ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида янги ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этишда Ўзбекистонга яқиндан кўмаклашаётган БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Сабинэ Махл, ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижио ва Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскуряковага бугунги йиғилишда иштирок этаётганлари учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Қайд этилганидек, жорий йилда 102 та ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилди. Масалан, олдин одамлар протез учун ҳар хил комиссиялар ва поликлиникада 2 ой сарсон бўлган бўлса, ҳозир бу масала 2 ҳафтада маҳаллада ҳал бўлмоқда. Шуни ўзидан 100 минг одамни оғири енгил бўлди. Одамлар протезни 95 та ишлаб чиқарувчи орасидан электрон тизимда ўзи танлаяпти, рақобат ва сифат ҳам яхшиланди. Ногиронлиги бор болаларга қараб туриш хизмати йўлга қўйилиб, мурожаатлар маҳаллада қабул қилинаяпти. Бу 700 нафар ота-онани ишлашига шароит яратди. Ҳаракатлана олмайдиган 4 минг нафар ёлғиз кексалар аниқланиб, уларга уйини ўзида қараб туриш йўлга қўйилди. Маҳалладаги ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. 51 минг одамга ногиронлик белгиланди, 26 минги протез олди, ногиронлиги бор 5 минг бола боғча-мактабга жойлашди. Бундан ташқари, муҳтож бўлмаганларга асоссиз нафақа тўлашнинг олди олинди, қисқарган харажатлар бюджетда қолдирилди. Уч ой олдин вилоят ва тумандаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилди. Натижада, шу кунга қадар камбағал оилалардаги 17 минг одам доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик ва томорқа орқали 14 минг аҳолининг даромади оширилди, 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди, 45 минг муҳтож аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди. Йиғилишда ҳамма раҳбарлар ҳам эҳтиёжманд аҳолини ишли қилиб, даромадини кўпайтириш, уларга манзилли ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, камбағал оилаларга бириктирилган раҳбарларнинг 1 минг нафари натижа кўрсата олмади. 184 нафари ушбу оилалар хонадонига бирор марта ҳам бормаган. Ногиронлиги бор шахслар бандлиги даражаси республикада 20 фоизга етгани билан, бу ишлар Жалақудуқ, Чимбой, Пастдарғом, Чортоқ ва Денов туманларида қониқарсиз. Мутасаддиларга ушбу туманларни намунали қилиш, ҳар бир масъулга аниқ вазифа белгилаш топширилди. Шунингдек, келгуси йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани танқид қилинди. Ушбу вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш топширилди. Вилоят ҳокимлари бу йил биттадан намунавий кўча қилиб, ногиронлиги борлар учун қулай шароит яратиши керак эди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида бу борадаги ишлар бошланган, қолган вилоятлар лойиҳа ҳам қилмагани, маблағ ҳам бермагани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга бу ишларни икки ойда якунлаб, келгуси йил ҳар бир туманда яна биттадан кўчада қилиш вазифаси қўйилди. Бош прокурор ўринбосари И.Адҳамовга бу борада ўзгариш қилмаганларга қатъий чора кўриш топширилди.Президент бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди. Келгуси йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди. Тойлоқ ва Косонсойда “Илк ривожланиш марказлари” очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилди. Вилоят ҳокимларига ўзидаги ҳар бир туманда биттадан шундай тажрибани ташкил қилиш топширилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умаровага 2025 йилда камбағаллик юқори 1 мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш топширилди. Янги йилдан оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади. Камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади. Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлади. Вазир Қ.Шариповга бу борада тегишли топшириқлар берилди. Камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган 23 минг одамга ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укаси ёки опа-синглиси қараб ўтирибди. Келгуси йилдан маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва хусусий сектор иштирокида бу одамларни 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилади. Натижада яқинига қараб турган 15 минг аҳолинининг ишлашига шароит яратилади. Хусусий сектор бундай хизматни кўрсатган камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб беради. Бу тажриба Тошкент шаҳрида 1 мартгача, бошқа ҳудудларда йил якунигача йўлга қўйилиши белгиланди. Камбағал оиладаги 460 минг одам тиббий ёрдамга, 6 мингта оила эса уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож. Шу боис 2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. “Ижтимоий дафтарлар” маблағи фақат камбағал оилаларни яшаш шароитини яхшилаш, тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини оширишга сарфланади. Адолат бўлиши учун, эндиликда бу маблағлар тумандаги камбағаллар сонига қараб тақсимланади. Ижтимоий дафтарлар маблағининг 30 фоизини туман ҳокимларига “Инсон" марказлари билан маҳалладаги уй-жой, йўл, сув ва электрни яхшилаш учун ишлатишга рухсат берилади. Яна бир масала – ҳозирда 400 та кўп қаватли ижтимоий уйда 25 минг аҳоли истиқомат қилади. Лекин улар яқин қариндошлари ва одатий яшаш шароитидан анча узоқлашиб қолаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилади. Уларга ўзини маҳалласига яқин жойдаги уйни ижарага олишга рухсат берилади, харажати қоплаб берилади. Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори М.Оллоёровга бу борада тегишли топшириқлар берилди. Ҳозирги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқароларимиз туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур. Бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, Президент барча ҳужжатларни ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди. Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади. Бу тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, йил якунигача ҳамма жойда ишга туширилади. Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги масала ногиронлиги борлар билан ишлаш бўлди. Йил бошидан ногиронлиги борлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарёда 10 фоизга кўпайди. Бу кўрсаткич 20 та туманда 12 фоиздан юқори. Қайси ҳоким бу масалани ичига кириб, сабабларини ўрганди, деган саволга ижобий жавоб йўқлиги қайд этилди. Республика бўйича 33 та туманда ногиронлиги борларни реабилитация қамрови 1 фоизга ҳам етмаслиги танқид қилинди. Шу боис соҳа учун масъуллар келгуси йилда реабилитация бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади. 7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, маҳаллий мутахассислар малакаси оширилади. Касаллик туридан келиб чиқиб, аҳолига уй шароитида бажара оладиган оддий машқларни ўргатиш орқали ҳам минглаб одамлар соғлиғини тиклаш мумкинлиги таъкидланди. Маҳалладаги ижтимоий ходимлар ногиронлиги бор уйга уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини эслатма қилиб тарқатиши белгиланди. Реабилитация ишларининг самараси ногиронлиги борларни ҳаракати, мулоқоти, ўзига ўзи хизмат кўрсатишидаги ўзгаришларга қараб баҳоланади, бунинг учун шифокорларга устама берилади. Қашқадарё вилояти ҳокимига реабилитация бўйича тажриба яратиш топширилди. Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилди.Бунинг эвазига йил бошидан 100 минг одамни эҳтиёжи таъминланди. Энди рўйхатга яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланди. Ижтимоий хизмат агентлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда 2025 йилда 80 минг муҳтож одамга зарур протез воситаларини етказиб бериш топширилди. Яратилган имкониятлар ҳисобига бу йил тадбиркорлар 40 минг ногиронлиги борларни ишга олди. Буни янада кенгайтириш мақсадида 1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. Корхоналарга сурдотаржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажати учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бундай одамларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилади. Бунда, ушбу компаниялар ишлаш истаги бор одамларни аниқлаб, уларни ўқитади, корхона талабига мослаштиради, иш даврини дастлабки 6 ойида ҳамроҳлик қилади. Таҳлиллар кўрсатганидек, баъзи ногиронлиги бор инсонларда психологик босимлар сабабли ўзига бўлган ишонч етишмайди. Лекин, ўзида куч топиб, оғир вазиятдан чиқиб, қаҳрамонлик кўрсатаётган одамлар ҳам кўплиги таъкидланди. Президентимиз дунёнинг энг руҳлантирувчи “Топ-100” аёли рўйхатига кирган Деновлик Дилором Йўлдошеванинг ишларини эътироф этди. Бу аёл ногиронлиги бор бўлса-да, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизларни ишли қилди. – Мана шундай иродали, матонатли инсонларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатсак, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – деди давлатимиз раҳбари. Президент фармонига мувофиқ, йиғилишда Дилором Йўлдошевага “Мардлик” ордени тантанали топширилди. Келгуси йилда бундай инсонлар ҳақида камида 5 та мотивацион ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олиш муҳимлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёева зиммасига юклатилди. Дунёда ногиронлиги бор одамларга тўғри келадиган 100 дан ортиқ спорт тури бор. Лекин, бизда бундай одамларга спорт билан шуғулланишга фақат 22 та тури бўйича тиббий хулоса берилади. Эндиликда халқаро андозалар асосида ногиронлиги борларга спорт турлари ҳам кенгайтирилиши, уларни бунга лаёқати касаллик турига қараб автоматик белгиланиши қайд этилди. Натижада спорт билан шуғулланишга йўлланма олиши мумкин бўлган ногиронлиги борлар сони 286 мингдан 440 мингга ошади. Мутасаддиларга келгуси йилда адаптив спорт қамровини 1,6 баробарга ошириб, 45 мингга етказиш топширилди. Бу одамларни спорт билан шуғуллантирадиган мураббийлар ойлиги 1 январдан 1,5 баробар оширилади Жойлардаги 130 та спорт мактаби, 90 та махсус таълим муассасаси ва 29 та “Мурувват” уйидаги спорт объектлари адаптив спорт турларига мослаштирилади. Жойларда 300 та янги “воркаут” майдончалари қурилади, уларда ҳам худди шундай шароитлар бўлади. Боғча ва мактаб ёшидаги ногиронлиги бор болаларнинг таълим билан қамрови Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида энг пастлиги кўрсатиб ўтилди. Республика бўйича бундай болаларни 16,5 минги мактабга, 17,5 минги боғчага бормайди, яна 11 минг бола махсус мактаб-интернатларда ота-онасидан узоқда ўқияпти. Шунинг учун Ижтимоий ҳимоя агентлиги, ММТВ, вилоят ҳокимларига 1 февралгача ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳини очиш топширилди. 1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор бола таълим олиши учун шароит яратилади. Ижтимоий ҳимоя агентлигига ҳаракати чекланган болаларга мактабга келиб-кетиш харажатини 75 фоизини қоплаш тизимини жорий қилиш топширилди. Шунингдек, ментал ва жисмоний нуқсони бор болаларни ўқитадиган 90 та махсус мактабни кўп функцияли мактабга айлантириш кераклиги таъкидланди. Бу орқали ногиронлиги бор 2 минг бола ота-онаси билан яшаб, яқин ҳудуддаги мактабда ўқиш имконига эга бўлади. Янги ўқув йилидан Тошкент шаҳрида битта шундай мактаб фаолияти йўлга қўйилиб, намуна қилинади. Яна бир тажриба – шу йили ногиронлиги бор болалар учун 73 та кундузги парваришлаш ва “Ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинди. Бу соҳага хусусий секторни олиб кириш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Яъни, тадбиркорларга ҳар бир бола учун кунига 100 минг сўмдан субсидия, хоналарни жиҳозлашга 30 миллион сўмгача арзон кредит ажратилади. Буни ҳисобига Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ногиронлиги бор 2 минг болани кундузги парваришлаш тизими йўлга қўйилади. Бу тизим 1 октябргача қолган вилоятларда ҳам жорий қилинади. Мутасаддилар олдига келгуси йилда 15 минг ногиронлиги бор болани таълимга жалб қилиш вазифаси қўйилди. Шу йилни ўзида меҳрибонлик ва болалар уйларидан 300 нафар ўғил-қизлар оилавий муҳитга қайтди. Ҳозирда оилавий муҳитдан ажралган ҳолда таълим-тарбия олаётган яна 500 нафар бола бор. Масъул идораларга Миллий гвардия тажрибаси асосида 500 нафар болани оилавий болалар уйига жойлаштириш ва таълим олиши учун шароит яратиш топширилди. Назоратсиз ва қаровсиз болалар яшаши, ўқишига ихтисослашган мактаблар рўйхати қайта кўриб чиқилади, уларда бундай болалар учун 5 фоиз квота бўлади. Бунда ушбу мактабларга болаларни Ижтимоий ҳимоя агентлиги йўлланмаси асосида юбориш кўзда тутилади. Умуман, ногиронлиги бор ҳамда ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши ва оилавий муҳитга қайтишини ташкил қилиш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёева зиммасига юклатилди. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

13 Декабр 2024 йил

63

Ёмон улфат – келтирар кулфат

2006 йилда ўғирлик жинояти содир этгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган Бекзод озодликка чиқиб ҳам тайинли бирор ишда ишламади. Кунлик ёлланма ишга истаса чиқади, истамаса йўқ. На топиш-тутишида, на муомаласида тайини бўлмаган Бекзодни турмуш ўртоғи ҳам ташлаб кетди. Бошида уч нафар фарзанди учун алимент олиш мақсадида судга бермоқчи бўлди, лекин ўйлаб-ўйлаб бу ҳаётда бирор қизиқиши, бирор умиди бўлмаган бу одамдан ҳеч нарса олмасликка қарор қилди. Фақат уни ва болаларини тинч қўйса бўлгани. Бекзод эса барча масъулиятдан қутулганидан хурсанд. Фақат ўз қорни ва нафсини ўйлайди. У 2023 йилнинг 19 май куни тунда А.Орифжон билан тасодифан танишиб қолди. Улар нонушта қилиш мақсадида, қаҳвахонага киришди, танишиш шарофатига спиртли ичимликлар истеъмол қилишди. Ориф ҳали у, ҳали бу телефонини олиб, кимларгадир қўнғироқ қилиб гаплашди. Унинг иккита уяли телефони борлиги Бекзоднинг эътиборини тортди. Қаҳвахонадан чиқиб Бекзод алдов йўли билан унга уйини кўрсатишини, исталган вақтида меҳмони бўлишини айтиб, атай овлоқроқ жойга бошлади. — Унинг ишончига кирган Бекзод атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ердан тошни олиб унинг бошига урган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шоҳруҳ Ҳазратов. – Нархи 1.200.000 сўм бўлган “Samsung” телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади. Жабрланувчи ҳаёти учун хавфли бўлмаган тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган Бекзоднинг қилмишига қонуний баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (“Босқинчилик”) билан айбли деб топди. Ўз ихтиёри билан ўғирланган телефонни ички ишлар органлари ходимларига тақдим этганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда у 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

12 Декабр 2024 йил

107

Йўқ амалнинг амалдори

Юртимизда тадбиркорлик учун кенг йўл очилган. Тадбиркорлар учун кўпдан-кўп қонунлар, имтиёзлар, қулайликлар, шарт-шароитлар яратилмоқда. Фақат юртингга, халқингга фойда келтирсанг, фаровонлик, тўкинликни таъминласанг, юртдошларингнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилсанг бўлгани. Сендан сўраладиган нарса – ҳалол ишла, қонунни бузма, берилган ишончни суистеъмол қилма! Бироқ тадбиркорлик қиламан деб, ўзгаларни алдаб, бировнинг топгани ҳисобига бойишни кўзламоқлик – жиноят. Аслида тадбиркорлик билан шуғулланиш етти ухлаб тушига кирмаган Тўхтабой кимларнидир лақиллатиб, пулига эга чиқиш ниятида таниш-билишларини ишга солиб, гўёки тадбиркорликка бел боғлагани, бизнес-режаси тегишли маҳкамалар томонидан тасдиқланганини айтиб, озгина моддий ёрдам берадиган киши топилса, таъсисчи мақомида келадиган фойданинг 50 фоизини баҳам кўриши ҳақида гап-сўз тарқатди. Таниши Шоҳруҳ унинг гапига ишониб, таниши Шахобиддин билан учраштириб қўйди. Тўхтабой Яшнобод туманида жойлашган мармартош ишлаб чиқарувчи заводни фалон пулга сотиб олаётгани, ҳозир мармарга буюртма кўплиги, банкда барча ҳужжатлар тайёрлиги, бироқ банк ходимларига озгина “хамир учидан патир”берса, ишни бошлаши аниқ эканлиги, ўзининг бор пулини ҳужжатларни расмийлаштириш учун сарфлагани ҳақида ишонарли сўзлаб берди. Бу сўзларга ишонган Шахобиддин фақат жилдинигина кўрсатган гўёки “бизнес-режаси”ни “қани бир танишай-чи”, дея варақлаб ҳам кўрмади. Агарда варақлаб кўрганида борми, ишга тушажак заводнинг 50 фоизли таъсисчиси бўлишни хаёл қилган Шахобиддин қалин жилд ичида “завод директорининг” қизи ва ўғлининг қоралама дафтарларидан бўлак нарса йўқлигини кўриб, қаллобнинг ёқасидан олиши тайин эди. — Шахобиддин аввалига банкдаги ишини тўғирлаш учун унга 2.800.000 сўмни санаб беради, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Баҳромжон Эгамбердиев. – Бу ёғи таниш сценарий бўйича давом этади. Майда-чуйда сарф-ҳаражатлар ортидан катта харажатлар баҳонасида Тўхтабой 2021 йилнинг октябрь ойидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар “бизнес ҳамкорининг” 35.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулини “шилиб” олади. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1977 йилда туғилган Т.Тўхтабойнинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, илгари судланмаганлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароити инобатга олиниб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

12 Декабр 2024 йил

86

Амалиёт билимлар кўрсаткичи

Назарий билимлар амалиётда мустаҳкамлансагина ўз самарасини беради. Тажрибали, малакали устоз-мураббийлар талабаларнинг билимларини амалда қўллашларини назорат қила бориб, йўл қўйган хато ва камчиликларни бартараф этиш лозим. Шу бирга иш кўрсаткичлар сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича тегишли йўл-йўриқлар бериб, бўлажак мутахассисларнинг соҳани мукаммал эгаллашларида мураббийлар муҳим ўрин тутади. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасида ўтказилган йиғилиш Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг бакалавриат таълим шакли: “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” йўналиши бўйича ўқиётган 3-курс талабаларининг дуал таълим шаклида иш ўрганиши бўйича амалиёт ўташларини юқори савияда ташкиллаштириш масалаларига бағишланди. Бўлажак ҳуқуқ-тартибот посбонлари жорий йилнинг 10 декабрь кунидан 2025 йилнинг 10 январь кунига қадар пойтахт ИИББ туманлари ИИО ФМБларида амалиёт ўташади. Йиғилганларга талабаларнинг амалиёти ИИВнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда малакавий амалиёт дастури асосида ўтказилишини назоратини амалга ошириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, амалиётчи талабаларга катта тажрибага эга бўлган ходимлар мураббий сифатида бириктирилиб, билим ва кўникмаларини оширишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш лозимлиги тушунтирилди. Бириктирилган мураббийларнинг масъулиятини ошириш, талабаларнинг ота-оналари ва ички ишлар органлари фахрийлари билан учрашувлар ўтказиш ва амалиёт билан боғлиқ бошқа қатор чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

12 Декабр 2024 йил

155

Интерактив хизматлар

Text to speech