ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўлида

Юртимиз раҳбарининг республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш бўйича жойларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида, “Ажрим ёқасидаги оила” ва “Оилавий (маиший) зўравонлик” мавзуларига бағишланган профилактик тадбир ўтказилди. Тадбир Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа ва санъат институтида ўтказилиб, унда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлр бўлими бошлиғи Ш.Шакирова, туман ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Ф.Джуманазарова ҳамда мутасадди ташкилотлар мутахассислари қатнашдилар. Йиғилганлар олдида сўзга чиққанлар, ҳозирги кунда ажрим ёқасида турган оилалар, оилавий зўравонлик ва тазйиқларга барҳам бериш юзасидан амалга оширилаётган комплекс профилактик чора-тадбирлар ҳақидаги фикрларини билдириб ўтишди. Тадбир якунида иштирокчилар эътиборига “Оилавий маиший зўравонлик ҳолатларига чек қўйиш” мавзусига бағишланиб тайёрланган видеороликлар намойиш этилиб, мавзуга алоқадор эслатма ҳамда флаерлар тарқатилди. Бу каби тарғибот ишлари оилаларни мустаҳкамлаш, фарзандлар тарбияси, оила аъзолари ўртасидаги қадрдонлик ришталари, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромнинг кучайишига, оилада тотувлик, жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

18 Феврал 2026 йил

99

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда номаълум аёл ўз фарзанди ҳаётини хавфга солаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Янгиҳаёт тумани, “Янги Чоштепа” маҳалласи ҳудудида, 2001 йилда туғилган Н.К. Вояга етмаган фарзандини еттинчи қаватдаги уйининг деразасидан чиқариб, телефонига тасвирга олган ҳамда ушбу видеони ижтимоий тармоққа жойлаган. Ҳозирда Н.К. нинг руҳий ҳолатини текшириш мақсадида, руҳий-асаб касалликлар шифохонасига юборилган. Шунингдек, унинг Вояга етмаган фарзандига зарар етмаганлиги ҳамда у яқин қариндоши қарамоғига топширилганлигини маълум қиламиз. Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув давом этмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

17 Феврал 2026 йил

271

Гиёҳвандлик тўрининг қурбони

Республикамиз оммавий ахборот воситалари орқали гиёҳвандлик балоси, унинг ҳар қандай кўриниши: истеъмоли, тарқатилиши, сақланиши қонун томонидан кескин қораланиб, ижтимоий оғир оқибатлари, миллат генофондига салбий таъсири ҳақида мунтазам равишда огоҳлантирилишлар, реал маълумотлар берилади. Бу борада ички ишлар органлари ходимларининг масъуллари томонидан маҳаллалар, ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда тизимли равишда тушунтириш, профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлар амалга ошириб келинмоқда. Бироқ шунга қарамай, айрим фуқаролар мўмай пул топиш, ўзгаларнинг ҳаётини заҳарлаш орқали даромад олишдек ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳеч қандай қабиҳликдан тап тортишмаётир. Пойтахтимизнинг Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 2002 йилда туғилган Р.Дилшодбекнинг жиноий ишларига қонуний баҳо берилди. У 2024 йилнинг январь ойида ички ишлар органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 38 дона кучли таъсир қилувчи воситаларни қонунга хилоф равишда сотишга уринганида қўлга олинган. Яшаш жойида ўтказилган тинтув вақтида яна 47 дона кучли таъсир қилувчи воситалар аниқланиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, Чилонзор туманидаги уйлардан бирининг орқа томонига яшириб қўйилган 3 дона кучли таъсир қилувчи воситалар ҳам баённома расмийлаштириб олинди. Суд Р.Дилшодбекнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим.1-моддаси 5-қисми (“Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш”) билан айбдор деб топди ва 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Б.Назимбаевнинг иш юритувидан олинди.

17 Феврал 2026 йил

487

Интерактив хизматлар

Text to speech