Республика ишчи гуруҳи аъзолари Мирзо Улуғбек туманидаги ишлар жараёни билан танишди
Юртбошимизнинг жорий йилнинг дастлабки кунларидан “2025 йилда республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”қабул қилган қарорида белгиланган вазифалар ички ишлар органлари, жумладан, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан чуқур ўрганилиб, ижроси тизимли равишда таъминланиб келинмоқда. Жойларда мазкур қарор ижроси жараёнини ўрганиш, самарадорлигини ошириш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳи пойтахт туманларида бўлиб, ИИО ФМБ ҳудудий таркибий тузилмалари, “маҳалла еттилиги”, маҳалла фаоллари, тегишли ташкилот-идоралар масъуллари томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиб, ҳисоботларини тинглаб келмоқда. Шундай ташрифлардан бири пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманига уюштирилди. Ишчи гуруҳ аъзолари туманда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши кескин курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш орқали жиноятлардан ҳоли ҳудудга айлантириш, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар ва ишсизлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиб, бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, масъулларнинг ҳисоботлари тингланди. Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, аҳоли тинчлик-осойишталигини сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб, олдини олиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан самарали ишлаш, айни вақтда долзарб бўлиб келаётган кибермакондаги жиноятлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний айланмаси ва тарқатилишига қарши курашда, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ташаббус кўрсатиб, фаол профилактик тадбирлар ўтказиб, бошқаларга намуна бўлиб келаётган ички ишлар, Миллий гвардия, маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари туман ҳокимлигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ишчи гуруҳининг туманлардаги вазият, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш жараёнлари давом эттирилади.