Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари талончилик содир этганликда гумонланувчи шахсларни қўлга олишди

Илгарироқ сайтимиз орқали фуқаролардан Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига Юнусобод туманида талончилик содир этганликда гумонланувчи шахсларнинг қидирувида кўмак беришни сўраб, мурожаат қилган эдик.

Маълум қиламизки, 28-сентябрь куни тахминан соат 19.30 да номаълум шахслар Юнусобод тумани Боғишамол кўчасида бўла туриб, 45 ёшли Покистон фуқаролис А.М.нинг қўлидан сумкани юлиб олиб, воқеа жойидан яширинишган. Сумка ичида шахсий ҳужжатлар, “Самсунг S6 Edge” русумли телефон, 800 минг сўм бўлган.

Ушбу факт асосоида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (“Талончилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Видеокамераларга тушиб қолган маълумотларни ўрганиш давомида аниқ бўлишича, юқоридаги жиноятни содир этган уч нафар номаълум шахслар хорижлик фуқарони кетидан кузатишган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчиларнинг шахслари аниқланди. Жиноятни ташкиллаштирган шахс – 20 ёшли Шохрух И. бўлиб, у бир оз вақт илгари жабрланувчига таржимонлик хизматини кўрсатган.

Қўлга олинган шахснинг гапларига қараганда, жабрланувчи ундан 400 минг сўм қарз олиб, пулларни тез орада қайтаришини ваъда қилган. Аммо қарзини ҳам, таржима хизматлари учун 200 АҚШ долларини ҳам бермаган. Шу сабабли Шохрух ундан қасос олиш мақсадида талончиликни режалаштирган.

28-сентябрь куни тахминан соат 18.30 да Шохрух танишлари бўлган 22 ёшли Шохижахон М. ва 22 ёшли Жавлонбек Ю.лар билан режани амалга оширишган.

Олиб борилган тезкор тадибрлар натижасида ИИББ ходимлари гумонланувчиларни қўлга олишди. Тергов давом этмоқда.