ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Хайрли ишнинг кечи йўқ

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, содир бўлишига йўл қўймай олдини олиш орқали ҳудудларда тинчлик-осойишталикни сақлаш, маҳалла аҳлининг тинч-тотув яшаши, меҳнат ва ижод қилиши учун барқарор шарт-шароитлар яратиш мақсадида, пойтахт ИИББнинг жойлардаги тизимлари томонидан қатор амалий ишлар бажариб келинмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан жорий йилнинг январида қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилиб, ижроси таъминланмоқда. Шайхонтоҳур тумани “Маннон Уйғур” маҳалласида ушбу қарор ижросини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил шахсларни аниқлаш баробарида, аҳолининг эҳтиёж ва турмуш шарт-шароитлари ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Хусусан, туман ИИО ФМБ раҳбарияти, маҳалла еттилиги ва масъуллар ҳамкорлигида ҳудуддаги 16 та хонадон ўрганилди. Ўрганиш жараёнида вақтинча ишсиз бўлган 2 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 2 нафарининг яшаш шарт-шароитларини яхшилашда ёрдам кўрсатиш учун ижтимоий реестрга киритилди. Сиҳат-саломатлигини тиклашга муҳтож бўлган 4 нафарига эса тиббиёт муассасасига йўланмалар ажратилди. 7 нафар шахслар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Маҳаллада истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони бўлган 1974 йилда туғилган Р.Раҳматов моддий ёрдамга муҳтож бўлганлиги сабабли ижтимоий реестрга киритилди. Ўз уйида новвойчилик билан шуғулланиш истагини билдирган Шофайзи кўчасида яшовчи 2004 йилда туғилган А. Комиловнинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, фойдали меҳнат билан банд қилинди. “Камбағаллик реестри”да рўйхатда турган Мирзо Улуғбек кўчасида яшовчи 1982 йилда туғилган Ҳ. Абидова моддий қўллаб-қувватланса, ўз уйида косметология хонаси ташкил этиш истагини билдирди. Аёлга ўз-ўзини банд этиши учун пул маблағи ажратилиб, мазкур реестрдан чиқарилди. Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш мақсадида бу каби хайрли ишлар туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом эттирилмоқда.

26 Феврал 2025 йил

40

Бир-бирини жарга етаклаганлар

2024 йилнинг 4 март куни Сардорхон “Ҳамид Олимжон” метро бекати ёнида бекорчиликдан айланиб юраркан, банкомат олдида турган М.Улуғбекнинг ёнига келиб, унга нақд пул кераклиги, ўрнига “Click”иловаси орқали пластик картасидан пул ташлаб беришига ишонтириб, 400.000 сўм пулни қўлга киритди-ю жабрдийданинг ҳай-ҳайлашига қарамай жуфтакни ростлади. У жиноий қилмишларини давом эттириб, энди шериклариниям жалб қилди. 10 март куни соат 21.00 ларда танишлари Жонибек, Жаҳонгир, Отабеклар билан тил бириктириб, Яшнобод тумани “Машинасозлар” маҳалласида “Treker” автомашинасида бекорчиликдан зерикишиб айланиб юраркан, кўчада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ёлғиз кетаётган У.Сарварнинг йўлини тўсишди. Биргаликда машинадан тушиб, уни ўлдириш билан қўрқитиб, ёнида бўлган 2 500 000 сўм пулини талон-тарож қилишди. Қўлга киритган пулларни тўрт оғайни ўз кайф-сафосига сарфлашди. 24 март куни соат 17.30 ларда “Олмазор” метро бекати ёнида йиғилишган тўртовлон банкомат орқали пластик картасидан пул ечаётган Неъматжондан 300.000 сўм нақд пул бериб туришини, ўрнига пластик картасига пул ташлашни ваъда қилиб, унинг 300.000 сўм пулини олиб қочиб кетишади. ИИО ходимлари томонидан ушбу жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, улар суднинг курсисида содир этган жиноятлари учун қонун олдида жавоб беришди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1999 йилда туғилган Т.Сардорхон ва унинг тенгдоши муқаддам судланган Э.Жонибек, 1998 йилда туғилган муқаддам судланган Б.Жаҳонгир ва Ҳ.Отабекларнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқди. Т.Сардорхон Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) 168-моддаси 1-қисми (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилди ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Э.Жонибек Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (“Талончилик”) билан айбли деб топилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига, Б.Жаҳонгир Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (“Талончилик”) билан айбли деб топилиб 3 йилга озодликни чеклаш, Ҳ.Отабек шу кодекснинг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) билан айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. – Муқаддам судланмаган Т.Сардорхон юқоридаги фирибгарлик хатти-ҳаракатини содир этиб, муқаддам судланиб, қамалиб чиққан уч курсдошларининг ёнига бориб “қаҳрамонлиги” ҳақида мақтангани, бундан илҳомланган дўстлари даврасида яна бир талончиликка биргалашиб қўл уришганини кўриш мумкин, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шаҳзод Турдиматов. – Ақл-ҳушини йиғиб олмаган гумроҳлар яхши, савоб ишлари, кимгадир кўрсатган беғараз ёрдами билан эмас, кимнидир қақшатгани, чув туширгани билан ҳаволаниши ақлга сиғмайди. Қилғиликни қилиб бўлиб, жазоланиши муқаррар бўлгач, қандай йўл билан бўлса-да озодликда қолиш илинжида айбни бир-бирига ағдаришини тасаввур қилинг-а! Шу ўринда ҳақли бир савол туғилиши табиий. Наҳотки, тўрт нафар куч-қувватга тўлган, ишлаб чарчамайдиган ёшда бўлган бу навқирон йигитларнинг ақалли бири “Ҳой тўхтанглар, нималар қиляпсиз?! Бунинг охири вой. Бу – жиноят!”, деб қайтармаган. Ҳолбуки, жиноят нима эканлигини улардан уч нафари жуда яхши билган. Ёмонга яқин юрсанг қораси юқар, деганлари бундан ортиқ бўлмаса керак. Хулоса чиқариш сизлардан.

25 Феврал 2025 йил

60

Қарор ижроси – амалда. Мирзо Улуғбек туманида амалга оширилаётган ишлар

Президентимиз томонидан жорий йилнинг январида юртимиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича қабул қилган қароридаги белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича пойтахтимиз Ички ишлар бош бошқармаси тасарруфидаги барча ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи тизимларда қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, куч ва воситаларни жалб қилиш, тўғри ва манзилли тақсимлаш, ижро самарадорлигини ошириш бўйича ишлар жадаллаштириб юборилди. Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ раҳбарияти куни кеча туманда жойлашган 64-сонли умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари билан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мавзусига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бошқарма бошлиғининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари, майор Дилшод Исмаилбеков, 3-сонли ИИБ бошлиғи майор А.Камбаровлар ўқувчиларга диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг аянчли оқибатлари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган маданиятимиз, қадриятларимизга ёт, бузғунчи ғояларга алданиб қолмаслик ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида огоҳлантириш, тушунтиришлар беришди. Йиғилиш сўнгида ўқувчи ва маърузачилар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Фарход Жабборов иштирокида туманда жойлашган Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида таҳсил олаётган талабалар билан учрашуви ҳам ёшлар ўртасида қайд этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар таҳлилига қаратилди. Жумладан, рақамли технологияларнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши натижасида интернет тармоқларида бузғунчилик ва залолатга даъват қилувчи турли ҳавола ва гуруҳларнинг тўрига илинмаслик, гиёҳвандлик, уларни тарқатиш ёки граффити орқали мўмай пул топиш васвасасига тушмаслик, буларнинг охири жавобсиз қолмаслиги ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида сўзлади. Шунингдек, кибержиноятлар, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган фирибгарликлардан огоҳ бўлиш, тенгдошларини ҳушёрликка чақириб, биргаликда бу ва бошқа жиноятларга қарши курашишга чақирди. Талабалар маърузачини диққат билан тинглаб, учрашув сўнгида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига қониқарли жавоблар олишди. Бу каби профилактик тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида давом этмоқда.

25 Феврал 2025 йил

76

Халқ соғлиғи – юрт бойлиги...

... деб бежизга айтилмаган. Соғлом халқгина соғлом келажакни яратишга қодир. Шу боис юртимиз аҳолисининг соғлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш борасида Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси амалга ошириб келинмоқда. Юқоридаги меъёрий ҳужжатларда кўрсатилган бандларнинг талаблари Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ҳам мунтазам равишда ижро этиб келинади. Тошкент шаҳар ИИББ таркибий тузилма ва ҳудудий бўлинмалар, Миллий гвардия Тошкент шаҳар “Қўриқлаш” бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ўртасида шу йилнинг 25 январидан 20 февралига қадар спортнинг волейбол ҳамда стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилди. 17 та жамоалар таркибида қатнашган 180 га яқин спортчилар ғолиблик учун беллашишди. Мусобақанинг дастлабки саралаш босқичлари Бош бошқарманинг Юнусобод туманида жойлашган спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Муросасиз ва шиддатли кечган бу баҳсларда Миллий гвардия “Қўриқлаш” бошқармаси, Бош бошқарма марказий аппарати, ППХБ, ЙҲҲБ терма жамоалари барча рақибларидан устун келиб, финал ўйинларига йўлланмани қўлга киритишди. 20 февраль куни ИИВ “Жар” спорт мажмуасида ушбу мусобақаларнинг сўнгги тур ўйинларига старт берилиб, ғолиблар аниқланиб, уларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўйинларда маҳорат, абжирлик, чаққонлик кўрсатган жамоалар ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди ва якуний ҳисобларга кўра: ярим финал баҳсларида Тошкент шаҳар ИИББ аппаратини 3:0 ҳисобда мағлуб этган Миллий гвардия “Қўриқлаш” бошқармаси терма жамоаси фахрли 3-ўринни эгаллади. 2-ўрин Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ терма жамоасига насиб этган бўлса, финал баҳсларда ИИББ ЙҲХБни 3:2 ҳисобида мағлуб этган Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ жамоаси шоҳсупанинг 1-поғонасига кўтарилди. Ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Волейбол федерацияси ва “Динамо” ЖТСЖ кенгаши томонидан тегишли диплом, медаллар ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, мусобақада биринчиликни қўлга киритган Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ жамоасига махсус кубок тақдим этилди. Шиддатли ва қизғин давом этган стол тенниси мусобақасида эса Миллий гвардия “Қўриқлаш” бошқармаси, шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан ташкил топган 16 та терма жамоалар таркибида жами 50 нафарга яқин спортчилар қатнашишди. Муросасиз кечган беллашувларда ҳар бир спортчининг хатти-ҳаракатлари ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланиб борилди. Ўзаро куч синашиш натижасида сараланиб, мусобақанинг финал босқичига етиб келган энг кучли спортчилар кескин баҳсларда шиддатли, ҳал қилувчи жангга киришдилар ва қуйидаги натижаларни қайд этишди. Яккалик баҳслари бўйича 1-ўрин Миллий Гвардия “Қўриқлаш” бошқармаси инспектори, сафдор С.Мирзамахмутовга; 2-ўрин Сергели тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисми катта инспектор навбатчиси, майор Ш.Ҳамроевга; 3-ўрин Тошкент шаҳар ФВБ ходими оддий аскар А.Илҳомовга насиб этди. Жуфтлик баҳсларида 1-ўринни Тошкент шаҳар ЙҲХБ (Д.Иноятов, Э.Отажонов) терма жамоаси; 2-ўринни Миллий гвардия “Қўриқлаш” бошқармаси (С.Мирзамахмутов, Ф.Абдуллаев) жамоаси; 3-ўринни Тошкент шаҳар ФВБ (А.Илҳомов, Э.Қурбонов) жамоаси эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирландилар.

25 Феврал 2025 йил

100

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading