ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Масъулиятсиз ота

Одатда фарзандли бўлган оталар ўз манфаатлари, ҳузур-ҳаловати, тинчлигидан кўра фарзандлари бахт-иқболи, саодати ҳақида қайғуришади. Авваллари ҳаралла-таралла юрган бўлса-да, фарзанди дунёга келгач, ақл-ҳушини йиғиштириб олади, ўз хатти-ҳаракати, юриш-туришига эътибор беради. Баъзи номақбул ишлардан ўзини тияди. Ҳар ишда фарзандларига ўрнак бўлишга интилади. Ўғил-қизларининг ўзгалар олдида беҳурмат ва ўксик бўлишини хоҳламайди. Бу ота-боболаримиздан мерэос одат деймизми, оталик вазифаси, қоидаси деймизми, ҳар ҳолда катта масъулият эканлиги аниқ. Бироқ ҳамма оталар ҳам ундай эмас. Буни 1992 йилда туғилган тўрт нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси бўлмиш Мавлонжон мисолида кўришимиз мумкин. “Қаҳрамон”имиз муқаддам 2012 йилда босқинчилик жинояти учун 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Аммо 2014 йилда эълон қилинган амнистия қарорига кўра муддатидан олдин жазодан озод қилинган. Бироқ бундан ўзига керакли хулоса чиқармаган Мавлонжон 2016, 2018, 2022 йилларда безорилик, гиёҳванд моддалари истеъмоли, ўғирлик каби жиноятларни содир этиб, хавфли ретсидивцист мақомини олганлигига қарамай, тавба қилиб, тузалиш йўлини танламади. У 2023 йилнинг 11 мартида куни билан уйда ўтириб, кеч соат 19.00ларда кўчага чиқди. Сергели бозорига бориш учун такси тўхтатди. 1992 йилда туғилган Баҳром бошқарувидаги “Spark” автомашинасининг олд ўриндиғига ўтириб, ҳайдовчи билан энди суҳбатни бошлаган ҳам эдики, 300 метр ҳам юрмай тушьиб қолишини айтди. Баҳромжон ғалати йўловчининг ғалати қилиғидан ҳайрон бўлиб, йўлида давом этди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас оиласига қўнғироқ қилиб, кечроқ боришидан огоҳлантирмоқчи бўлганида, янги 2.500.000 сўмлик “Samsung A 32” уяли телефонини тополмай қолди. Ана шундагина ғалати йўловчисининг шошилиб йўлда тушьиб қолгани сабабини фаҳмлади. Вақтни бой бермай Учтепа тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилди. Мавлонжон эса ўғирлаган телефонни ўзимники дея ишонтириб, бегона шахсга 700.000 сўмга сотиб юборди. – Мавлонжон ўз жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида, телефонни топиб олганлигини рўкач қилди, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Исмоил Ғаффоров. – Бироқ унинг баҳонаси ўтмади. Далиллар олдида айбини тан олишга мажбур бўлди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида Р.Мавлонжоннинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

23 Декабр 2024 йил

46

Ёлғон важлари фош этилди

“Мен 1961 йилда туғилган Т.Равшанбек 2022 йилнинг 20 февралида танишим П.Бобуржонга ўзим боқиб келган қорамолимни қушхонада сўйдириб, тарозида 550 килограмм чиққан гўштининг ҳар килосини 75.000 сўмдан баҳолаб, жами 41.250.000 сўмни икки ой ичида беришни ваъда қилган П.Бобуржонга сотдим. Бироқ у шу кунгача пулини бермай келмоқда. Пулимни олишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. 2022 йил 11 май. имзо”. Бу Равшанбекнинг Сергели тумани ИИО ФМБга ёзган аризасидан кўчирма. – Қорамол гўштини сотиб икки ой ичида юқорида кўрсатилган пулни беришни ваъда қилган П.Бобуржон муқаддам 2018 йилда фирибгарлик жинояти содир этиб, судланган, – дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант А.Болтаев. – Тергов жараёнида гўштнинг пулини бермоқчи бўлганлигини, аммо дори-дармонга пулларни сарфлаб юборганини айтиб, қилмишини оқлашга уринди. Агар унинг нияти беғараз бўлганида у Равшанбекнинг қўнғироқларидан қочмай, унга вазиятни тушунтириши лозим эди. Бироқ, унинг ёлғонлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган Бобуржоннинг қилмишини кўриб чиқди. Суд жазо турини тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган зарар миқдорининг қопланганлиги, жабрланувчининг судланувчига нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъволари йўқлигини инобатга олди. Буларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Суд Бобуржонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (Фирибгарлик) билан айбли деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари, яъни 81.000.000 сўм жарима жазосига ҳукм қилди.

21 Декабр 2024 йил

202

Интерактив хизматлар

Text to speech