Тезкор хабарлар

22-июнь куни соат 11.00 да Юнусобод туманида фохишахона борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, 46 ёшли Рамиль М. мунтазам равишда 100 минг сўм эвазига “ёлғиз қолишни истаганларга” уйидан жой берар экан. Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси бўйича (“Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш”) жиноий иш қўзғатилди.

***

22-июнь куни Шайхонтохур тумани ИИО ФМБга келиб тушган хабарга кўра, жиноий иш бўйича олиб борилган тергов ишлари давомида аниқланишича, 13-июнь куни соат 01.00 да 37 ёшли Дилшоджон П. ва 34 ёшли Мақсаджон К. 46 ёшли Ёрқин Д.га унга тегишли бўлган 50.000 АҚШ долларини Туркияга жўнатишда ёрдам беришларини таклиф қилишган. Пулларни қўлга киритгач, Дилшоджон ва Мақсаджон ваъдаларида турмасдан, уларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган. Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

***

24-июнь куни соат 15.50 да Олмазор туманида 23 ёшли Исҳоқ М. 49 ёшли Ровшан А.га тегишли бўлган “Матиз” русумли автомобиль қаровсиз қолдирилганлигидан, ойналари эса очиқлигидан фойдаланиб, машина салонидан 85.000 сўм пул ва “Нокиа 1280” телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Кўрилган чоралар натижасида Исҳоқ М. қўлга олинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Автомобилингизни қаровсиз, ойналарини очиқ ва калитни ўтолдиргичда қолдирманг. Огоҳ бўлинг!