ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Пайшанба — профилактика куни

"Пайшанба" профилактика куни муносабати билан, Янгиҳаёт тумани 332-сонли умумтаълим мактабида Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ХПБ ХҚМБ катта инспекторлари Р.Т. Бинали ҳамда капитан Х.Х. Бойқўзиева иштирокида мактаб ўқувчи қизлари билан “Эрта туғруқнинг олдини олиш” мавзусида профилактик йиғилиш ташкил этилди. Учрашув давомида ўқувчи қизларга ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорликнинг салбий оқибатлари, она ва бола саломатлигига таъсири ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, қизларга ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш, таълимга жиддий эътибор қаратиш, ҳаётда тўғри қарорлар қабул қилиш муҳимлиги таъкидлаб ўтилди. Йиғилиш давомида мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг келажаги учун билим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

16 Март 2026 йил

106

Нозик жуссадаги катта масъулият

2012 йилда республика ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини битирган Регина Сафинова Тошкент вилоятида жойлашган жазони ижро этиш аёллар колониясида катта инспектор лавозимида иш бошлади. Ўн йилга яқин хизмати давомида жиноятлар содир этиб, қонуний жазо муддатларини ўтаб келаётган турли ёшдаги аёлларнинг тақдирлари билан танишди. Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмаслиги, оиладаги тарбия, муҳит, ота-оналарнинг ўзаро муносабатлари инсоннинг хулқ-атвори, келажаги, онгу шуури шаклланишида катта аҳамиятга эгалигини англади. Ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш қаторида маҳкумларни тўғри ҳаётга қайтариш, қайта жиноятга қўл урмаслик, оила, яқинлари бағрида эркин ва бахтли яшаш, оила ва жамиятдаги ўрнини англаш борасида профилактик-тушунтириш ишларини олиб борди. Кўплаб аёл-қизларни тўғри йўл танлаши, бахтли келажагини қуришига эришди. Унинг фидойи хизматлари раҳбарият томонидан миннатдорлик, ташаккурнома ҳамда пул мукофотлари билан муносиб рағбатлантириб борилди. Лавҳамиз қаҳрамони 2021 йилдан буён пойтахт ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати кичик мутахассиси лавозимида катта сержант унвонида хизмат фаолиятини давом эттириб келмоқда. Пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорти ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчиларни белгиланган тартиб-интизомга қатъий риоя қилишга чақириш, йўллар ҳолати бўйича огоҳлантиришларни йўл ҳаракати иштирокчиларига етказиш, айниқса болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида мактаб, билим юртларида тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб боришда катта ҳиссасини таъкидлаш жоиз. Ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган катта сержант Регина Сафинова 8 март –Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан ИИВнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Бу эътироф лавҳамиз қаҳрамонини янада шижоат билан ишлаш, ташаббускорликни қўлдан бермаслик, ҳамкасбларига ўрнак бўлишга хизмат қилади, албатта.

15 Март 2026 йил

211

Ҳашар – тинч элга ярашар

Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда жорий йилнинг 13-14 март кунлари умумхалқ ҳашарининг ўтказилиши ушбу хайрли ишларнинг тизимли давомидир. Озодалик, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварликни тарғиб қилувчи ҳашар анъанаси халқимизни асрлар давомида бирлаштириб келмоқда. Бу йил ҳам анъана кўтаринки руҳда давом эттирилди.Эрта тонгдан Тошкент шаҳар ИИББ, ҳудудий тузилмаларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Тадбир давомида маъмурий бинолар ҳудуди ва ён-атрофларида ободонлаштириш ва тозалаш, санитария ҳолатини яхшилаш, кўча ва йўлларни чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилди. Дов-дарахтларга шакллар берилиб, теварак-атроф тартибга келтирилди. Қўшимча турли манзарали ҳамда мевали дарахтлар, гуллар экилди. Ҳашардан кўзланган мақсад: қўшалоқ айём –муборак Рамазон ҳайити ҳамда янгиланиш, покизалик, меҳр-саховат байрами бўлмиш Наврўз айёмини муносиб кутиб олишга қаратилди. Хайрли тадбирда соҳавий хизмат ходимлари фаол иштирок этишиб, уюшқоқлик, халқимизга хос бўлган бирдамлик, ҳамкорлик ва покизалик каби фазилатларни намойиш этдилар. Ҳар бир ходим бу хайрли ишларга ўз ҳиссаларини қўшишдан мамнунлик ва кўтаринкилик туйғусини ҳис этишди.

14 Март 2026 йил

402

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Яккасарой туманида бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда Бош бошқарма раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули пойтахт аҳолисининг вужудга келган саволларига қонуний жавоб топиш, муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишга бағишланди. Сайёр қабул давомида 49 дан зиёд юридик ҳамда жисмоний шахслардан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаш, кўтарилган масалаларни чуқур сабабларини ўрганиш давомида уларнинг 16 таси қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. 7 тасига малакали ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ўрганиб қонуний хулоса чиқариш учун қўшимча муддат талаб этиладиган 19 та мурожаатларнинг ижроси бўйича соҳавий хизмат раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди. Мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра: суриштирув ва тергов ҳаракатлари, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, пластик карта пулларини ноқонуний ўзлаштириш, хизмат фаолиятини бошқа ички ишлар органларига кўчириш, йўл белгиларини ўрнатиш, шахс ҳаёти ва саломатлигига қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар, афв этиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга оид, оила-турмуш доирасида келишмовчиликлар кабиларни ташкил этди. Шунингдек, сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, 4 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш илтимослари қаноатлантирилганлиги сабабли, уларга тантанали равишда ID карталар топширилди. Барча мурожаатлар раҳбарият томонидан эътибор билан тингланиб, уларда келтирилган масалаларга ечим топиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатмаларнинг берилиши, аҳолининг адолатга, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ишончини янада орттиришга хизмат қилмоқда.

13 Март 2026 йил

482

Интерактив хизматлар

Text to speech