15 Октябр 2024 йил 605

Тезкор-профилактик тадбирлар давом этмоқда

Пойтахтимизда гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги доирасида  ҳудудларда кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Оғуфурушлар ва уларнинг кирдикорларини фош этиш борасида муросасизлик ва пухталик билан олиб борилаётган шаҳар ИИББ, Юнусобод тумани ИИО ФМБ, Тошкент шаҳри бўйича Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳамжиҳатликдаги хатти-ҳаракатлари туфайли яна бир жиноий қилмишга барҳам берилди. Юнусобод туманида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний  айланмаси тўхтатиб қолинди. Ўзини шубҳали тутган 2006 йилда туғилган Ҳ. ИИО ходимлари томонидан тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилганда, кийимининг чап ва ўнг чўнтакларидан 50 дона психотроп дори воситалари топилди. Бундан ташқари унинг яшаш манзили онаси ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда уйнинг кириш йўлаги шифтидан 335 дона, иситиш мосламаси тизими ичидан 125 дона жами 510 дона инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.  Мазкур ҳолат бўйича Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим1-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи Ҳ.га эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech