Тошкент шаҳар ИИББ ва Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари ҳамкорликда Япониядан келган туристларнинг йўқолган буюмлари топиб бердилар

2020 йил 3-январь куни соат 12.45 да Тошкент шаҳар Хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқарма ходимларига япониялик 49 ёшли Я.А. буюмлари йўқолганини маълум қилиб мурожаат қилди. У турмуш ўртоғи – 54 ёшли К.А. билан Ўзбекистондаги тарихий шаҳарларда бўлиш ниятида келган. Туристларнинг гапларига қараганда, улар сумкалардан бири йўқолганини Самарқанддан Тошкентга келаётганларида поезддаёқ пайқаб қолишган.  

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари меҳмонлар Самарқандда қаерларда бўлганликларини аниқлаб, Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасидаги ҳамкасблари билан боғландилар. Ҳамкорликда олиб борилган иш қуйидаги натижа берди.

Аниқланишича, туристлар вокзалга Самарқанддаги меҳмонхона ишчиси томонидан чақирилган таксида келишган. Ҳайдовчи – 46 ёшли Н.А. бўлганлиги аниқланди. Самарқанд вилояти ИИБ ХТТБ ходимлари у билан алоқа ўрнатишганида, ҳайдовчи ҳақиқатдан ҳам япониялик туристларни вокзалга етказиб қўйганини ва бир оз вақтдан сўнг машинанинг орқа ўриндиғида йўловчилардан бири томонидан сумка унутиб қолдирилганлигини кўриб қолганлигини тасдиқлади. Такси ҳайдовчиси сумкани меҳмонхонага етказди ва шундан сўнг уни Тошкентга жўнатишди. Сумка ўз эгасига Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда эгалари ватанга қайтишларидан бир оз олдин топширилди.

Япониялик туристлар Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилояти ХТТБ ходимларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.