ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳавога учган автомашиналар

Кечиримлилик миллатимизга хос. Бу инсонийлик тамойиллари қонунларимизда ҳам акс этган. Адашмайдиган одам йўқ. Кимдир билиб, кимдир билмай эгриликка қўл уради. Қонунларимиздан кўзланган мақсад ҳам шахсни фақат жазолаш эмас, балки адашганларга имкон бериш, уни тўғри йўлга йўллашдан иборат. Саъдулла биринчи марта 2017 йилда фирибгарлик жинояти содир этиб судланганида, суд ҳайъати томонларнинг ярашганлиги туфайли уни жиноий жавобгарликдан озод қилган эди. Аммо у бу берилган катта имкониятни суиистеъмол қилиб, 2020 йилда яна фирибгарлик жиноятига қўл урди. Бу сафар суд ҳайъати унинг қилмишлари учун 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Афсуски, бу енгиллик ҳам унинг кўзини очмади. 2022 йилнинг 15 ноябрь куни у масъулияти чекланган жамият раҳбари Н. Каримнинг ишончига кириб “Matiz” автомашинасини йўл варақаси асосида бошқариш ҳуқуқи билан ижарага олиш таклифини берди. Кунига 130.000 сўмдан ижара ҳақи беришга келишилди. Келишилган ижара пулларини ўз вақтида олиб юрган Карим Саъдулланинг автомашинани бир ҳафта ўтмай Фарғоналик М.Ҳасанга сотиб юборганидан бехабар қолди. Машинани сотиб юборган Саъдулла эса уялмай-нетмай эртаси куни Каримнинг олдига келиб “Lasetti” автомашинасини ижарага олиш таклифини берди. Ижара ҳақи кунига 180.000 сўм этиб белгиланди. Карим Саъдулланинг “Matiz” автомашинасини Фарғоналик М.Ҳасанга сотиб юборганидан бехабар унинг таклифига рози бўлди. Машинани жамият ҳудудидан ҳайдаб чиққан Саъдулла учинчи куни уни ҳам сотиб юборди. Шу-шу ижара ҳақи ҳам, автомашиналар ҳам сувнинг буғи кўтарилгандек, кўринмас бўлиб, ҳавога учди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1983 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган Саъдулланинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикасси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг чин дилдан пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрдийдага моддий зарар қопланганлигини эътиборга олиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазонов таништирди.

26 Март 2025 йил

137

Пойтахт ИИББда Наврўз айёми нишонланди

Муаззам заминимизда баҳор. Янги кун – Наврўзнинг кириб келиши билан қуёш нурлари борлиқни янгиланиш, покланиш, нафосат ва гўзалликка чорламоқда. Ҳар ёнда баҳорий кайфият, байрам тантаналари. Пойтахтимиз Ички ишлар бош бошқармасида ҳам анъанага кўра Наврўз тантаналари кенг нишонланмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси ҳудудида, миллий анъаналаримиз, қадриятларимизни ўзларида акс эттирган миллий либос ва безакларга бурканган тизим барча соҳаларида сидқидилдан хизмат олиб бораётган аёл-ходималаримиз тарихи қадим, барчанинг севимли таоми – тансиқ таоми бўлган – сумалак тайёрлашди. Енгил эсаётган шабада баҳор дарагини - сумалакнинг ифорини азим шаҳримиз узра таратиб, узоқ-узоқларга олиб кетмоқда. Ким бу ифорни туйдики, барчанинг кўнглида енгиллик ва хушкайфият, руҳий кўтаринкилик. Жонкуяр ходималаримиз миллий баҳорий таомлар: кўк сомса, кўк чучвара, меҳр билан пиширилган турли ширинлик ва ноз-неъматлар билан дастурхонни безатган. Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги “Ниҳол” гуруҳининг созанда ва хонандалари ўз куй-қўшиқлари билан байрамга ўзгача тароват ва файз бағишлади. Кўпчиликнинг меҳнати, хушкайфият, қувонч ва меҳр билан тайёрланган сумалакнинг мазаси эса барчанинг оғзида қолиши шубҳасиз. Насиба экан, ишчи ташрифи билан Тошкент шаҳар ИИББ га ташриф буюрган Россия Федерацияси ИИВнинг бир гуруҳ делегацияси ҳам тантана меҳмонлари бўлишиб, байрам завқу шавқидан баҳраманд бўлишди. Руҳий қувват ва маънавий озуқа улашувчи Наврўз тантаналари пойтахтимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир маҳалласида давом этмоқда.

25 Март 2025 йил

179

Пробация ҳисобидагиларга кўмак берилди

Пойтахтимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жамиятимиз барқарорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ўз вақтида чек қўйилишига боғлиқ. Бунинг учун эса жиноят қилишга, ҳуқуқбузарликларни содир этишга табиатан мойил бўлган шахсларни жиноят қилмасдан олдинроқ аниқлаш, ишсиз, бекорчи юрган шахслар, муқаддам судланганлар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, уларни фойдали меҳнатга жалб қилиш ёки бўш вақтини банд қилиш орқали эришиш мумкин. Айниқса, пробация назоратидаги шахсларнинг юриш-туриши, нима билан машғуллиги, соғлом ҳаётга муносабатини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” Мономарказида туман ҳокими, прокурори, ИИО ФМБ раҳбарининг пробация назорати остида жазо муддатини ўтаётган шахслар билан учрашуви бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган мазкур учрашувда туман ҳокими иштирокчиларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, касб-ҳунарга эга бўлмаганларни касбга қайта йўналтириш, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлганларга имтиёзли кредитлар ҳамда уй-жойга муҳтожларга субсидия ажратиш бўйича масъулларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур топшириқлар берди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ва туман прокурори томонидан пробация рўйхатида турувчиларга жазони ўташ тартиби, муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, ўқиш ва ишга жойлашиш масалаларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, назоратга олинган мурожаатларни ҳал қилиш юзасидан мутасадди раҳбарлар ҳамкорлигида тегишли вазифалар белгиланди. Шу билан бирга туманда жойлашган йирик иш берувчи – “Texnopark”, “Euro pask”, “BetoMax Beton”, “Texnoprogress” корхоналари масъуллари ва бошқа хусусий тадбиркорлар иштирокида “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Натижада ишлаш иштиёқида бўлган 7 нафар шахс ишга йўлланма олган бўлса, 1 нафари “Ишга марҳамат” мономаркази қошидаги ўқув курсларида ўқиш истагини билдирди.Соғлиғини тиклаш бўйича мурожаат қилган 17 нафар пробация ҳисобида бўлган шахслар туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга тегишли муолажа ҳамда зарур тиббий тавсиялар берилди. Бу тадбир жамиятимизда ҳеч ким - ҳатто у нотўғри хатти-ҳаракати билан ўз номига доғ туширган бўлишига қарамай, тўғри йўлга кириш истагида бўлганларга кўрсатилиши зарур бўлган инсонийлик намунасидир.

25 Март 2025 йил

148

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading