Замонавий технологиялар ички ишлар органлари фаолиятида қўл келмоқда

Замонавий технологиялар ички ишлар органлари ходимлари учун фаолият давомида ҳодисаларга тезкорлик билан муносабат билдиришларида қулай восита сифатида хизмат қилмоқда.      

Ички ишлар идоралари ходимларининг касб байрами арафасида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Б. Абдуллаев пойтахт туманларидаги ИИБлар бошлиқларига хизматда фойдаланиш учун тантанали равишда мини-автобуслар (мобиль марказлар) калитларини топширди.

Ушбу мобиль марказлар – сўнгги технология воситалари билан жиҳозланган ва катта бўлмаган автобуслардир. Ҳуқуқбузарликни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш мақсадида 360 градусда ҳаракатланадиган интеллектуал камера билан жиҳозланган. Маълумотлар базаси тизими билан интеграциялаштирилган камералар назарга тушган фуқароларнинг шахсини аниқлаш “қобилиятига” эга. Бу эса қидирувда бўлган шахсларни кўпчилик орасида ҳам аниқлашга имкон яратади   

“GPS”-тизими орқали туман ҳудудининг қайси қисмида хизмат автомобиллари борлигини, ва уларга яқин атрофда содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумот бериш мумкин. Буларнинг барчаси юзага чиққан муаммолар ҳақида хабар бериш тезлигини ошириб, шаҳримизни янада хавфсизроқ қилишга қаратилган.

Ушбу тадбирда жами тўққизта мобиль марказлар топширилди. Биз – сизнинг тинчлигингиз қўриқчиларимиз!