ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Раҳбарлар қарорларни амалиётга татбиқ этмоқда

Куни кеча Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари, шаҳар бошқарма ва ташкилотлари ҳамда Янгиҳаёт тумани ҳокими, ИИО ФМБ бошлиғи бошчилигида тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда туман ҳудудида жойлашган йирик савдо мажмуасидаги бўш турган савдо объектларини ишга тушириш орқали янги иш ўринлари, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Унда тадбиркорларнинг ушбу йўналишдаги таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Тошкент шаҳар прокурори томонидан савдо мажмуасидаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шунингдек, туман ҳокими бошчилигида ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини самарали ташкиллаштириш, мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган кенгайтирилган йиғилишда ҳоким ўринбосарлари, туман прокурори, ИИО ФМБ бошлиғи, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” иштирок этди. Унда мазкур жараённи амалга ошириш тартиби, босқичлари, белгиланган муддатларда тўлиқ, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур тадбир, унинг натижалари келгусида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишда муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Жараён давомида қонунчиликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилди. Шунингдек, туманнинг “Чортоқ” маҳалласида жойлашган Маданият марказида ўтказилган йиғилишда туман маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш борасида чора-тадбирларни белгилаб олиниши ҳамда унинг ижросини таъминлаш мавзуларига эътибор қаратилди. Йиғилганларга Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб унинг ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Туман ички ишлар ходимлари, масъуллар томонидан қарорнинг ижроси қандай таъминланаётганлигини назорат қилиш мақсадида туман ИИО ФМБ 1-сонли ИИБда хизмат олиб бораётган ходимларнинг тунги фаолияти, “Чоштепа” ЙПХ маскани ходимлари хизмат фаолияти, 329-ўрта таълим мактабидаги хавфсизлик ҳамда “Қўриқлаш” пультининг нуқсонсиз ишлаши, туман Халқ таълими бўлимидаги ўқув муассасаларида қишки мавсумга тайёргарлик штаби фаолияти текширилди. Текширувлар натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Йиғилиш давомида туман ҳокими аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни давлат аҳамиятига эга эканлиги, унга масъулият билан ёндашиш лозимлиги, унинг тўлиқ ҳамда самарали ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Бу каби пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали қонунбузилишларига барҳам беришга йўналтирилган ишлар барча туманларда давом эттирилмоқда.

29 Январ 2026 йил

115

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс чет эл фуқаросига носвой чекишни таклиф қилаётганлик ҳолати акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган текширув жараёнида қуйидагилар маълум бўлди. Жорий йилнинг 25 январь куни Чилонзор туманида жойлашган истироҳат боғларининг бирида, 2006 йилда туғилган М.К. чет эл фуқаросига носвой тамаки маҳсулотини чекишни таклиф қилган ҳолда уятли сўзлар билан сўкиниб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан М.К.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ("Майда безорилик") билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

29 Январ 2026 йил

2241

Президентимиз Тошкент шаҳри қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди. Мамлакатимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда мол-мулки дахлсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, илғор хорижий тажриба асосида замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментига қўйилган асосий вазифалардан бири ҳам айнан шу саналади. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилдаги тегишли фармон ва қарори ижроси доирасида Қўриқлаш департаменти Миллий гвардиядан ички ишлар органлари тизимига ўтказилди. Ушбу фармон ва қарорда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида аниқ режалар ишлаб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилди. Техник қўриқлашни ташкил этиш ва аҳолига техник қўриқлаш хизматларини кўрсатишнинг янги тизимлари жорий этилди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг йўлакларига “ташвиш” тугмаларини ўрнатиш орқали қўриқлаш нарядларининг қамрови остидаги хонадонлар сони кескин оширилди, ҳимоя ордери берилган аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш амалиёти йўлга қўйилди. Объект ва хонадонларни қўриқловга олиш ишларида ички ишлар органларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилди. Натижада қўриқланаётган объектларнинг сони йил давомида 99 фоизга, қўриқдаги хонадонларнинг сони эса 118 фоизга ошди. Техник қўриқлаш марказларининг сони 19 фоизга, уларга хизмат кўрсатувчи тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг сони эса 15 фоизга ошди. Давлатимиз раҳбари хизмат биноси ҳовлисида хизматда қўлланилаётган махсус техника воситалари, дронлар манёври, жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспорт воситаларини кўздан кечирди. Сўнг қўриқлаш техника воситаларининг кўргазмали тақдимоти билан танишилди. Бу ерда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилдаги тегишли қарори билан белгиланган аниқ механизмлар амалиётга жорий этилиши натижасида республика миқёсида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Кўргазма майдончасида юридик ва жисмоний шахсларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган видеокузатув тизимлари ҳамда турли хил камераларнинг реал вақтда ишлаш жараёни намойиш этилди, уларнинг техник имкониятлари тушунтирилди ва амалий тавсиялар берилди. Тақдимот доирасида айланма камералар, юз қиёфасидан шахсни аниқловчи камералар ҳамда давлат рақам белгисини аниқловчи камераларнинг имкониятлари кўрсатилди. Ушбу техник воситалар маҳаллалар, жамоат жойлари, объектлар, таълим муассасалари, шунингдек, шаҳар ва туманларнинг кириш-чиқиш нуқталарига ўрнатилмоқда. Бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида ҳудудларни онлайн кузатиш, тезкор қидирув ишларини олиб бориш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишга хизмат қилувчи “Қалқон” ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган. Давлатимиз раҳбари ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Тошкент мегаполис шаҳар эканини инобатга олган ҳолда, қонунбузарлик ва жиноят омилларини мунтазам таҳлил қилиш кераклигига эътибор қаратди. “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 минг 750 та интеллектуал камера ҳамда 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими фаолият юритмоқда. Ушбу тизимлар концепциянинг асосий таркибий қисмини ташкил этади. Жорий йилда ҳам вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда интеллектуал транспорт тизимлари, автотураргоҳларни бошқариш, экологик ва сейсмологик мониторинг, шунингдек, фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва интеграциялаш ишлари давом эттирилаётгани маълум қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органларининг “Хавфсиз шаҳар” ягона платформаси техник имкониятларидан уйғун фойдаланиши натижасида бир неча юз миллиард сўм бюджет маблағлари тежалаётгани қайд этилди. “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, яратилган шарт-шароитлар натижасида Ички ишлар вазирлиги академиясида Рақамлаштириш департаменти учун замонавий талаблар асосида янги бино қурилиши бошлангани маълум қилинди. Йил якунига қадар тармоқ қамровини янада кенгайтириш, сунъий интеллект асосида камида тўртта янги тизимни платформага улаш ҳамда рақамлаштириш даражасини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилган. Президентимиз ҳозирги кунда жиноятчилик шакллари ва омиллари ўзгараётгани, аммо уларга мос тизим ва чоралар етарли эмаслигини қайд этди. Айниқса, киберхавфсизлик йўналишида жиноятлар кўпайиб бораётгани ва ушбу хавфларни бартараф этиш бўйича ишлар жадаллаштирилмаса, аҳоли учун жиддий қийинчиликлар юзага келиши мумкинлигини таъкидлади.  Бу борада салоҳиятли кадрлар етишмаслиги асосий муаммо экани, банк ва ички ишлар органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларни мунтазам ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, видеокузатув тизимларини жорий этишда уларни ўрнатадиган ва самарали бошқарадиган мутахассисларни тайёрлаш, даврий ўқувларни ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади. Шундан сўнг Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Хавфсиз кўча”, “Хавфсиз йўлак” ҳамда гастрономик йўлакларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам танишилди. Ташриф давомида Қўриқлаш хизмати ходимларини соҳа бўйича ўқитиш жараёни, профилактика инспекторлари билан ўтказилаётган амалий машғулотлар кўздан кечирилди. Давлатимиз раҳбарига Ситуацион марказ фаолияти тақдимоти орқали хавфсизликни таъминлашда замонавий бошқарув ва мониторинг тизимларининг ўрни ҳақида маълумот берилди. Ситуацион марказ Қўриқлаш хизматининг бўлинмалари ҳаракатларини назорат қилиш, мониторингини юритиш, тезкор ва фавқулодда вазиятларда Қўриқлаш хизмати куч воситаларини бошқариш, йўналтириш ва онлайн кузатиш мақсадида ташкил этилган.

27 Январ 2026 йил

4646

Интерактив хизматлар

Text to speech