“Шарқ” ЙПХ постида ISUZU автомобили ҳайдовчиси томонидан олинган видео ҳақида хабар

Telegram-каналларнинг бирида пайдо бўлган видеороликда юк автомобили ҳайдовчиси жарималар бўйича қарздорлиги борлиги сабабли ЙПХ постида тўхтатилганини, аслида эса қарздор эмаслигини ва ЙПХ ходими транспортнинг техник ҳужжатини олиб номаълум йўналишда кетиб қолганлигини маълум қилган. Ушбу факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

ЙПХ инспектори кичик сержант А. Абдухамитов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, у 10-февраль куни тахминан соат 12.30 да Бектемир тумани Оҳангарон кўчасидаги “Шарқ” ЙПХ постида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари билан хизмат олиб борган. Махсус тадбирнинг мақсади – транспорт воситалари оқимида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўрнатилган жаримани ўз вақтида тўламаганларни аниқлаш. ЙПХ инспектори юқоридаги идора вакиллари билан бирга қарздор транспорт воситаларини автоматик тарзда аниқловчи AutoCon-SC/M тизими билан жиҳозланган хизмат автомобилида бўлган

Назорат ҳудудида бўлган ISUZU автомобили (давлат рақами 01 762 YFA) тизим томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун белгиланган жаримани тўламаган транспорт воситаси сифатида аниқланган. Шу муносабат билан автомобиль тўхтатилиб, унинг ҳайдовчисига кичик сержант қарздорлик ҳақида хабар берган. Автомобиль ҳайдовчиси инспектор маълум қилган қарздорликлар ҳақида хабардорлигини айтиб, тўлов тўғрисидаги тўртта квитанцияларни тақдим этган.

ЙПХ инспектори ҳайдовчи берган квитанцияларни тизим маълумотлар базаси билан таққослаш учун хизмат автомобили томон кетган. Маълумотлар текширилгач, бешта қоидабузарликлардан тўрттаси бўйича тўлов амалга оширилгани маълум бўлди, аммо 2019 йил 2-сентябрь куни йўл қўйилган қоидабузарлик бўйича қарздорлик борлиги аниқланди. Шу сабабли, ISUZU русумли автомобиль Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ жарима майдончасига жойланди. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, қоидабузарлик автоматик тарзда фото- ёки видео қайд этиш йўли билан аниқланган тақдирда, жарима 60 кун ичида тўланган бўлиши керак.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидаларини бузманг – соғлиғингизни, ҳаётингизни ҳамда оилавий бюджетингизни асранг.