ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Сафларимизда билимдон ёшлар

     Фазлиддин Ҳакимов касб танлашда ўйланиб ўтирмади. Чунки, отаси  Акмал ака кўп йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилган, масъулиятли ва қаттиққўл, бир сўзли инсон. Отанинг тартибли, интизомли, ҳамиша билимларини оширишга бўлган ҳаракати фарзандлар тарбиясида ҳам ўз аксини топганди.     2022 йилда Тошкент Давлат юридик университетини муваффақиятли битирган Фазлиддин Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармасида иш бошлади.     –Устозим махсус топшириқлар бўйича инспектор, капитан Яшнар Мусурмоновдан хизматнинг сир-асрорларини ўргандим, – дейди  лейтенант Фазлиддин Ҳакимов. – Ҳужжатлар билан ишлаш, ҳисоботларни тўғри ва аниқ юритиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида профилактик тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, айниқса ёшлар, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги билим ва тажрибалари  ҳар қанча ўрганишга лойиқдир.     Фазлиддин жуда омадли экан, зотан уйда отаси Акмал акадан йўл-йўриқлар олса, тушунмаганини сўраб билса, ишхонада устози Яшнар Мусурмоновдан  билмаганларини ўрганди.     Онаси Холида опа ҳар сафар ўғлини ишга кузатар экан, ҳамиша ҳалол, пок ишлаши, ўқиб ўрганишдан чарчамаслигини, ҳамиша ўз устида ишлаши лозимлигини таъкидлайди. Волидасининг сўзлари доим унинг қалбида акс садо бериб туради.     – Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги турли-туман контентларнинг ёшлар онгига таъсири жуда кучли. Уларни орасидан кераклиларини саралаб олиш ҳали онги ривожланмаган, дунёқараши шаклланмаган ўсмирлар учун анча мушкул, – дейди суҳбатни давом эттирар экан лейтенант Ф.Ҳакимов. – Ҳуқуқбузарлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган, тарбияси оғир деб топилган ўсмирлар билан тушунтириш ишлари олиб борилганда, улар аксарият вақтларини интернет-кафе, интернет-клубларда ўтказишлари маълум бўлади. Шу боис ота-оналар фарзандлари интернетда нималарни кўрмоқда назорат қилишса, айни муддао бўларди.     Ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари ҳамиша долзарб бўлган ва шундай бўлиб қолади. Пойтахт ИИББ ҲПБ катта инспектори, лейтенант Ф.Ҳакимовнинг ёшлар, вояга етмаганлар ўртасида профилактика масалаларига урғу бериши, келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларни эгри йўлдан қайтариш, баркамол инсонлар бўлиб етишишига ҳисса қўшишдан иборатдир.

1 Июл 2024 йил

160

Пробация хизмати ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш юзасидан машғулотлар ўтказилди

Тошкент шаҳар ИИББда пробация хизмати ходимлари ўртасида хизмат, жанговар ва ахлоқий-психологик тайёргарлик машғулотлари ташкил этилди. Машғулотларда шаҳар ИИББ Пробация бошқармаси ҳамда туман ИИО ФМБ Пробация бўлим (гуруҳ) лари шахсий таркиби иштирок этди. Тадбирда ички ишлар органларида хизмат интизоми талабларига, қонунчиликка риоя қилиш, мавжуд муаммолар ва уларга ечим топиш йўллари ҳақида сўз борди.Машғулотлар сўнггида келгусида ходимларни соҳаси бўйича билим, тажриба ва кўникмаларини, шунингдек, жисмоний ва жанговар шайлигини янада ошириш, коррупцион ҳамда тамагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик, ходимларни ўз хизмат вазифаларини қонунийликка қатъий амал қилган ҳолда бажаришлари юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

1 Июл 2024 йил

166

Ўткир тиғли жисмларни олиб юриш фактларини аниқлаш бўйича махсус тадбирлар олиб борилмоқда

Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари томонидан мунтазам равишда махсус профилактик тадбирлар олиб борилади. Мақсад - совуқ қурол, ўқ-дорилар, психотроп ва гиёҳвандлик воситаларига эга бўлган фуқароларни аниқлаш ва уларга қонуний чора кўришдан иборат.Жумладан, пойтахтда "Зарбдор ойлик" доирасида ўтказилаётган "Тиғ" профилактик тадбирлари натижасида бемақсад олиб юрилган ўткир тиғли буюмлар аниқланиб, далолатнома асосида расмийлаштириб олинмоқда. Хусусан, 907 та ўткир тиғли буюмлар: 789 дона пичоқ, 20 дона кастет, 15 та бита ва бошқа хавфли буюмларни олиб юриш ҳолатлари аниқланган. 329 та факт бўйича маъмурий баённомалар тузилди.Бу каби қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан жойларда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ушбу ҳолатларнинг ҳуқуқий оқибати юзасидан аҳоли орасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.

29 Июн 2024 йил

420

Интерактив хизматлар

Text to speech