25 ёшли Шокир Х. ўз қотили билан интернетда танишган

Интернет тармоғида 12-сентябрь куни Юнусобод туманида содир бўлган 25 ёшли Шокир Х.нинг ўлими ҳақида хабар тарқалмоқда. Хабарга кўра, гўёки унинг ўлимига Шокирни “клубдан олиб чиққан” икки нафар қирқ ёш атрофидаги эркакларнинг алоқаси бор. Шу билан бирга, мақола муаллифи ўша эркакларнинг ички ишлар органларига алоқалари борлигига ҳам шама қилмоқда.

Маълум қиламизки, 12-сентябрь куни тахминан 11.00 да самарқандлик 25 ёшли Шокир Х.нинг қўшниси Шокир ижарага олган хонадон эшиги остида қон рангига ўхшаш изларни пайқаб қолган. Аёл бу ҳақида хонадон эгасига телефон орқали хабар берган, хонадон эгаси етиб келгач, хонадон ичиди Шокир Х.нинг танасини топиб, 102 рақамига орқали хабар берган. 

Ушбу факт асосида прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (“Қасддан одам ўлдириш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Хонадонни кўздан кечириш вақтида жинсий алоқанинг яққол излари қайд этилди.

Тезкор-тергов тадбирлари давомида видеокузатув камералари ёзувлари ўрганилди, эҳтимолий гувоҳлар билан сўроқ ўтказилди. Гумонланувчи – Олмазор туманида яшовчи, вақтинча ишсиз 28 ёшли Одилжон Ю. эканлиги аниқланди.

Шу куннинг ўзида гумонланувчи Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув ходимлари томонидан қўлга олинди. Қўлга олинган шахс сўроқ вақтида қуйидагиларни маълум қилди: у Шокир Х. билан “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида танишган. 11-сентябрь куни учрашишга келишганлар. Соат 21.30 да у жабрланганни хонадонига келади. Хонадон ичида улар орасида келишмовчилик юзага келиб, натижада Одилжон сувенир пичоқ билан Шокирни бўйин ва қўл қисмларига бир неча бор урган. 

Ушбу жиноятни фош этишда терговга оддий ҳушёр таксичи катта ёрдам берди. Тошкент шаҳар ИИББ унга миннатдорчилик эълон қилди.

Шунингдек маълум қиламизки, Тошкент шаҳар ИИББ ноанъанавий жинсий ориентациялик шахсларга қарши ҳеч қандай махсус “рейдлар” ўтказмаган. Баъзи сайтлар таянаётган аллақандай аноним манбанинг сўзларини ёлғон, ички ишлар ходимларини обрўсизлантиришга ва одамларни янглиштиришга қаратилган деб ҳисоблаймиз. 

Ҳурматли журналистлар ва блогерлар, маълумотларни тарқатиш олдидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизматидан аниқлаштиришингизни сўраймиз.