Тезкор хабар

Интернет тармоғида эркак кишининг қўлга олинишининг видеоси тарқалиши билан боғлиқ факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

2 октябрь куни Миробод тумани ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан прокуратура органларининг қарорига кўра масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари бўлмиш Сайидали М.нинг турар жойи аниқланган. Илгарироқ, тергов олди текширувлари давомида прокуратура ходимлари томонидан мазкур МЧЖ раҳбарияти мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлагани аниқланган.

Бундан ташқари, Сайидали М.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқа бир МЧЖ раҳбари А.Г.дан келиб тушган ариза мавжуд. Мазкур аризада дори воситаларининг олди-сотдиси келишуви бўйича қолган маблағ тўланмаганлиги маълум қилинган.

Тезкор ходимлар ўзларини таништириб ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб Сайидали М.га туман прокуратурасига унга нисбатан келиб тушган ариза бўйича ҳолатни аниқлаш учун бориш кераклигини айтишган. Аммо Сайидали қочишга уриниб, фаол қаршилик кўрсатган. Шунинг учун ходимлар қонунчиликка мувофиқ Сайидалининг қўлларига кишан солиб прокуратурага олиб боришга мажбур бўлишган. Ҳозирги вақтда Миробод тумани прокуратураси томонидан тергов олди текшируви олиб борилмоқда.