“Саховат ва кўмак": Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳар доимо одамлар билан бирга ва уларга ёрдам беришга тайёрлар

Карантин кунларда пойтахт ИИББ ходимлари қийин шароитда қолган фуқароларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдалар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати давом этиб, унда пойтахт ИИББ ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Шу кунларда Бектемир тумани ИИО ФМБ ходимлари хайрли ишларни давом эттирган ҳолда мазкур туманда яшовчи оилалардан хабар олишди. “Aбай”, “Ҳусайн Бойқаро”, шунингдек “Бектемир” маҳаллаларида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга манзилли ёрдам берилди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда профилактика хизмати ходимлари коронавирус пандемияси туфайли даромадларини йўқотган оилаларга ҳисобига пул кўчирилган пластик карталарни тарқатишди.

ИИО ФМБ ходимлари карталарни тарқатар эканлар, фуқароларнинг шароитлари билан қизиқдилар. Баъзи муаммолар жойларда ҳал этилди. Кўплаб бектемирликлар ички ишлар органлари ходимлари ташриф буюрганларидан фойдаланиб, уларга қонунчилик билан боғлиқ саволларини беришди. Ходимлар уларга мамнуният билан маслаҳат бердилар. Фуқаролар ўз навбатида, пандемия даврида кўрсатилаётган ёрдам учун ходимларга миннатдорчилик билдирдилар.