Тезкор хабар

“Хавфсизлик меъёрларини бузган ҳолда газ билан тўлдирилган ҳаво шарларининг портлаши оқибатида ёш бола оғир жароҳатлар билан шифохонага етказилди” – агарда ишлатилиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг савдоси ИИО ходимлари томонидан тўхтатилмаганида, юқоридаги каби хабарларни интернет тармоғида тез-тез учратиб турган бўлардингиз.

Интернет тармоғида ички ишлар органлари ходимлари кўчадаги савдогарлардан ҳаво шарларини тортиб олишаётгани туширилган видео тарқалди. Видео остида муаллифлар ИИББ ходимларини савдогарларнинг пул ишлаш ниятини тушунмасликда айблаб, ўзлари мазкур соҳада кенг тарқалган қоидабузарликларни, хавф ва оқибатларини тушунмасликларини намойиш этдилар. 

Мазкур видео Шайхонтоҳур туманида олинган. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари савдогарлардан ҳаво шарларини олиб, уларни учириб юборишларининг сабаби – мазкур шарлар ёнувчи газ билан тўлдирилганидадир. Агарда бу каби шар хонада ёки бошқа ёпиқ майдонда портлаб кетса, унинг яқинидаги одамларга жиддий куйиш ва бошқа жароҳатлар етиши мумкин.    

Жаҳон амалиётида ҳаво шарларини гелий билан тўлдириш тавсия этилади – бу инерт, заҳарли бўлмаган, ёнмайдиган ва нисбатан хавфсиз газ тури ҳисобланади. Аммо у арзон эмас, шу сабабли бир қатор сотувчилар тежаш мақсадида шарларни метан ёки водород билан тўлдириб, шарларни маълум вақтга келиб портлайдиган бомбага айлантиришади. Портлашга сабаб бўлувчи омиллар кўп – торт устида ёниб турган шам, сигарет, маиший техникадан чиқиши мумкин бўлган учқун... Шу вақтда шар олдида қанча кўп одам ва шарлар бўлса – оқибати ҳам шунчалик аянчли бўлиши мумкин.

Илгари биз ҳаво шарлари портлаши оқибатида юз берган мудҳиш ҳодисалар ҳақида хабар берган эдик. Улар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиб чиқишингиз мумкин:

https://iibb.uz/uz/news/enuvchan-gaz-bilan-tldirilgan-avo-sharlari-bjicha-shimcha-malumot,

https://iibb.uz/uz/news/gaz-bilan-tldirilgan-gazlardan-etiet-bling,

https://iibb.uz/uz/news/havfli-sharlar.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Сиздан ҳаво шари олишда ва ундан фойдаланишда жуда эҳтиёт бўлишингизни сўраймиз. Гелий билан тўлдирилган шар харид қилаётганингизга ишонч ҳосил қилинг, хавфсизлик техникаси билан танишиб чиқинг (айниқса болалар учун уюштирилган байрамларда). Унутманг, бошқа “енгил” газ осон ёниб, ёнғин ва жароҳатларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек эслатиб ўтамиз: ҳаво шарлари яқинида, айниқса ёпиқ жойда бўлганингизда (шу ўринда автомобилда ҳам) сигарет чекманг.