Ижтимоий тармоқларда “Пахтакор” стадионида ўтказилган футбол мусобақасида томошабинлар томонидан стадионга тош отиш ҳолатлари кузатилганлиги, натижада бир нафар шахс жароҳатланганлиги ҳакидаги хабарлар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 11 июнь куни соат 21.00да Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” стадионида Осиё кубоги ўйинлари доирасида 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат «Ўзбекистон» ва «Ироқ» терма жамоалари ўртасидаги футбол ўйини бошланган. Ўйиннинг 12 дақиқасида ўйин ҳаками томонидан “Ўзбекистон” терма жамоасининг дарвозабонига қизил карточка кўрсатилиб 11 метрлик жарима тўпи белгиланганда, мухлислар норози бўлиб, стадионга ташриф буюрган айрим томошабинлар пластмасса сув идиши ва стакан, оёқ остидаги бетон парчаларини стадионга улоктирган. Натижада стадионда фотомухбир булиб хизмат олиб бораётган фуқаро 1992 йилда туғилган Ж.С. қорин бўшлиғидан жароҳат олган. Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган, унинг аҳволи яхши бўлганлиги сабабли шу куни касалхонадан чиқиб кетган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда. Текширув давомида жамоат тартибини бузган 47 нафар шахслар аниқланиб, уларнинг 6 нафари: 1998 йилда туғилган А.Фахриддин, 1991 йилда туғилган Т.Сарвар, 1984 йилда туғилган Б.Тўхтамурод, 2003 йилда туғилган Ж.Бехзод, 2002 йилда туғилган В.Мехрож, 1998 йилда туғилган Х.Аброрларга суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бундан ташқари 10 нафар фуқаро 10 сутка маъмурий қамоқ, 3 нафари жарима жазосига тортилган, 28 нафарига нисбатан суриштирув давом этмоқда. Шунингдек, фуқаро Ж.С. унга нарса отган шахсга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилиб ва ариза ёзишдан бош тортган.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Пойтахтимизда ўтказилаётган футбол бўйича Осиё кубоги - нуфузли халқаро спорт мусобақаси ҳисобланади. Бу каби спорт мусобақаларида жамоат тартибига риоя этмаслик нафақат спортчиларимиз, балки Ўзбекистон обрўсига путур етказиши мумкинлигини унтуманг. Сизлардан мухлислик маданиятига амал қилишингизни ва жамоат тартибига қатъий риоя этишингизни сўраймиз.