ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Эзгулик ва меҳр-мурувват айёми: пойтахт Ички ишлар бош бошқармасида Наврўз байрами нишонланди

Шу кунларда Ватанимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида халқимизнинг севимли байрами – Наврўз айёмига бағишланган тадбирлар кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Анъанага кўра байрам тантаналари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ҳам кенг нишонланди. Тадбирни Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев Ички ишлар вазирининг Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттириш билан очиб берди. Хусусан, Вазиримизнинг буйруқлари билан сидқидилдан ва фидойи хизматлари учун ўттиздан ортиқ, пойтахт ИИББ бошлиғи томонидан бир юз элликдан зиёд ходимлар турли мукофотлар билан рағбатлантирилганини мамнуният билан қайд этиб ўтди. Маърузаси сўнггида Р.Султанходжаев барча ходимларга эзгу тилаклар билдириб, келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилади. Пойтахт ИИББ шахсий таркибининг айниқса аёл-ходималарнинг ушбу байрам тадбирига катта тайёргарлик кўришганини уларнинг миллий либосларда, миллий таомлар: кўк сомса, кўк чучвара, турли баҳорий ширинликлар билан безатилган байрам дастурхонининг мўл-кўллигидан билиш қийинмас. Байрам доирасида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида турли спорт мусобақалари, қизиқарли миллий ўйинлар намойиш этилди. Тантанада ташкиллаштирилган беллашув ва мусобақаларда ғолиб бўлганлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Тантаналар давомидаги хонанда ва созандаларнинг шўх куй-қўшиқлари, гўзал рақслари шодиёнага янада тантанаворлик бағишлади. Бу каби байрамлар ходимларни бирлаштириб, кўтаринки кайфият бағишлаб, келгуси хизматларига руҳлантиришга хизмат қилади.

25 Март 2026 йил

64

Намунали ишлаётган ходимлар рағбатлантирилди

Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади. “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида пойтахт ИИББ соҳавий хизматларида сидқидилдан хизмат вазифаларини бажариб ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар мукофотланди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев томонидан ўтказилган тадбирда ЙҲХБ, ППХ ҳамда профилактика инспекторларининг фидойи хизматлари навбатдан ташқари унвонлар, пул мукофотлари, ташаккурномалар билан эътироф этилди. Шундай тадбир пойтахтимизнинг Сергели туманида ҳам ташкил этилди. Туман ИИО ФМБ шахсий таркиби иштирокида ўтказилган байрам тадбирида туман ҳокими, прокурори ҳамда туман ИИО ФМБ раҳбарияти қатнашди. Унда сўзга чиққанлар шахсий таркибни байрам билан муборакбод этиб, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ходимларга Damas ва Cobalt хизмат автомашиналари хизматда фойдаланиш учун топширилди. Бу каби тадбирлар ИИО ходимларининг янада шижоат билан ишлашига, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида намунали хизмат қилишига ундаши шубҳасиз.

24 Март 2026 йил

231

Ижтимоий тармоқлардаги найранглар фош этилмоқда

Рақамли технологияларнинг кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жадал суръатда кириб келиши тараққиётимиз ва ривожланишимизда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг билан бирга унинг кенг имкониятлари, афзаллик, ижобий томонларидан нопок кимсаларнинг ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишларини ҳам инкор этиб бўлмайди. “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги доирасида пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида тегишли лицензияга эга бўлмай, қонунга хилоф равишда крипто-активлар савдоси билан шуғулланиб келаётган, 2002 йилда туғилган М.Аброр ҳамда 2004 йилда туғилган З.Боисхонларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. Шайхонтоҳур туманидаги яшаш манзилида қўшимча қурилмалар ва дастурий воситалар ёрдамида ижтимоий тармоқларда махсус сайт очиб, ноқонуний криптовалюталар айланмаси билан шуғулланиб келган бу икки йигит 2025 йилнинг июль ойидан 2026 йилнинг январига қадар 793.000 USDT крипто-активлар айланмасини амалга ошириб келганлиги аниқланган. Кибержиноятчилардан 1 дона компьютер жамланмаси, 22 дона уяли телефон аппаратлари, 3 дона SIM карта, 229 дона турли банкларга тегишли пластик карталар холислар иштирокида, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-прим 8 (“Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш”) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

24 Март 2026 йил

679

Интерактив хизматлар

Text to speech