлар учун қулайлик яратиш мақсадида, ҳозирги вақтда Бошқарма билан боғловчи “1173” махсус қисқа рақамининг синов ва созлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек Бошқарма ходимлари билан 102, 71-232-10-02 рақамларига қўнғироқ қилиб, ёки tourist_police@iibb.uz электрон манзилига мурожаат йўллаган ҳолда боғланиш мумкин.