Ватанимизнинг бой тарихи, қадим асори-атиқалари, маданияти, илм-фан ютуқлари қаторида заминимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, мўл-кўлчилик мамлакатимиз ҳаёти билан танишиш, ўрганишни орзу қиладиган сайёҳларни оҳанрабодек ўзига тортади. Шу боис йилдан-йилга сайёҳларнинг оқими ошиб, юртимизнинг дунё миқёсида мақоми юксалиб бораётгани кишини қувонтиради.
Лекин афсуски, мана шундай ривожланишга қарамай, йирик бозорларимиз, йўлларимиз, чорраҳаларимизда ва бошқа жамоат жойларида тиланчилик билан шуғулланиб келаётган шахсларнинг борлиги ачинарли ҳолат. Тиланчилик қилиш қонун билан тақиқланган бўлишига қарамасдан, айрим шахслар бу қилмишни ўзига даромад манбаига айлантириб олган.
Фикримизнинг далили сифатида биргина жорий йилнинг июнь ойида пойтахтимизда тиланчилик билан шуғулланаётган шахсларга қарши ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида уч юзга яқин шахслар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.
Жумладан, 70 нафарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188 прим 3-моддасига асосан (“Тиланчилик қилиш”) маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, 47 нафари маъмурий жаримага тортилган. 68 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган ва суд томонидан огоҳлантирилган. 44 нафар вояга етмаганлар “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказ” ларига топширилган. 15 нафарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари аниқланмаганлиги сабабли Реабилитация марказига юборилган, 2 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127 прим 1-моддасига асосан (“Тиланчилик қилиш”) жиноят иш қўзғатилган. Қолган шахсларга нисбатан текширув ишлари давом этмоқда.
Агар жорий йилнинг ярим йиллик ҳисоботига мурожаат қилсак, тиланчиликни ўзига касб қилиб олган 1880 нафар шахслар аниқлангани афсусланарли ҳолдир. Фойдали меҳнат билан шуғулланмай, ўзига тиланчиликни касб қилганлар нафақат юртимизнинг нуфузи, шаъни балки, сайёҳларнинг ватанимиз ҳақидаги тасаввурларига ҳам жиддий путур етказаётгани сир эмас. Шу ўринда ишламай енгил пул топиш пайида бўлган айрим шахсларга тиланчилик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 188 прим 3-моддасида маъмурий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Бу турдаги ҳуқуқбузарлик билан шуғулланиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёҳуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шундай қилмиш маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилса, шунингдек такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб; бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127 прим 1-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади ва беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.