17 Январ 2026 йил 1900

Тезкор-қидирув хизмати Қидирув бўлими томонидан амалга оширилган ишлар: йил якуни сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланганидек – жиноятга жазо муқаррар. Жиноят содир этган ҳар бир шахс содир этган қилмиши учун қонун олдида жавоб беради. Жиноий жавобгарликдан қочиб қутулиб қолиш мақсадида тергов ва суд органларидан яширинган шахслар билан Тезкор-қидирув хизмати Қидирув бўлими ходимлари шахсан шуғулланади.

Ўтган 2025 йил давомида Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг ҳудудий тизимлари, прокуратура ва суд органлари томонидан қидирув эълон қилинган жами 3923 нафар шахснинг 2146 нафари аниқланиб ушланган. 94 нафарининг қидирув ишлари ҳудудийлик бўйича юборилган.

Қидирувдаги шахслар томонидан содир этилган жиноятларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида белгиланган моддалар кесимидаги таҳлили:

▫️ 97-модда (“Қотиллик”) – 6 нафар;

▫️ 104-модда (“Оғир тан жароҳати етказиш”) – 18 нафар;

▫️ 118-модда (“Номусга тегиш”) – 5 нафар;

▫️ 164-модда (“Босқинчилик”) – 16 нафар;

▫️ 165-модда (“Товламачилик”) – 14 нафар;

▫️ 166-модда (“Талончилик”) – 38 нафар;

▫️ 135-модда (“Одам савдоси”) – 7 нафар;

▫️ 169-модда (“Ўғирлик”) – 293 нафар;

▫️ 168-модда (“Фирибгарлик”) – 1084 нафар;

▫️ 167-модда (“Ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш”) – 83 нафар;

▫️ 277-модда (“Безорилик”) – 48 нафар;

▫️ 273-276-моддалар (Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ) – 143 нафар;

▫️ терроризм ва диний экстремизм билан боғлиқ жиноятлар – 20 нафар;

▫️ бошқа турдаги жиноятлар бўйича 443 нафар.

Бундан ташқари, республика ҳудудидан чиқиб қочиб кетган 86 нафар қидирувдаги шахслар МДҲ ва бошқа чет эл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ушланган. Улардан 73 нафари МДҲ давлатларида, 17 нафари бошқа давлатлар ҳудудларида қўлга олинган. 67 нафари 2025 йил давомида Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Тергов ва суд органларига келишдан бўйин товлаб юрган, бироқ расмий қидирув эълон қилинмаган жами 741 нафар шахслар ҳам ўз вақтида аниқланиб, тергов ва суд органларига келтирилган.

Шунингдек, узоқ йиллар аввал жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан қочиб юрган 73 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган. Мисол учун, Жиноят кодексининг 135-модаси 3-қисмида (“Одам савдоси”) назарда тутилган жиноятни содир этган 1977 йилда туғилган Н.Рисолат 2012 йилдан бери қидирувда бўлган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу шахс 2025 йилнинг 19 март куни ушланган. 2019 йилдан Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан айбланиб қидирув эълон қилинган 1984 йилда туғилган Т.Олег 2025 йилнинг 23 январь куни ИИО ходимлар томонидан қўлга олинган.

Қидирувдаги шахсларнинг ушланиши – фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга йўллаган мурожаатлари ҳал этилишига, бузилган ҳуқуқлари тикланишига, етказилган моддий зарарлар қопланиши таъминланишига, давлат идораларидан рози бўлишига хизмат қилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech