ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Пайшанба тадбирлари кундалигидан

Бугунги Янги – 2026 йилни кутиб олиш арафасида ўтказилган “Пайшанба – профилактика куни” тадбирига бағишланган тонгги йўриқнома қатнашчилари олдига кўплаб муҳим вазифалар қўйилди. Асосий эътибор яқинлашиб келаётган Янги йил байрам тадбирларини аҳоли ҳамда пойтахт меҳмонлари томонидан кўтаринки руҳда ўтказиш, жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар юзага келганида уларни тезкор ва самарали бартараф этиш, куч ва воситаларни арча байрамлари ўтказиладиган майдонлар, сайлгоҳлар, маданият ва истироҳат масканларига тўғри тақсимлаш кабиларга қаратилди. Шунингдек, тантаналар арафасида пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш, барвақт аниқлаб олдини олиш борасидаги ишларга диққатни қаратиш таъкидланди. Ходимлар янги йил шодиёналари: кўнгилочар томошалар, концерт, ярмаркалар ўтказиладиган манзилларда ҳушёрликни ошириш, фуқаролар билан хушмуомала бўлишга чақирилди. Амалга ошириладиган ишлар сирасига Президентимиз томонидан қабул қилинган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатларидан асраш, пойтахт ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, Пробация ҳамда профилактика хизмати рўйхатларида турувчи шахслар билан суҳбатлар ўтказилиб, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жамиятга мослашуви, бандлигини таъминлаш каби муҳим масалаларга ҳам урғу берилди. Аксарият туманларда байрам арафасида ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тузалиш йўлига кирган, намунали хулқи ва ҳалол, соғлом турмуш тарзини танлаган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилиш чоралари кўрилди. Ўқув юртлари ўқувчиларининг қишки таътили олдидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, истеъмолига қарши кураш, айниқса ёшларимизни бу иллатдан асраш борасида қатор тарғибот, тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари, айниқса, янги йил олдидан кибермаконда болаларга бепул бонуслар ва ўйинлар валютаси ваъда қилиниши оқибатида ғараз кимсаларнинг жиноий тузоғига тушиб қолмасликлари учун ота-оналарга болалар билан интернет хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш тавсия этилди. Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг таътилда йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига, байрам тадбирларида эҳтиёткор ҳаракат қилишлари, катталар томонидан назоратни сусайтирмаслик, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишларига даъват этилди. Маҳаллалар, корхона-ташкилотларда тизимли равишда уюштирилаётган суҳбатлар, очиқ мулоқотларда кибермаконда жиноятга етакловчи ҳавола ва платформалардан ҳимояланишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, туманлар ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалардаги муносабатлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилиб, таъсирчан чоралар кўрилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда асосий эътибор ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш, йиғилганларга қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланмоқда ҳамда фаол иштирок этишга чақирилмоқда.

26 Декабр 2025 йил

138

Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида Миробод тумани "Зиёнур" маҳалласида содир этилган ўта оғир турдаги қотиллик жиноятининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокамада қотиллик жинояти содир этилишининг объектив ва субъектив сабаблари муҳокама қилиниб, масъуллардан тушунтиришлар сўралди. Таҳлилларга кўра, туманнинг "Зиёнур" маҳалласида жорий йилнинг 11 ойида 6 та жиноят қайд этилган, шундан 5 таси олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни ташкил этган. Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда, "Зиёнур" МФЙ "маҳалла еттилиги" ва "ижтимоий профилактика"га масъул бўлган мутасаддиларга маҳалладаги ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар, афв этилганлар ва ишсизлар жиноятчилигини олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, улар билан индивидуал профилактик тадбирлар ўтказиш, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий муаммолари ўрганилиб, ҳал этилиши юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берилди.

26 Декабр 2025 йил

97

“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги якунига бағишланган тунги йўриқнома ўтказилди

Тошкент шаҳар ИИББ, шаҳар прокуратураси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби, шунингдек ходимларнинг ота-оналари ҳамда оила аъзолари иштирокида Олмазор туманида жойлашган Ислом цивилизацияси марказида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги якунига бағишланган тунги йўриқнома тадбири ўтказилди.Мазкур тадбир ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини асраш, шунингдек хизмат интизоми ва масъулиятни ошириш мақсадида ташкил этилди.Йўриқномада сўзга чиққан пойтахт ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев ўз нутқида ойлик доирасида амалга оширилган ишлар, ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик воситалари ҳамда наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлардан самарали ҳимоя қилиш борасида кўрилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг илдиз сабабларини бартараф этишга қаратилган профилактик ишлар натижалари алоҳида таъкидланди.Тадбирда, шунингдек, кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан пойтахтимизда ўтказилаётган оммавий маданий тадбирлар давомида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, хизмат олиб бораётган шахсий таркибнинг хушёрлиги ва масъулиятини янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада барча тегишли тузилмалар ўзаро ҳамжиҳатликда, юқори уюшқоқлик билан фаолият олиб бориши лозимлиги таъкидланди.Тадбир якунида жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишда фаол иштирок этган, хизмат фаолиятида намуна кўрсатаётган, ўзининг садоқати ва фидойилиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир қатор ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилиб, ташаккурномалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

25 Декабр 2025 йил

248

2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида қарор қиламан: 1. Қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин: (а) 2025 йилда барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) 31 декабрь – чоршанба; (б) 2026 йилда: (i) барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар):  2 январь – жума, 28 май – пайшанба, 29 май – жума, 31 август – душанба; (ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь – шанба, 30 май – шанба, 31 декабрь – пайшанба. 2. Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ: (а) ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи 8 март – Хотин-қизлар куни байрами 2026 йилда якшанба – дам олиш кунига ва 21 март – Наврўз байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамлари беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2026 йил 9 март, 23 март ва 11 май – душанба кунларига кўчирилиши; (б) ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин. 3. Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни 2026 йилда 12 декабрь – шанба кунидан 31 декабрь – пайшанба кунига кўчирилсин. 4. Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун: (а) Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин; (б) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилсин; (в) “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилсин. 5. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига: (а) меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш; (б) узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин. 6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминласин. 7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунни белгилаш ва дам олиш кунини кўчириш тўғрисида”ги ПҚ–452-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 8. Белгилансинки, ушбу Фармон 2027 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади. 9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев

25 Декабр 2025 йил

113

Интерактив хизматлар

Text to speech