Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги принципи белгилаб қўйилган. Лекин айрим шахслар содир этган қилмиши учун қонун олдида жавоб беришнинг ўрнига, тергов ва суд идораларидан қочиб, жазодан қутулиб қолишга интилади. Лекин тезкор қидирув хизмати ходимлари қидирувдаги шахсларни ушлаб, қонун устуворлигини таъминлайдилар.
2025 йил бошидан пойтахтда жиноят содир этиб, тергов ва суддан қочиб яширинганлиги сабабли 2 461 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати тезкор вакиллари томонидан 860 нафар қидирувдаги шахслар ушланган.
Уларнинг 412 нафари 168-модда (“Фирибгарлик”), 123 нафари 169-модда (“Ўғрилик”), 45 нафари гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, 32 нафари 167-модда (“ Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 24 нафари 277-модда (“Безорилик”), 17 нафари 166-модда (“Талончилик”), 7 нафари 104-модда (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”), 5 тадан 164 (“Босқинчилик”), 165 (“Товламачилик”), 97-модда (“Қасддан одам ўлдириш”) лар ва қолган 185 нафари бошқа моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этган шахслардир.
Давлатлараро ҳамкорлик муносабатларнинг мустаҳкамлиги натижасида 29 нафар қидирувдаги фуқаролар бошқа давлатларда ушланиб Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Шунингдек пойтахт ИИББ Тезкор қидирув хизмати ходимлари МДҲ давлатларига хизмат сафарига бориб, у ердаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда 50 нафар қидирувдаги шахсларни ушлаб Ўзбекистонга олиб келишган. Улардан 44 нафари Россия Федерациясида, 4 нафари Қозоғистон Республикасида, 2 нафари Қирғизистон Республикасида ушланган.
Мисол учун, 1980 йилда туғилган И.Ғофур 2009 йил декабрь ойида босқинчилик жиноятини содир этганлиги учун қидирув эълон қилинган. Деярли 16 йил давомида одил судловдан қочиб юрган шахс 2025 йилнинг 3 июнь куни Россия Федерациясининг Москва вилоятида ушланган ва Тошкент шаҳрига олиб келиниб, терговга жалб қилинган.
1981 йилда туғилган А.Фаррух эса 2024 йил май ойида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзгалар мулкини талон-тарож қилганликда айбланиб, қидирув эълон қилинган эди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида у 2025 йилнинг 15 апрель куни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида қўлга олиниб, Тошкент шаҳрига олиб келинди. Эндиликда у содир этган жинояти учун қонун олдида жавоб бермоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ Ягона тезкор бошқарув маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда 555 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. Улардан 399 нафари Тошкент шаҳрида қидирувга берилганлар, 156 нафарини бошқа вилоятларда қидирувга берилган шахсларни ташкил этади.
Натижада жиноят учун жавобгарлик муқаррарлиги ва қонун устуворлиги принциплари таъминланган. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қопланишига эришилган. Жумладан ушбу қидирувдаги шахслар томонидан жабрланувчиларга жами 22 млрд 153 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, шундан 9 млрд 535 млн сўм миқдоридаги моддий зарар қопланиши таъминланган.
Қидирувдаги шахсларнинг ушланиши – фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга йўллаган мурожаатлари ҳал этилишига, ҳуқуқлари тикланишига, давлат идораларидан рози бўлишига хизмат қилмоқда.
Яна бир йўналишга эътибор қаратсак – бедарак кетганлар.
Йил бошидан Тошкент шаҳри ҳудудида бедарак кетганлик ҳолати бўйича 3 183 та мурожаат келиб тушган. Ушбу фуқароларнинг 3 148 нафари бир неча соат ичида топилиб, яқинлари бағрига қайтарилган.
35 нафар шахслар ҳозирги кунда қидирилмоқда, уларнинг 22 нафари руҳий касалликка чалинган бўлиб, ўзи ҳақидаги маълумотни айтиб бериш имконига эга эмас.
Бедарак кетганларни қаердалигини аниқлаш ва оиласига қайтариш чораларини кўриш мақсадида ИИО ходимлари туну кун хизмат олиб бормоқда. Ҳар бир аниқланган шахслар билан индивидуал ишланиб, бедарак кетиш сабаблари ўрганилади, оилавий муаммолар сабабли уйидан кетиб қолиш ҳолатлари аниқланса, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам бериш чоралари кўрилади.